Эри топармон-тутармон эди. Аёл "Тежаб-тергаб ишлатайин, болаларимга асқотар, борини ишлатаверсам, эрта-бир кун тегирмоннинг суви қуриса, болаларимнинг куни эски-тускиларга қоладими?" деган ўйда янгиларни асраб қўйиб, йиртиқни ямаб, эскини авайлаб ишлатарди. Қаторлаб пойдеворлари баланд уйлар қурдиришди. Чиройли таъмирлаб, жиҳозлаб қўйиб, ўзлари ошхона олдидаги айвонда тиқлишиб ўтиришарди.
Бедаво дардга чалинди. Сандиққа солиб қўйган янги матосидан либос киймай, жавондаги янги идиш -товоғидан овқат емай, уста боқиб, емай-ичмай тиклаган ҳашаматли уйларида оёқ узатиб ўтирмай вафот этди.
Вафотига йил тўлиб-тўлмай эри уйланди. Марҳума сандиғига солиб, яхши кунларга атаб қўйган матолардан эркакнинг янги аёли — кундоши ранг-баранг либослар тиктириб кийди. "Болаларимнинг тўйида ишлатаман" деб олиб қўйган идиш-товоқларга кундоши қариндошларига тансиқ таомлар тортиб, зиёфатлар берди.
Аёл тежаб-тергаб, энидан-бўйидан қийиб, эскини ишлатиб, янгини авайлаб рўшнолик кўрмай ўтиб кетди. Эрининг қабатида туриб, қурдирган уйларида бошқалар ҳузур кўрди, сандиғию жавонини тўлдирган буюмлар етти ёт бегоналарга буюрди...
Кийим жавонингиздаги энг чиройли кийимингизни бугун кийинг. Энг чиройли идишингизда ўзингиз таомланинг, чой ичинг. Ўзингиз оёқ узатиб ўтирадиган уйингизни чиройли таъмирлаб, ўтиришга кўзингиз қиймаган мебеллларингизга яйраб ўтиринг. Эртага нима бўлишини ҳеч биримиз билмаймиз. Фурсат борида қўлимизда бўлган, имконимиз етган барча яхшиликларни аввало ўзимизга қилайлик. Чунки умр қиссасининг охирида ҳамма ўзидан узр сўрайди...
✍️
@umidaaziz