Вилоятдаги 85 та маҳаллага илк бор оқар сув кириб борди
Муротжон Азимов: Ҳар бир томорқа, ҳар бир қудуқ – оилаларнинг фаровон ҳаёти учун очилган эшикдирМуҳтарам Президентимиз томонларидан белгилаб берилган янги тизим асосида Қашқадарё вилоятида аҳоли томорқаларидан ҳамда ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумот ўрнида, вилоятда 612 минг та хонадонларда ҳар йили экин экиладиган 66 минг гектар томорқа ер майдонлари мавжуд.
Вилоятда йилига 3 марта ҳосил оладиган хонадонлар сони 35 фоизга, 2 марта ҳосил оладиганлар эса 70 фоизга етганлиги бу борада юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижасидир.
Жорий йилда ҳам аҳоли томорқаларида 21 минг гектар сабзавот, 11 минг гектар полиз, 7 минг гектар картошка, 9 минг гектар дуккакли экинлар, 2 минг гектар мойли экинлар ва 13 минг гектар бошқа баҳорги (эртаки) экинлар экиш ҳисобига 900 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириб, халқимиз дастурхонига етказиб бериш режалаштирилган.
Шунингдек, муҳтарам Президентимизнинг ўтган йили қабул қилинган ПҚ-330-сонли қарорига асосан вилоятдаги оғир тоифадаги 90 та маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш учун
299 млрд. 500 млн. сўм миқдорида маблағ йўналтирилганлиги ушбу маҳаллалар аҳолисининг турмуш шароити тубдан ўзгаришига замин яратмоқда.
Жумладан, бугунги кунга қадар оғир тоифадаги
85 та маҳаллада аҳоли томорқа ер майдонларини суғориш тизимини йўлга қўйиш учун учун ажратилган 142 млрд. 528 млн. сўм маблағ ҳисобидан 39 та насос ўрнатилди, 163 та артезиан қудуқ қазилди, 70.2 км тармоқ тортилди, 26.5 км лоток ўрнатилди, 97.2 км ариқлар бетонлаштирилди ва натижада 36 минг 936 та хонадонларнинг жами 10 124 гектар томорқалари оқар сув билан таъминланди.
Энг қувонарлиси, сув насослари қуёш панеллари орқали қувватлантирилгани ҳисобига аҳоли насосга ишлатилган электр энергиясига ҳам пул тўламайди.Мисол учун, Нишон туманидаги “Ширинобод” маҳалласи. Ушбу маҳаллага шу кунгача бир томчи оқар сув етиб бормаган. Шу боис одамлар томорқасида экин етиштириш тугул бирорта кўчатни ҳам ўстириш имконига эга бўлмаган. Давлатимиз раҳбари яратиб берган имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳаллага янги сув насоси ўрнатилиб берилди. Экин майдонларига сув етиб бориши учун маълум масофага бетон латоклар ҳам ётқизилди. Маҳаллага 3 млрд. сўмдан ортиқроқ ажратилган маблағ эвазига 1,5 километр лоток ўрнатиш, 200 метр металл қувур ётқизиш, битта насос ва трансформатор қуриш, 2 километр асфальт ётқизиш, 4 километр шағаллаштириш ишлари бажарилди. Маҳалла аҳолиси бундан миннатдор. Бу каби мисоллар жуда кўп.Шу билан бирга, тижорат банклари билан биргаликда ижара асосида ажратилган жами
544 гектар ер майдонида
“Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида юқори даромадли экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича
49 та намунавий лойиҳалар ишга туширилди.
Оғир тоифадаги 85 та маҳаллада суғориш объектларининг ишга туширилиши 37 мингга яқин хонадоннинг томорқаларидан даромад олишларига ҳамда воҳамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади, албатта. Зеро, ҳар бир томорқа, ҳар бир қудуқ – оилаларнинг фаровон ҳаёти учун очилган эшикдир.Telegram|YouTube|Facebook|Instagram|X