Forward from: Nurboy Jabborov saboqlari
“ТИЛИ ПОКУ СЎЗИ ПОКУ ЎЗИ ПОК...”
Иккинчи мақола
Устоз олим академик Азизхон Қаюмов шогирдларга отадай меҳрибон эди. Шогирдлари нима билан нафас оляпти, оилавий шароити қандай, тирикчилиги қай ҳолатда кечяпти – ҳаммасини ҳис этиб турар эди. Университетни битириб, Ўзбекистон Фанлар академияси Қўлёзмалар институти аспирантурасига имтиҳон топширгач, буйруқ чиқишини (имтиҳон сентябрда ўтказилса, аспирантурага қабул қилинганлик ҳақидаги буйруқ декабрда – орадан қарийб тўрт ой ўтгач чиқарди) кутиб юрган кезларим эди. Бир куни институт эшиги олдида Азизхон ака билан саломлашсам, устоз савол бериб қолди:
– Ишни бошлаб юбордингизми?
Ҳеч нарсадан хабарим бўлмагани учун нима дейишимни билмай турсам, устоз айтди:
– Аспирантурага буйруқ чиққунга қадар ҳам оилани боқишингиз керак-ку. “Туркология” бўлимига катта лаборант сифатида ишга қабул қилинганингиз ҳақида буйруқ чиқардим. Тезда ишни бошланг.
Миннатдорлигимни қай йўсинда изҳор этишни билмас эдим. Негаки, ўша чоқда айнан рўзғор тебратиш учун маблағ топишга эҳтиёжим катта эди. Устознинг шунча кўп ишдан, институт ташвишидан ортиб ёш бир шогирдига бунчалик эътиборли бўлгани, меҳр кўрсатгани зинҳор ёдимдан чиқмайди.
Илмга эндигина кириб келаётган ёш шогирднинг муайян илмий муаммо юзасидан устоз қарашларини инкор этишга уринишини унча-мунча олим қабул қилиши маҳол. Азиз Пўлатович бу борада ҳам барчага ўрнак бўларли фазилат соҳиби эди. Номзодлик диссертациямни якунлагач, Қўлёзмалар институти илмий кенгашида муҳокама ўтказилди. Диссертациянинг асосий мазмуни юзасидан мухтасар маърузамдан кейин менга кетма-кет саволлар берилди. Билимим етганича жавоб қайтардим. Лекин бир саволни эшитиб юрагим орқага тортиб кетди. Савол эгаси менга эмас, Азиз Пўлатовичга мурожаат қилиб, фитнага монанд сўроқ ташлади. Гап шунда эдики, Фурқатнинг “Сайдинг қўя бер сайёд” мусаддасининг яратилиш тарихи ҳақида ўша пайтгача икки хил фикр мавжуд эди. Бири – асарнинг Қўқонда яратилгани ҳақидаги Пўлатжон домла қарашларига таянилган Азиз Пўлатович версияси, иккинчиси – Тошкентда яратилгани хусусидаги Шариф Юсупов талқини. Ҳар иккала устоз ўз қарашларини етарли илмий далиллаган бўлсалар ҳам, янги аниқланган маълумотлар асосида камина мусаддаснинг Фурқат Ҳиндистонда эканида ёзилгани ҳақидаги учинчи бир қарашни илгари сурган эдим. Бунинг устига, андишани йиғиштириб қўйиб, ўз фикримни энг тўғри, дея тавсия этишга журъат қилгандим. Бу уч версиянинг қайси бири тўғри экани ҳақидаги савол менга эмас, Азиз Пўлатовичга берилгани вазиятни бироз кескинлаштириши эҳтимолдан холи эмас эди. Негаки, ёш бир шогирднинг андишасизлиги домланинг ғазабини келтириши мумкин эди назаримда. Барча мажлис иштирокчиларининг диққати Азиз Пўлатовичга қаратилди. Шу пайт... устознинг қаҳ-қаҳасидан хона жаранглаб кетди. “Учала версия ҳам тўғри”, – деди домла ва бошқа саволлар бўлмаса, муҳокамага ўтиш мумкинлигини айтди... Муҳокамада диссертация ижобий баҳоланди ва табиийки, тадқиқот илмий қимматини ошириш билан боғлиқ мулоҳазалар ҳам билдирилди. Азиз Пўлатовичдаги бағрикенглик, ёш изланувчиларнинг ўз қарашларидан фарқли фикрларини ҳам қабул қила олиш маданияти бугунги кунда ва келажакда ҳам илм аҳли учун ўрнак бўларлидир. Ана шундай холислик бўлмаганда, эҳтимол, ўша “шижоатим” учун диссертация ҳимояси бир қанча йиллар орқага сурилиши, ҳатто илм дарвозалар мен учун ёпилиши ҳам мумкин эди ўша кезда. Устознинг бағрикенглиги, ҳиммати боис бундай бўлмади. Аксинча, йўлларим очилиб кетди. Давоми...
Нурбой Жабборов