“АГАР ИЙД ИСТАСАНГ ҲАР ДАМ…”Ҳазрат Алишер Навоий адабий мероси – тафаккур дарсхонаси. Буюк адиб асарлари мутолааси ўқувчини умрнинг ҳар лаҳзасини ғанимат билишга, тафаккурни мудом чархлашга ундайди. Улардан келиб чиқадиган хулоса шуки, ўтаётган ҳар бир сония камолотга хизмат қилмас экан, бундай умрга ҳайф. Бой берилган вақт – завол элчиси. Бунга рози бўлиш мукаррам зот ўлароқ улуғланган инсон учун номуносибдир. Буюк шоирнинг ҳайит мавзусига оид шеърлари ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.
Агар ийд истасанг ҳар дам, фано зайлини тут маҳкам –
Ки, бир дамда ики байрамға учрар солики фоний.
“Ийд” – ҳайит, байрам; “зайл” – этак маъноларини англатиши маълум. Ҳазратнинг талқинига кўра, инсон умрнинг ҳар дамини ийдга айлантириш имконига эга. Аввалги сатрда ифодаланган фикрни иккинчи мисрада фасоҳат ва балоғат жиҳатидан янада юксалтириш – улуғ шоир ғазалларининг бош хусусияти. “Ийд истасанг” деб бошланган фикрнинг “бир дамда ики байрамға учрар” тарзида давом эттирилиши бунинг исботидир. Байтдаги фикр якунига кўра, бунга эришмоқнинг асосий шарти фано этагини маҳкам тутмоқликдир.
Маълумки, ҳазрат Навоий асарларида ҳеч бир ҳодиса шунчаки таъриф-тавсиф этилмайди. Қайси бир мавзу қаламга олинмасин, муаллифнинг ҳаётий ва ижодий концепциясига бўйсундирилади. Бу концепция эса, таъбир жоиз бўлса, “фано” тушунчасида тажассум топади. Аёнки, Фоний тахаллуси ҳам ана шундан келиб чиқиб танланган. Ана шу концепция – фано фалсафаси ҳазрат Навоий асарларини занжир мисоли бир-бирига боғлаб туради. Асардан асарга ўтган сари мустаҳкамланиб, юксалиб боради ва “Лисону-т-тайр”да авж нуқтасига етиб, хулосаланади. Ҳайит мавзусига бағишланган юқоридаги байт ҳам бунинг далилидир. Байтнинг давоми ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди:
Навоий зору музтардур, қатил айларга дархурдур,
Жамолинг ийди акбардур, қил охир ани қурбони.
Фано фалсафасидан муддао бақога эришмоқдир. Бу мақсад Ҳақ жамоли орқали ҳосил бўлади. Ҳақиқий “ийди акбар” – улуғ ҳайит, улуғ байрам илоҳий жамолга муяссарликдир. Бу йўлда жисмнинг қатл этилмоққа дархур (лойиқ), жоннинг қурбонликка сазовор бўлиши айни муддао ўлароқ талқин этилиши сабаби шунда.
Ҳазрат Навоий “Маҳбубу-л-қулуб”да ёзишича, ҳайитни ҳар бир одам ёшига муносиб тарзда кутиб олиши зарур:
Ийд оқшоми тифл илгида чапу рост ҳино,
Ё шоҳиди шўх эгнига хаззу дебо.
Шоистадурур қари бажуз далқу асо,
Кўргузса сақолиға куларлар уқало.
Ҳайит оқшомида қўлларига хино қўйиш “тифл”, яъни ёшлар юмуши. “Хаззу дебо” – ипакли матолардан кийиниш “шоҳиди шўх” – гўзал дилбарларга ярашади. Агар “далқу асо” – дарвешларга мос кийим кийиб, асо тутиши шарт бўлган қари ана шу тарзда ясанса-чи? Бундай киши ақл эгалари ичида кулгига қолиши шубҳасиздир. Ҳаёт ҳикмати ва мантиғининг поэтик ифодасидир бу мисралар.
Улуғ мутафаккир ижодида ҳайит, хусусан қурбон ҳайити мавзусига жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, “Насойиму-л-муҳаббат”да Абубакр Мавозиний зикрида Ибн Хаббознинг Жамра яқинида бир дарвешни кўргани айтилади. Азҳо ийдида (Қурбон ҳайитида) одамлар қурбонликлари ва садақалари билан Ҳаққа яқинлашаётганини айтиб, жонидан ўзга ҳеч нарсаси йўқлигини изҳор этган дарвешнинг ажиб ҳолати зикр этилган. “Вақфия”да ҳайитнинг аввалги кунида ўнлаб қўйлар қурбонлик қилиниб, “мадраса ва хонақоҳнинг фуқаро ва масокин ва сойир суккониға улашилгани”, иккинчи кунида “йигирма ботмон эт била йигирма ботмон буғдойни ҳалим қилиб, эллик ботмон ўтмак била” тақсимлангани ҳақида ёзилган. Энг муҳими, бу асарлардаги маълумотлар ўқувчини фикрлашга ундайди; унинг ақлини чархлаб, кўнглини юмшатади, тафаккурини юксалтиради. Ҳазрат Навоий мероси тафаккур дарсхонаси сифатида барча замонларда ҳам улкан аҳамиятини сақлаб қолаверади.
Нурбой Жабборов