ЎЗИНГИЗНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛИНГ
Қараганга қараманг, хоним,
Кўзингизни эҳтиёт қилинг.
Балки энди бўлмас имконим,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.
Оч нигоҳдан ва паст назардан,
Шарманда тор қилган шаҳардан,
Узук кўзидаги заҳардан
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.
Бегонадир сизга ҳасратим,
Девонадир кўнгил ҳазратим.
Сизни мен ўзимдан асрадим,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.
Сиздан бошқа кимим бор бугун?
Дилим ҳуфтон, юрак-бағрим хун.
Бир илтимос, битта мен учун
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.
Юрагимга эгизак қизни
Ўйлаб, адо бўлдим… ҳа, сизни…
Ўзи мени танияпсизми?
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.
Сизни-ку бир тараф қўйганман,
Гуллар билан ўраб қўйганман.
Худодан ҳам сўраб қўйганман,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.
Санасангиз ҳамки етти ёт,
Эҳтиёт шарт қилдим эҳтиёт.
Жон сақладим сизни этиб ёд,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.
✍️
Иқбол МИРЗО