МЕНИНГ
КЎНГЛИМДА ЯШАЙДИ ХУДО!(Изтиробли болалик тасвирлари...)
Ҳеч Худони излаганмисан?!
Овоз чиқармай, унга айтиб-айтиб йиғлаганмисан?!
Товба, шукр, Алҳамдулиллоҳ!
Яратиқлар ичида энг кўнгилпарасти,
Энг соддаси эканинг ҳеч ўйлаганмисан?!
Биласанми, осмонга термилиб,
Худонинг уйини кўргиси келган бола эдим мен,
Ҳар кеча кўзларимни юмиб,
Бурчакка биқиниб олиб кутардим Худони.
Бола ақлим сезган ноҳақликлар ҳақида,
Ўксиклик, хўрлик, ёлғизлигим ҳақида гаплашгим келарди.
Ўртоғимнинг янги оёқ кийимига,
Қўшни боланинг ўйинчоқ машинаси меники бўлишини ҳоҳлаганимда,
Эркалангим, музқаймоқ ялагим келганида,
Ота меҳрини қўмсаганимда,
Кўзларимни юмиб, Худони излардим кўзим ичидан...
Онамнинг ҳорғин ва ғамли юзларига кулгу сўраш учун излардим Худони,
Ёрилиб, қон тепчиган бармоқларини силашини истардим Худони.
Излаб-излаб улғайиб қолдим,
Ўксиб-ўксиб улғайиб қолдим.
Ва бир куни сездимки,
Худо мен билан, менинг кўнглимда бўлган экан.
Йиқилсам суяган, очиқсам тўйдирган,
Эркалаган экан уйқуларимда...
Бир нарса мени ҳануз ўйлантиради,
Умрининг охирги лаҳзаларида, дард билан олишган Онам,
Жилмайибгина жон бердилар...
Онам кўрганмидилар кўзларимда Худони?!
Эй изимни қуритмоқчи бўлганлар,
Чоҳ қазиб чарчамаётганлар,
Сочим оқини, пешонамдаги ажинларни санаётганлар,
Менинг кўнглимда яшайди Худо!
@Мирзоҳид Ботиров
Гўзал ёзғичлар
https://t.me/joinchat/AAAAAFX-cD3IFksPJ9DBUQканалига обуна бўлинг