Илмий ва инновацион фаолият юритувчи субъектлар реестри ишлаб чиқиладиБу масалада амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар 15 ноябр куни «InnoWeek-2024» халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ўтказилган «Илмий ва инновацион фаолияти бўйича III халқаро форуми»да эълон қилинди.
Форумда илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар, илмий ишлар бўйича раҳбар ўринбосарлари, илмий бўлим масъул ходимлар, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, магистрлар ва ёш тадқиқотчилар иштирок этишди.
Форум доирасида Олий таълимдан кейинги таълим тизимида жорий этилиши кутилаётган янги тартиблар, хусусан Олий таълимдан кейинги таълим тизимига оид қабул жараёни ҳамда илмий ва инновацион фаолият юритувчи субъектлар реестри ва уларнинг рейтингини юритиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди ҳамда фикр-мулоҳазалар алмашилди.
«Реестрда илмий ва инновацион ташкилотлар, Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча олимлар рўйхатдан ўтади. My.gov.uz да One ID бўлса, бизнинг реестрда олимлар Science ID билан рўйхатдан ўтади. Бу Ўзбекистондаги илмий фаолиятни рақамлаштириш йўлидаги Президент фармони лойиҳасида белгилаб берилган», деди Инновацион ривожланиш агентлиги бошқарма бошлиғи Асрор Норов.