Бировнинг уйига рухсатисиз назар ташлаш, қараш жуда катта гуноҳ ҳисобланади!
Динимизда уйга, ҳовлига ёки бошқа хос жойларга бегона кишининг назари тушиши қаттиқ ман килинган.
Шахсий жойларнинг дахлсизлиги кафолатланган. Бировнинг уйига изнсиз назар ташлаш жуда катта гуноҳ ҳисобланади. Чунки уй эгаси ўз уйида ечинган, ювинаётган, аёли ёки вояга етган қизлари ўранмаган ҳолатда бўлиши мумкин. Бу муҳим қоидани мўмин-мусулмонлар яхши билиб олиб, қатъий амал қилиши лозим бўлади.
Бу борада ҳам бир неча ривоятлар келган.
Жумладан, 1068-, 1069-ҳадисларда бундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْ اطَّلَعَ رَجُلٌ فِي بَيْتِكَ، فَخَذَفْتَهُ بِحَصَاةٍ فَفَقَأْتَ عَيْنَهُ، مَا كَانَ عَلَيْكَ جُنَاحٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биров сенга билдирмай уйингнинг ичкарисига назар солиб турган бўлса, тош билан уриб, унинг кўзини чиқариб қўйсанг, сенга гуноҳ бўлмайди”, дедилар.
Мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларига қатъиян риоя қилишимиз шарт!
Аллоҳ таоло изн сўрамасдан бировнинг уйига киришдан қайтарди. Изн сўраш ва омонлик тилаш кишилар орасидан шубҳаларни ўчиради ва ёмонликни қасд қилишдан тўсади. Шу билан бирга, меҳмонни муҳтарам, мукаррам ва обрўли қилади. Агар кириш учун изн сўраса-ю, изн берилмаса ёки жавоб бўлмаса, меҳмон ортига қайтиб кетиши лозим. Бунга уй соҳибининг ўша онда меҳмонни кутиб олишга шароити йўқ бўлиши ёки уйда эмаслиги сабаб бўлиши мумкин.
Мазкур оятлардан биз изн сўрашда қуйидаги ҳукм ва одобларни билиб оламиз:
1.Салом бериш изн сўрашнинг биринчи шартидир. Салом каломдан олдин берилади. Ҳадиси шарифда ҳам бу ҳақда шундай маънодаги сўз келган: “Каломдан аввал салом бор”. Бундан ташқари салом динимиз шиорларидан ҳисобланади.
2. Оятнинг зоҳири изн бир марта сўралишини ифодалайди. Лекин суннати набавийга кўра изн уч марта сўралади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинади:
“Изн уч мартадир: аввалгиси билан тинглайди, иккинчиси билан тўғриланади ва учинчи марта изн сўралганда, ё рухсат беради, ё рад қилади”.
3. Уй эгаларининг маҳрамлари ҳам уйга киришдан аввал изн сўрашлари керак.
4. Изн сўрашдаги шариат одобларидан яна бири шуки, меҳмон эшик олдида унга юзланган ҳолда турмаслиги керак. Ўнг ёки чап тарафга қараб туриши лозим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кишини уйига борсалар, эшикка тик қараб турмасдилар. У зот ўнг ё чап тарафга юзланиб турар эдилар.
5. Изн сўрашда аёллар ва кўзи ожиз кишилар ҳам эркаклар ва кўзи кўрадиганлар билан тенгдирлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Албатта изн сўраш кўриш сабабидандир”.
6. Изн сўраш вояга етган эркак ва аёлларга хос ҳукм бўлиб, ёш болалар бу шаръий таклиф учун мукаллаф эмаслар.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Қўлингизда мулк бўлганлар ва ўзингиздан балоғатга етмаганлар сиздан уч вақтда изн сўрасинлар: бомдод намозидан олдин, пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан сўнг. (Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир. Улардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ. (Улар) сизнинг атрофингизда айланувчидирлар, (сизлар ҳам) бир-бирингиз (атрофида айланувчидирсиз). Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Аллоҳ билувчидир, ҳакимдир” (Нур сураси, 58-оят). Мана шу оятга кўра болалар ҳам уч вақтда изн сўрашлари лозим. Бу уч вақт ‒ бомдод, пешин ва хуфтон намозидан кейинги муддатлардир.
Яқуб Жумамуратов,
Тахиатош тумани
"Муҳаммад Мурод эшон" жоме масжиди имом-хатиби
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Бизди социаллық тармақларда бақлап барың!▶️ Телеграм каналымыз: 👉
@adep_uz👉
t.me/adep_uzКаналымызға ағза болыў ушын;👇👇👇👇👇👇👇👇👇👇👇👇
Telegram |
Instagram |
Facebook |
YouTube 🔗
Taplink
📲
Play Market
🖥
adep.uz
🌎 Интернет сайтымыз: 👉
adep.uz