ҚАЙСАР ҚИЗ..
—Эгачижон, қизининг яхши-ёмонини бировга дастурхон қиладиган қандай она экан, деб ажабланаётгандирсиз… Лекин мол эгасига унинг феъл-атвори маълум бўлади. Ҳозир айтмасам, силаб-сийпаб узатсам, эртага мендан ранжишингиз мумкин… — Роҳила опа хижолатдан қип-қизариб, ерга қарган кўйи чойнакнинг қопқоғини очиб-ёпарди.
— Қўйинг-ей, опажон, шундай чиройли қизингиз ҳақида «мол» деб гапирманг, сўзнинг суврати бўлади. Энди сиз у, бу деб ёзғириб ўтирманг. Қиз бола эркалигини ота-онасига қилади. Менинг ўғлим икки йилдан буён қизлар билан учрашувга чиқади, ҳар гал: «Ойи, кўз билан кўрдингизми, пўстакнинг йиртиғи биланми?» деб менга таънаю дашном қилади… Бу гал тиржайиб кириб келди. Яна бир балони бошлади, десам:
«Ойи,ўзингиз биласиз…» деб турибди-ёв, чопқиллаб келавердим. -Мастура опа хонадон соҳибаси «йўқ» деб қўядигандек, шоша-пиша гапирарди.
—Билмадим, ишқилиб, бу шайтонча бирорта найранг қилмадимикин? Ўзи чиқдимикин учрашувга? -
Роҳила опа қизининг бировга ёқишига ақли етмаганидан гоҳ бошини сарак-сарак қилар, гоҳ лабини тишларди.
— Вой, ўзи бўлмай ким бўлади? «Университетда ўқиркан, иккинчи курсда, сув спортига қатнашар экан, йўлбарс буржида туғилган…» Мана, ҳамма маъулмотларни ёзиб олганман… Энди гап бундай, опажон. Удумларимизни биламан: тоға, амакилар, амма, холалари билан кенгашинг! Бизнинг ҳам бировдан кам жойимиз йўқ. Ўғлим бир касбнинг бошини тутган, бола-чақа боқа олади, Худога шукр. Бир кунни тайин қилсаларинг, биз ҳам исми-расмини қилиб келамиз. У ёғи «ёр-ёр»да, опажон…
Мастура опа бўлажак қудасининг оғзини очирмай, «Оллоҳу акбар»га қўл кўтарди.
—Ҳалигача қўнғироқларини жиринглатиб, маҳалладаги болалар билан велосипедда пойга ўйнайди, — деди онаизор гўё қизининг энг катта айби эсига келиб қолгандай…
— Ҳаммамиз ҳам қиз болалигимизда велосипедга ишқибоз бўлганмиз. Велосипед нима? Ҳозир қизлар от ҳам миняпти…
Мастура опа йўл-йўлакай гапириб чиқиб кетди.
…Орадан бир-икки кун ўтиб, қариндош-уруғлари йиғилишиб келишганида ҳам Роҳила опа шу ўтиришда мунғайиб ўтирар эди.
— Вой, манови кишимни… Қиз узатадиган она ҳам шунақа бўшашадими?! «Ҳа» деганни эшитра-эшитмас осмонга сапчийдиган қизингизни тузуккина оила келин қиламан деган экан, дўппингизни осмонга отмайсизми?
Ҳаммадан аввал амма сўзбуронни бошла берди. Шўрлик Роҳила опа улардан нимаям кутсин?! Ҳаммасига қизи Ойгулнинг ўзи сабабчи. Аммаларининг рўпарасига сочини ёзиб, шортикда кўришгани кирарди:
— Ҳой қиз, бу юришингда сени биров олмайди. Кап-катта қизсан, ўзингга ярашган иш қилсанг бўлмайдими? – Аммаси қўлини узатмасдан дийдиёсини бошларди.
— Нима, пахталик шим кияйми? Мен сиздан ёзнинг қайнаб ётган кунида ҳаво ўтказмайдиган манови матоҳдан нега кўйлак кийдингиз, деб сўрамаяпман-ку. Бу – сизнинг хоҳишингиз, чунки. Сиз – шахссиз, қандай хоҳласангиз шундай яшашга ҳаққингиз бор, — дерди Ойгул. У ўртача, кенжа аммаси, қўш-қўш холалари — ҳаммасининг гапига яраша гап топиб берарди.
—Э, сен билан қорақўнғиз баҳслашсин, одам боласи сенга тенг келолмайди, — ахийри енгилган амма-холалар шу тарзда айтишувга нуқта қўйишга интилишарди.
— Қорақўнғиз нима? Нега энди айнан «қорақўнғиз?»
Ойгулнинг кайфияти яхши бўлса, қариндошларининг жиғига тегишни давом этар, мундайроқ бўлса:
— Қани ўша қорақўнғиз! Бир адабини берай! – деб туриб кетарди. Мана шундай қиз узатиладиган бўлиб турибди. Кимда таҳлика, кимда ҳаяжон…
—Бахтини берсин-у бу туриши бўлса, икки ҳафтадаёқ изига ит солишади, деб қўрқаман. Конституцияда: «Фуқаролар, инчунин янги тушган келинлар соат 4,5да туриб ҳовли супирсин», деб ёзилмаган. Демак, келинлар хоҳласа, ҳовли супуради, хоҳламаса деса… — Кимдир шундай деб лаб тишласа, бошқаси:
—Нафасингизни иссиқ қилинг, ўғилларига ёқибди-ку. Баъзиларга шунақа шўх-шаддотлар ёқади, - дейди.
Бошқа қизларнинг қариндош-уруғлари оқлиқ беришдан аввал куёвни суриштиришса, Роҳила опанниг яқинлари нуқул Ойгулни муҳокама қилишди.
— Ўзи нима деди, ахир? Сал-пал бўлса-да, бировнинг уйида бўйин эгиб юришга розими?
—Мен қайдан билай? Нима дейсан, ўғлига ёқибсан, десам, мадомики бировга бериш ниятингиз бўлса, бериб юбораверинг-да», дейди…
—Бу – гап эмас. Ундан энг ав...