ҲАММА НАРСА ҲАМ КЎРИНГАНИ КАБИ ЭМАС!»
Рангпар либосдаги аёл ва йигирилган рўдапо костюм кийган эркак Бостонда поезддан тушиб қолишди ва Гарвард университети ректори қабулига учрашув вақтини белгиламай, журъатсизгина кириб келдилар.
Котиба бу қолоқ, қишлоқи кишиларнинг Гарвардда нима иши бор экан дея энсасини қотирди.
— Биз ректор билан кўришмоқчимиз, – деди бояги эркак мулойимлик билан.
— У кун бўйи банд бўлади, – деди котиба аччиқланиб.
— Майли, биз кутамиз, — жавоб қилди аёл.
Котиба уларни тўрт соатча ёлғиз қолдирди. У эр-хотиннинг тоқати тоқ бўлиб қайтиб кетишларини истарди. Йўқ, улар кетишмади. Котибанинг эса жаҳли чиқди. Аҳмоқона иш деб билса-да, ректорни безовта қилишга қарор қилди.
— Эҳтимол, сиз бир неча дақиқа улар билан кўришсангиз, балки қайтиб кетишар, — деди у ректорга.
Ректор чуқур хўрсинди ва рози бўлганлигининг аломати сифатида бошини қимирлатиб қўйди. Муҳим шахс бўлганлиги сабабли унда ҳар ким билан ҳам узоқ суҳбатлашиш учун вақт топилмас эди. У қабулхонасининг кўркини бузаётган рангпар либос ва йигирилган костюмдан ижирғанди.
Ректор кескин юзланди ва савлат билан эр-хотин томон қадам ташлаб, уларнинг ёнига келди.
— Бизнинг Гарвардда биринчи курсда ўқийдиган ўғлимиз бор эди. У Гарвардни севарди. Бу ерда бахтиёр эди. Лекин, бир йил олдин у тасодифан ўлдирилди. Мен ва эрим унинг хотирасига кампуснинг бирор ерида ёдгорлик барпо этмоқчимиз, — деди аёл.
— Мадам, — деди ректор қўрс оҳангда, — Биз Гарвардда ўқиб, вафот этган ҳар бир киши учун ҳайкал қўя олмаймиз. Агар шундай қилганимизда, бу ер қабристонга ўхшаб қолган бўлар эди.
— Оҳ, йўқ, — деди аёл ва тезда тушунтирди, – Биз ҳайкал қўймоқчи эмасмиз. Биз Гарвард учун янги бино қуриб бермоқчи эдик.
Ректорнинг энсаси қота бошлади. У яна ўша рангпар аёллар либоси ва афтода костюмга назар солди ва хитоб қилди:
— Бино?! Биласизми ўзи бино қуриш учун қанча керак? Гарварддаги биноларимиз етти ярим миллион доллардан ортиқроқ туради!
Аёл бир муддат сукут сақлади. Ректорнинг юзида мамнуният аломатлари балқиди. Эҳтимол, энди улардан қутулар. Шунда аёл эрига юзланди ва секингина деди:
— Университет қуриш учун бор йўғи шунча пул кифоями? Унда нега ўз университетимизни қура қолмаймиз?
Эри бошини силкитди.
Ректорнинг афти хижолатдан суллайиб қолди. Мистер ҳамда Миссис Лиланд Стэнфорд ўринларидан туришди ва чиқиб кетишди. Улар Пало Алтога, Калифорнияга сафар уюштирдилар ва ўша ерда Гарвард қадрига етмаган ўғиллари учун ёдгорлик ўлароқ янги илм даргоҳи — Стэнфорд университетига асос солдилар.
@hayotmaktabiuz