АЛЛОҲНИ ЗИКР ЭТИШ БИЛАН ҚАЛБЛАР ОРОМ ОЛУР
Америка Миллий Соғлиқни сақлаш тадқиқот марказида фаолият кўрсатувчи Дэвид Б. Ларсон ва унинг гуруҳи олиб борган изланишларга кўра, динга ишонувчи ва ишонмайдиган америкаликлар бир-бири билан таққосланганда жуда ажойиб натижалар қайд этилди.
Мисол учун, диндор одамлар динга кам эътиқодли ёки умуман эътиқодсиз одамларга қараганда 60% камроқ юрак хасталиги билан оғрийдилар, улар орасида ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи 100% кам, улар юқори қон босимининг анча паст даражалари билан оғрийдилар ва бу чекувчилар орасида 7:1 нисбатни кўрсатади.
Тиббиёт оламида муҳим илмий манба ҳисобланадиган «Тиббиётда психиатрия» халқаро журналида чоп этилган бир изланишнинг маълум қилишича, ўзларини динга эътиқодсиз деб ҳисоблайдиган одамлар тез-тез касал бўлиб туришади ва қисқароқ ҳаёт даврини кечиришади.
Изланишнинг натижаларига кўра, динга эътиқодсиз кишилар эътиқодли кишиларга қараганда икки мартагача кўпроқ ошқозон-ичак касалликлари билан оғрийдилар ва уларнинг нафас йўллари хасталикларидан ўлиш даражаси эътиқодли инсонларга нисбатан 66% кўпроқ экан.
Диндан холи, дунёвий психологлар бунга ўхшаш рақамларга «Психологик таъсирлар» деб изоҳ беришади. Бу шуни англатадики, динга эътиқод одамларнинг руҳини кўтаради ва бу уларнинг соғлигига ижобий таъсир кўрсатади. Эҳтимол, бу тушунтириш чиндан ҳам тўғридир, аммо бу мавзу чуқурроқ ўрганиб кўрилганда бундан ҳам қизиқроқ хулосалар юзага келади.
Аллоҳга имон келтириш бошқа ҳар қандай психологик таъсир кўрсатишлардан кучлироқдир. Диний эътиқод ва жисмоний соғлиқ ўртасидаги боғлиқлик юзасидан Гарвард Тиббиёт факультети ходими Доктор Ҳерберт Бенсон томонидан ўтказилган кенг миқёсли изланиш бу соҳа бўйича ажойиб хулосаларни келтириб чиқарди. Ўзи динга эътиқодсиз бўлишига қарамай, Доктор Бенсон ибодат ва Аллоҳга имон келтириш бошқа ҳар нарсадан кўра инсон соғлиги учун ижобий таъсир кўрсатади, деган хулосага келди.
Бенсон яна шундай хулосага келганлигини таъкидлайдики, ҳеч бир эътиқод Аллоҳга ишонишдан кўра кўпроқ руҳий хотиржамлик бахш этолмас экан.
Эътиқод, инсон қалби ва жисми ўртасидаги бу боғлиқликка сабаб нимада? Диндан холи, дунёвий тадқиқотчи Бенсоннинг сўзлари билан айтганда, инсон танаси ва руҳи Аллоҳга ишонишга тўғрилаб қўйилган.
Жаҳон тиббиёти томонидан аста-секин тан олинаётган бу ҳақиқат Қуръонда қуйидаги сўзлар билан ваҳий қилинган сирдир:
«... Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур.» («Раъд» сураси, 28-оят).
Аллоҳга имон келтирувчи, унга ибодат ва эътиқод қилувчи кимсаларнинг руҳан ҳамда жисмонан соғломроқ бўлишига сабаб улар ўзларининг яратилишидаги мақсадга мувофиқ равишда йўл тутишларидир. Инсоннинг яратилишини инкор этувчи фалсафалар ва тизимлар ҳар доим изтироб ва бахтсизлик келтирган.
Замонавий тиббиёт эндиликда бу ҳақиқатни тушуниб етиш жараёнида. Худди Патрик Глин ёзганидек:
«Кейинги йигирма беш йил ичида психология бўйича ўтказилган илмий тадқиқотлар шу нарсани намоён қилдики, ... динга ишониш умуман руҳий соғломлик ва бахтиёрлик ўртасидаги энг изчил боғлиқликлардан биридир».
«Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги мўъжизалари» китобидан.
Jaloliddinrumiyy🍃
@Muhayyo_Xojiqulova