#8_mart
#Bayram_muborak
💐🌷🌹
АЁЛУйидан кўчага чиқди бир аёл,
Кўчада йўқ эди бирорта одам.
Кўчадан шаҳарга югурди дарҳол,
Шаҳар ҳам кимсасиз эди томоман.
Юрт бўйлаб кўрмади инсон изини,
Чегаралар ошди... Қитъалар кезди...
Ҳеч ким йўқ! Шу маҳал ногоҳ ўзини,
Одамни излаган Ҳавводай сезди.
Йўл юрди, мўл юрди, ўнгу сўл юрди,
На баҳор, на аёз, на-да ёз аён...
Мушфиқ кўзларини самога бурди,
Шивирлаб ҳайқирди: “Эй, худо! Қаён...”...
Ёлғиз ўзи қолган курраи арзда!
О, даҳшат!
Ҳеч ким йўқ!
Ҳеч ким!..
Ҳеч имдод...
Уйига умидсиз қайтди шу тарзда,
Унга қоровуллик қиларди ҳаёт.
Сафари карахтлик ичра қариди...
Ҳўнгради ўзини тўшакка отиб.
Ахийри кўзидан ёшлар ариди,
Сўнгра сўздан қолди хаёлга ботиб...
Йиллар ўтаверди...
Ҳар тонгда аёл,
Кўчадан япроқдай шитирлаб ўтар.
Бўшлиқда юзади хиргойи мисол –
Кўнглини бир ўзи шундай овутар...
Йиллар ўтаверди...
Лаҳзалар – чалғи...
На баҳор, на аёз, на-да ёз аён...
Довдираб, кўчага чиқишдан олдин,
Барибир
лабини
бўярди...
аёл...
Алибек Анварий