ҲАЗРАТ НАВОИЙ РЎЗА ҲАҚИДА
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг “Сирожу-л-муслимин” асарида ислом арконлари оҳорли назмий талқин этилади. Асарнинг алоҳида бир бори “Исломнинг тўртунчи рукниким, рўзадур – шарҳ этмак” деб номланади. Араб тилидан олинган “савм” сўзи “тийилиш” маъносини англатади. Қуръони каримнинг “Бақара” сурасидаги рамазон рўзаси фарз бўлгани ҳақидаги оятда: “Шоядки, тақводор бўлсангизлар”, дейилганига кўра, рўзадан мурод – тақво. Ҳазрат Навоий ҳам масаланинг ана шу жиҳатига алоҳида урғу беради:
Эрур тўртунчи рукн исломнинг савм -
Ки, ўтгай кимсага тақво била явм.
Чу рўза фарз бўлди йилда бир ой,
Анинг ижросида бўл нафсфармой.
Яъни кунни тақво билан ўтказиш исломнинг тўртинчи рукни бўлган рўзанинг асосий шартидир. Бир йилда бир ой – рамазони шарифда тутиладиган рўзада нафсфармой – ўз нафсига ҳоким бўлиши инсон учун фазилатдир.
Рўзанинг ҳукмлари, рўзада фарз саналган ният тунда, тонг отмай туриб қилиниши афзал экани, нафл рўзада ниятни тушгача қилинса ҳам жоизлиги ҳақидаги мисралар илмий ҳақиқат лўнда ва аниқ ифодалангани жиҳатидан қимматлидир. Шундан кейин муаллиф рўзани бузмайдиган амаллар: чивин, пашша каби майда нарсаларнинг томоққа кириши, идрокли одам туз, сиркага ўхшаш нарсаларни тил учи билан тотиши, ҳижома – қон олдириш билан рўза очилмаслиги ҳақидаги ҳукмларни баён этади. Бундан ташқари, рўзадор она томоғидан ўтказмай, фақат оғзида боласига нон чайнаб бериши рўзани бузмаслиги айтилади. Лекин: Вале билмак керактур ани макруҳ, Керак макруҳдин хотирда андуҳ. Яъни бунинг макруҳлигини ёдда тутиш, эҳтиёт бўлмоқ зарур.
Унутиб гар есанг, ичсанг эмас ғам,
Эрур ул рўза боқий, эй мукаррам.
Рўзадор нохос унутиб еб ёки ичиб қўйса, ҳечқиси йўқ, рўза бузилмайди. Бу рўзадорга Аллоҳнинг икроми, деб қабул қилиниши зарур.
Ушбу бобда “Фавт бўлган руза эвази ва каффорати” хусусида ҳам сўз боради. Каффорат – шариатга зид бирор иш содир этилса, бунинг учун жарима сифатида эваз берилиши маъносини англатади.
Агар бебоклик ойини туздунг,
Ғизонинг ғайри бирла рўза буздунг.
Қазоси бирга бирдин ортуқ эрмас,
Фузунға шаръ рухсат, билки, бермас.
Агар бефарқлик билан озуқа бўлмайдиган нарсалар билан рўзани бузган бўлсанг, унинг қазоси учун ҳар бир кунига бир кун рўза тутмоғинг зарур. Ундан ортиқ эмас. Чунки шариат ортиқча ишга буюрмайди.
Ғизо еб рўза улким, қилса зойил,
Ва ё нафси бўлиб шаҳватға мойил.
Каффорат олтмиш мискинга итъом,
Эрур ё олтмиш кун савми ноком.
Мабодо бирор киши ғизо – овқат еб ёки шаҳватга берилиб, қасддан рўзасини бузса, бунинг учун каффорат – олтмиш мискинга таом едириши ёки олтмиш кун рўза тутмоғи зарур бўлади. Фақат шарти шуки, олтмиш кун муттасил бўлмоғи, яъни орасини узмай рўза тутилиши ёки Аллоҳ йўлида бир қулни озод қилиб, кўнглини шод этиши керак. “Йўқ эрса солим эрмас рўза ҳоли”, акс ҳолда рўза шариатга мувофиқ саналмайди.
Ушбу фикрлар ҳазрат Алишер Навоий рўзанинг шаръий аҳкомларини назмда мукаммал бадиий талқин этгани исботидир. Буюк шоир талқинлари бугунги кун учун ҳам аҳамиятлидир.
Нурбой Жабборов