Nurboy Jabborov saboqlari dan repost
Бир шеър таҳлили
ЎЗБЕК АЁЛИ РУҲИЯТИ
Одамийликда бани башарга дарс берганлар авлодимиз. Ота-оналаримиз, бобо-момоларимиз ёмонга ҳам ёмонлик соғинмагани, ҳатто қабоҳатга-да эзгулик билан жавоб беришга ундагани бунинг далилидир. Бу хусусият ўзбек оналари ва уларнинг тарбиясини олган миллат қизлари табиатида, айниқса, яққолроқ намоён бўлади. Айни миллий фазилатнинг ёш шоираларимиз ижодида оҳорли талқин этилаётгани шеъриятимизнинг ютуғи сифатида баҳоланишга лойиқ. Истеъдодли шоира Гулрух Худоёрованинг “Синглимга насиҳат” шеъри ана шу хусусияти билан алоҳида ажралиб туради:
Ёмонни қарғама,
Қарғама, синглим!
Ёмоннинг ҳам яхши оналари бор.
Ёмондан ранжима,
Ранжима, синглим,
Ёмоннинг ҳам айбсиз болалари бор.
“Яхшидин ёмонлар ҳам ёмонлиғ кўз тутмас, яхши ёмонларға ҳам яхшилиғин унутмас. Яхшилиқ қила олмасанг, ёмонлиқ ҳам боре қилма” – ҳазрат Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги ушбу ўгит миллий руҳиятни ифодалагани билан қимматлидир. Ҳазрат Навоий мазкур ўгитда миллатнинг асл табиатини акс эттирган бўлса, Гулрухнинг шеърида ўзбек аёлининг пок руҳияти сувратланган. Синглисига ёмонни қарғамасликни тавсия этар экан, аввало, тасбе санъати, яъни иккинчи мисрани аввалги сатр якунидаги “қарғама” сўзи билан бошлаш орқали бунга алоҳида урғу беради. Ёш шоира ёмонни қарғамаслик кераклигига рад этиб бўлмайдиган асос келтиради: “Ёмоннинг ҳам яхши оналари бор”. Кейинги сатрларда “ранжима” сўзи воситасида яна тасбе санъатини қўллаб, синглисини ёмондан айбсиз болалари борлиги учун ранжимасликка ундайди. Диққат қаратилиши зарур бўлган муҳим жиҳати шундаки, ёмонга ҳам ёмонлик қилмасликни тавсия этар экан, ўзбек аёли ёмоннинг ўзини эмас, онасини ва боласини ўйлайди. Гулрух ўзбек аёлининг табиатига хос ана шу энг нозик хусусиятни инжа илғаган. Илғаш билангина чекланмаган, маҳорат билан талқин этган.
Синглим, ёмонларни Худога солма,
Худо яратмайди ёмон одамни.
Улар тўғри йўлдан юрмаган гўдак,
Улар хато босиб қўйган қадамни.
Ушбу мисраларда ўзбек аёлининг, ҳазрат Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн”да миллатга нисбат берганидек: “хилқати софроқ ва покроқ” экани санъаткорона ифодаланган. “Ёмонларни Худога солма” – “қарғама” сўзининг ўзгача шакли. Аслан, Худога солиш қарғашдан ҳам оғирроқдир. Шоира синглисини бундан ҳам қайтаради. Негаки, унинг тоза эътиқодича, Худо одамзодни ёмон қилиб яратмайди.
“Улар тўғри йўлдан юрмаган гўдак” – бу сатр бир неча қават маънога эга. Биринчиси – улар гўдакликдан яхши тарбия кўрмаган, иккинчиси – тўғри йўлдан юрмаган гўдакка ўхшайди. “Улар хато босиб қўйган қадамни” – бундай дунёқараш фақатгина ўзбекнинг руҳиятига хос бўлиб, ёмоннинг айбини боридан кўра енгилроқ қабул қилиш учун асос беради. Шоира бағрикенг, олижаноб, ҳар қандай мушкулотга ҳам баланддан қарай оладиган ўзбек аёлининг руҳиятини оҳорли сувратлантирган.
Ёмонни қарғама,
Қарғама, синглим!
Учрама ҳаётнинг қаршилигига.
Ахир ҳеч ким кафил бўла олмайди
Шу ёлғиз опангнинг яхшилигига.
Шеърнинг финалида ўзбек аёлининг яна бир юксак фазилати – айбни ўзгадан эмас, ўзидан қидира олиш салоҳияти акс этган. “Ахир ҳеч ким кафил бўла олмайди Шу ёлғиз опангнинг яхшилигига” – бундай хулосага келиш, бир жиҳатдан осон, иккинчи томондан, ниҳоятда мушкул. Осонлиги шундаки, бировдан ёмонлик кўриб турган ҳолатда ҳам унга ёмонликни раво кўрмаслик мансуб бўлганимиз миллатнинг асл тийнатига хос туйғу. Мушкуллиги боиси, инсоннинг табиати ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтаришни тақозо этади. Шоира асл ўзбек аёлининг руҳиятини ифодалагани учун ҳам майда туйғулардан баланд тура олувчи опа образини яратган. Руҳини нафс кишанларига топшириб қўймаган, руҳият самоларига юксала билган ушбу образ шоира эстетик идеали тажассумидир. Камолот деганлари, аслида, ана шу юксакликка эришмоқдир.
Нурбой Жабборов