КАТТА ПУЛ ДАРДИДА
Одамни маърифатдан қайтарадиган ҳар қандай нарса уни Худодан қайтарадиган иллатлар билан бир қаторда туради.
Жадидлар бизга ҳар ишда мудом ибратдирлар. Улар бутун кучни маърифатга қаратдилар. Нажотни маърифатда деб билдилар. Эркинлик ва озодликнинг таянчи маърифат эканини тинимсиз уқтирдилар. Шу билан бирга, юртнинг катта бойларини илму маърифатга хизмат қилишга, бу йўлда маблағларини сарфлашга ундадилар.
Катта пул ва бойлик нимага хизмат қилиши керак? Инсоннинг инсон бўлиши учунми ё юҳога айланиши учунми? Юртимизда эзгулик, илм-фан, адабиёт учун ҳиссасини қўшаётган бойлар бор. Лекин талайгина пулдорлар билан гаплашиб қолганингда, дилинг оғрийди. Уларнинг гап-сўзларидан, ўзини тутишларидан “Ўша маърифат-паърифатинг таг-томири билан йўқ бўб кетмайдими? Менга нима?” – деган оҳангни сезасан. Ҳар икки куннинг бирида туппа-тузук лавозимда, яхши маош, обрў билан ишлаб юрган ўзига тўқ амалдорлар катта пора билан қўлга тушиб қолгани ҳақидаги хабарларни ўқиймиз. Агар шу кимсаларнинг ичида озгина маърифати бўлганда эди, қадрини қорнига алмаштириб ўтирмасди.
Катта пулни орзу қилмаган одам камдан-кам топилади. Балки топилмас. Ҳар қандай одам умрининг қайсидир босқичида бу ҳақда ўйлайди ва ҳавасига тушади. Одаммизми, бас, бу васвасага қайдадир бир эмас, бир неча бор дуч келишимиз тайин. Фақат кимнингдир умри мавсумларида бу нарса ўткинчи ҳиссиёт каби ўтиб кетади, кимнидир эса домига ютиб, мангу қулига айлантиради.
Нафснинг табиатида бир хусусият борки, у очилган сари очилиб бораверади, оқибатда юҳога айланади ва ўз эгасини ҳам ютиб юборади. Катта пул бор жойда хатар бўлади, дер эди онам. Ўзбек халқ эртакларидаги хазина устида ётадиган аждаҳо тимсоли ҳам шундан огоҳ этади.
Манглай тери билан маблағ топиб, бойлик орттираётганлар ҳам бор. Гапим кимларгадир ғалати туюлса-да, бир нарсани айтай. Манглай тери билан топилган пулда маърифат бор. Чунки бу бойлик ортида меҳнат ётади. Чин меҳнат ҳам маърифатдир. Шунинг учун меҳнат одамни тарбиялайди, дунёга қарашларини ўзгартиради.
Мен ёшлар билан учрашувимда ҳам айтдим. Пулингиз кўп бўлгани яхши. Лекин ичингизда маърифат бўлмаса, юз миллион долларингиз бўлса ҳам, бу бойлик сизни қутқаролмайди. Маърифатсиз ҳар қандай куч пуч ва ҳалокатга маҳкумдир.
Яна бир гапни бот-бот такрорлайман: катта пул фоҳишада ҳам бўлиши мумкин, ашаддий жиноятчида ҳам, қонхўр манякда ҳам, аблаҳ бир ғаламисда ҳам бўлиши мумкин. Таққос учун бошидан узр сўрайман-ку, дейлик, Эркин Воҳидов ё Абдулла Ориповнинг пулидан кўра машина ўғриси бўлган бир мафиознинг пули юз минг баробар кўп бўлган бўлиши мумкин. Бунга тарихда ҳам, бугунги замонда ҳам мисоллар кўп. Лекин маърифат ҳаммада ҳам бўлавермайди. Бошингизни минг жойга ураверинг, минглаб важларни пеш қилаверинг, барибир, охир-оқибатда одамнинг одамлиги унинг маърифати билан ўлчанади.
✍️ Эшқобил ШУКУР, "Ҳалокатнинг сири нимада?" мақоласидан.
Манба