Nurboy Jabborov saboqlari dan repost
АЙТМАСДАН АЙТИШ САНЪАТИ
Эшқобил Шукурнинг “Кўз юмиб кўрганларим” тўплами номидаёқ юксак бадиий тафаккур мужассам. “Кўз очиб кўриш” шаклидаги халқона иборадан хабардормиз. Кўзни юмганда эса, Румиёна талқин бўйича, кўнгил кўзи билан мушоҳада этиш имкони кучаяди. Шунга кўра, тўпламнинг топиб қўйилган номида теран фалсафа ва юксак бадиият уйғунлашгани кузатилади.
“Тонг ила шом” шеъри миллий руҳнинг ўзгача талқини билан алоҳида ажралиб туради. Шоир момоларнинг тонгдан уялиш, шомдан ҳаё қилиш ҳақидаги ўгитларини эслайди. Саҳар қушлари-ла уйғониб, шафақларга боқиб ўйланган кезларини ёдга олади. Мана, бу мисралар эса, миллий руҳнинг чинакам таъсирли ва оҳорли ифодаси экани билан алоҳида ажралиб туради:
Қуёшдан уялмоқ, ойдан уялмоқ
Қайси насабда бор, кимнинг наслида?..
Ҳаёга суянмоқ, орга таянмоқ
Худо берган давлат экан, аслида.
Ўзбекни бошқа миллатлардан ажратиб турадиган энг муҳим фазилатлардан бири ҳаёдир. У наинки атрофидаги одамлардан, ҳатто қуёшу ойдан ҳам ҳаё қила билади. Шоир таъбири билан айтганда, ҳаёга суянмоқ, орга таянмоқ – халқимизга Худо берган давлат, Яратганнинг беқиёс марҳамати. Шу боис ўзбек ювуқсиз қўл билан, кир-чир дил билан оқшомга киришдан хижолат чекади; ғараз ният билан, эгри йўл билан тонгларга боришдан ўзини тияди. Мана бу бадиий умумлашмада эса, момолар тимсолида миллатнинг номуси, асл табиати, руҳияти тажассум топганини кузатиш мумкин:
Тонгнинг ўз руҳи бор, ишонаман мен,
Уфқларда сездим шомнинг руҳини.
Кўрдим момоларим номусида мен
Осмон устунини, Ернинг ўқини.
Яъни шоир чиқарган поэтик хулосага кўра, мабодо номус, ҳаё, ор сингари туйғулар завол топадиган бўлса, Осмон қулайди, Ер ўз меҳваридан чиқиб кетади. Бу мукаммал коинот ана шундай қадриятлар эвазига барҳаёт ва устувордир. Шеърда бу фикрлар очиқ айтилмаган, улар тагматндан англашилади. Зеро, шоирнинг шоирлиги ҳам шундаки, у айтмасдан айтади, ботин тили билан сўзлайди. Шеър шунинг учун ҳам шеърки, унда бир вақтнинг ўзида бир қанча маъно қатламлари ифодаланмоғи мумкин. Уларни зоҳир кўзи билан англаб етиш, ҳис этиш имконсиз. Бунинг учун одамнинг қалб кўзи очиқ, ботин дийдаси равшан бўлмоғи зарур. Бу ҳали Эшқабил Шукурнинг кўз юмиб кўрганларидан биргина лавҳа, холос.
Нурбой Жабборов