ҚЎЛЁЗМАЛАР ЁНМАЙДИ
Муаззам адабиётимиз, бой адабий меросимиз бор. Бундай беқиёс маънавий бойликка эга халқлар дунёда бармоқ билан санарли экани аён. Табиийки, бу ҳақда ўйлаганда қалбларимиз тўлқинланиб кетади. Кўнгилда ифтихор ҳисси уйғонади. Бироқ адабиётимиз, адабиётшунослигимиз бундан ҳам баландроқ миқёсларга юксалишини таъминлаш учун фахрланишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Мутафаккир аждодлардан мерос қўлёзма манбаларни ўқиб-ўрганиш, бугунги авлод учун ҳануз пинҳон келаётган сирларини очиш зарур. Тафаккуримизни бу нодир манбалар билан қувватлантирмоқ, шуурларимизни улардаги фикр ёлқинлари билан ёритмоқ керак. Шундагина бу бойликнинг чинакам соҳибига айланишимиз мумкин. Андижоннинг Марҳамат туманидаги “Турон” ўқув маркази раҳбари Ортиқали Ҳусанов тўплаган “Самар Бону” китобини ўқир эканман, кўнглимдан ана шундай фикрлар кечди.
Мен Ортиқали Ҳусанов билан шахсан таниш эмасман. Бироқ бу одамдаги адабий меросга бўлган муҳаббат, ундаги ҳиммату шижоат бизни қалбан яқинлаштирганини сездим. У чинакам зиёлига хос салмоқли ишни амалга оширибди. Халқимизга машҳур Дукчи эшонни, яна қанча ижодкору зиёлиларни берган Мингтепада яшаб ижод қилган соҳиби девон шоира Самар Бону (1837-1891) ҳақидаги барча манбаларни – у қўлёзма ҳолидами ё нашр этилганми, матбуотдами ё интернет саҳифаларидами – излаб топиб, бир муқовага жамлабди. Таҳсинга лойиқ иш! Бу орқали у мумтоз шеърият муҳибларига Нодирабегиму Увайсийлар даражасидаги ижодкор Самар Бону назмий меросидан баҳраманд бўлиш имконини яратган. Фақат бугина эмас. Китобни тўплаш жараёнида бу закий инсон йирик адабиётшунос олим, “Ўзбек шоиралари” китобининг муаллифи Тўхтасин Жалолов бошлаган эзгу ишни давом эттирган. Самар Бону ҳаёти ва ижоди бўйича муттасил изланишлар олиб бориши асносида зарур ўринларда машҳур адабиётшунос билан илмий мунозарага киришган, шоира биографиясига оид айрим маълумотларга аниқлик киритган. Жумладан, Тўхтасин Жалоловнинг “Бону” китобидаги шоиранинг турмуши, вафоти санаси ва жойига оид факт тўғри эмаслигини исботлаган. Бонунинг ёлғиз ўғли Заҳириддин ва укаси Салоҳиддин Соқиб вафоти саналарини аниқлаган. Бону очган қизлар мактаби ва ундаги ўқитиш усуллари ҳақида эътиборга молик кузатишларни амалга оширган.
Ушбу тўпламдан аниқ бўлишича, Самар Бону адабий меросининг юзага чиқишида устоз Тўхтасин Жалоловнинг хизматлари чиндан ҳам катта. Олим шоира девонини топгунича диққатга сазовор изланишлар олиб борган. Бунда ўшлик, мингтепалик зиёлиларнинг ҳам ҳиссаси оз эмас. Самар Бону шажарасининг аниқлангани, унинг машҳур мутасаввиф шоир Хўжаназар Ҳувайдога чевара экани ундаги истеъдод бобомерос бўлганини кўрсатади. Бу авлоддан тўрт соҳиби девон шоир – катта бобоси Ҳувайдо, отаси мавлавий Сирожий, укаси Салоҳиддин Соқиб ва Самар Бону етишиб чиққани адабиётимиз тарихидаги ноёб ҳодиса сифатида баҳоланишга лойиқ.
Ҳаёти зиддиятларга, меҳнату машаққатларга тўлиқ бўлган Самар Бону чиндан ҳам етук шоира. Мана бу мисраларда ижодкорнинг улуғ бир шажара намояндаси эканидан ифтихори тажассум топган:
Илоҳи, роҳати дилдур Ҳувайдо,
Бобом нисбатлари қилғайму шайдо.
Тасаддуқ мен бўлай, султони олам,
Чимён халқиға сиздур мукаррам.
Ишқ – мумтоз адабиётимизнинг бош мавзуси. Ҳазрат Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳоднинг “Жаҳонда қолмади ул етмаган илм, Билиб таҳқиқини касб этмаган илм”, дея илмда юксак матабага эришганини васф этар экан, комил инсон мақомига эришмоғи учун унинг қалбига ишқ ўтини солади. Бундан маълум бўладики, улуғ мутафаккир фикрича, кўнгли ишқдан мосуво одам камолотга эриша олмас. Мумтоз шоирамиз Нодирабегимнинг:
“Муҳаббатсиз киши одам эмасдир, Гар одамсен, муҳаббат ихтиёр эт”,
дейиши сабаби ҳам шунда. Давоми...
Нурбой Жабборов