Nurboy Jabborov saboqlari dan repost
ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАН ҲАҚИҚАТ
ёхуд аждодлар мероси омонат экани хусусида
Туркий миллат барча замонларда омонатни муқаддас тутган. Омонат дегани фақат мол-дунёгагина тегишли эмас. Бу тушунча моддий неъматларга қанчалик алоқадор бўлса, маънавий ҳаётга ҳам шунчалик дахлдордир. Буюк мутафаккир аждодларимиз, улуғ шоиру адибларимиз илмий-адабий мероси – энг муқаддас омонат. Уни кўз қорачиғидай асраш, келажак авлодга бус-бутун етказиш – шараф ва бурч иши. Лекин, афсуски, бизда омонатнинг ана шу турига ҳар доим ҳам масъулият билан қаралган эмас. Таассуфлар бўлсинки, миллий адабиётимиз тарихида муносиб ўрнига эга шоиру адибларимиз мероси бугунги авлодга ғоявий жиҳатдан таҳрир қилиниб, аслиятга зид ҳолда етказилганига етарлича мисоллар бор.
Мазмун-моҳиятига кўра ғоявий таҳрирни икки гуруҳга бўлиш мумкин: матнга унда бўлмаган ғоянинг қўшилиши ва матнда мавжуд ғоянинг қисқартирилиши. Миллий уйғониш даври Қўқон адабий меҳитининг ёрқин намояндаси Убайдулла Завқийнинг “Фарғона” радифли мухаммаси аслиятидаги мана бу мисраларнинг нашр нусхаси билан қиёсий таҳлили матнга унда бўлмаган ғоянинг қўшилишига ачинарли мисол бўла олади:
Мусаллат қилди ноҳақ феълимиздин болшувикларни,
Кўтарди бошимиздин соя бўлғон хону бекларни,
Ўлим чоҳиға солди болшувиклар бу тирикларни,
Киши билмас ҳисобини куюб ўлган ўлукларни,
Ўлуклардин бўлубдур кўчалар мозор, Фарғона.
Табиийки, аслиятдаги бу мисраларни ўқиган бугунги авлод Завқийнинг миллий уйғониш даври ўзбек адабиётида баланд мавқели шоир эканини, Ватан тақдири ва миллат қисмати учун қайғурган чинакам миллатпарвар ижодкор бўлганини янада чуқурроқ англайди. Бироқ машҳур мухаммаснинг ана шу банди Завқийнинг шўролар замонида бир неча марта қайта-қайта нашр этилган “Танланган асарлар”ида қуйидагича эди:
Тирилтирмоқ бўлуб аввал кўмилган хону бекларни,
Ўлим чоҳига солди босмачилар бу тирикларни,
Ҳисобини билиб бўлмас куюб ўлган ўлукларни,
Шукрким, Тангри етказди мададга большевикларни,
Илоҳо, бахт-толиъ бўлсун эмди ёр, Фарғона.
“Ғоявий таҳрир” оқибатида шеърга миллатпарварлик руҳи, юрти вайрон, халқи қирғинбарот этилган шоир қалбидаги чуқур изтироб ифодаси ўрнига матнда мутлақо бўлмаган большевикпарастлик ғояси сингдирилган. Бу мисраларни ўқигач, аслият билан танишиш имконига эга бўлмаган китобхонда, табиийки, Завқийнинг дунёқараши, Ватан ва миллат тақдирига муносабати тўғрисида нотўғри тасаввур ҳосил бўлади. Шунга кўра, ғоявий таҳрирнинг бу турини матнга хиёнат сифатида баҳолаш мумкин. Яхшиямки, Аҳмаджон Мадаминов (Аллоҳ раҳмат қилсин) ва Абдуллатиф Турдиалиев каби заҳматкаш олимларимиз қўлёзма манбалар чангини ютиб, ана шу ҳақиқатни юзага чиқарган. Уларнинг меҳнати боис замондошларимиз Завқий меросининг аслиятга мувофиқ матни билан танишиш имконига эга бўлиб турибди. Ана шундай тириклай дафн этилган ҳақиқатларни юзага чиқариш матншунос олимлар зиммасидаги муҳим вазифалардандир. Бу борадаги таҳлилий фикрларимиз давом этади.
Нурбой Жабборов