ИШҚ ҚАЧОН ПАЙДО БЎЛГАН?
Ишқнинг моҳиятини англаш алоҳида аҳамиятга эга. У қачон пайдо бўлган? Ишқ инсон вужудига оид ҳодисами ёки руҳиятига? Булар фикр юритишга арзийдиган ва бениҳоя аҳамиятли масалалардир. Ҳазрат Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида шоҳ Хусрав ва асир Фарҳод ўртасида ишқ мавзуида кескин баҳс кечади. Жумладан, асарда мана бундай мисраларни ўқиймиз:
Деди: қай чоғдин ўлдунг ишқ аро маст?
Деди: руҳ эрмас эрди танға пайваст.
Яъни, қачондан буён ишққа мубтало бўлгани ҳақидаги Хусравнинг саволига Фарҳод у пайтда руҳим вужудим билан қовушмаган эди, дея жавоб беради.
Буюк Навоийдан қарийб тўрт аср кейин яшаган улуғ шоир Муҳаммад Ризо Огаҳий шеъриятида ҳам ишқнинг шунга мутаносиб талқинига дуч келамиз. «Таъвизу-л-ошиқин» девонидаги “Пайдо” радифли ғазалида Огаҳий мана бундай ёзади:
Эди ишқингға жонлар мубтало ул чоғдаким, эрди
На тан, на танда бош, на бошда юз, на юзда лаб пайдо.
Яъни, жонларимиз сенинг ишқингга мубтало бўлган чоғда вужуд ҳали яратилмаган эди, деб ёзади шоир.
Хулоса қилиб айганда, мутафаккир боболаримиз эътиқодига кўра, ишқ вужудга эмас, биринчи навбатда, руҳга тегишли ҳодиса. Аҳли Ҳақ руҳоният оламида эканидаёқ Яратганнинг муҳаббатига ошно бўлади. Вақти келиб, бу руҳнинг вужуд билан қовушмоғи натижасида ҳақиқий ошиқ дунёга келади.
Нурбой Жабборов