AvangardUZ


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha


Hikmatlar, rivoyatlar, kun xandalari va muhim yangiliklarga oshno bo‘ling!

Связанные каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Statistika
Postlar filtri


Бир расм тарихи:
"ЎҒИЛДАН НАЖОТ ИСТАБ"


Биз бу картинада бир хонада бўлган, ҳатто бир-бирига қиё ҳам боқмаётган ўрта ёшлардаги ўғил ва унинг қариб қолган онасини кўриб турибмиз. Хонани эгаллаган оғир сукунат эса яхшиликдан дарак бермаётгандек. Хўш, рассом нима демоқчи?

Айтишларича, бу картина реал воқеага асосланиб ишланган. Дилбандидан нажот истаб келган аёл... яъни она-ю ўғил ўртасидаги рўй берган мазкур саҳнага рассом шахсан гувоҳ бўлган...

Воқеа бундай бўлганди.
Машҳур ҳайкалтарошнинг уйига унинг онаси меҳмонга келади. Ўша кезларда ҳайкалтарош ва рассом Александр Бурак ўртасида дўстона яқинлик бор эди. Она моддий ёрдам сўраб олис қишлоқдан келганди. Бироқ, ўғли буюртмалар йўқлигини баҳона қилиб онасига пул бермайди ва уни қийин кунларга ташлаб қўяди. Бу жараён рассомга қаттиқ таъсир қилди ва дарҳол кейинчалик машҳур бўлган "Ўғилдан нажот истаб" картинасининг илк наброскаларини ишлашга киришди.

Бурак тўғри иш қилдими, йўқми, буниси бошқа масала. Аммо у тасвирлаган мавзу эътиборни тортмай қўймайди. Уйдаги жиҳозлар - гиламлар, статуэткалар ва картиналар, қимматбаҳо мебел ва ҳаттоки бош қаҳрамон эгнидаги пўрим кийимдан ҳайкалтарош ва унинг хотини унча-мунча одам ҳавас қиладиган даражада ўзига тўқ оила эгалари эканлигини англаш қийин эмас.

Ўғлини безовта қилаётганлигидан ўзини ўнғайсиз ҳис этаётган онанинг аҳволини кўриб ачинасиз. Аёл эса бу хонадонда уни илиқ қарши олишларига ишонганди, чунки ўғлини кўпдан бери кўрмаган ва унинг ҳозирги ҳаёти ҳақида кўп нарса билмасди. Тирноқ ковлаш билан андармон ўғилнинг қилиғидан онасининг тезроқ кетишини истаётганини тушуниш қийин эмас. Унинг хотини эса столнинг бошқа тарафида ўтирган қайнонасига тескари қараб олган. Бир сўз билан айтганда, бу хонадонда кампирни ҳеч ким кутмаганлиги аниқ.

"Крестьянка" журналида бу картинага шундай изоҳ берилган:
"Онаизор мажолсиз қўлларини тиззасига қўйган. Аччиқ ўй-хаёллари унинг юзида акс этиб турибди.
Балки у шу топда қандай одамни вояга етказганини, кимга ўзининг кучини, соғлигини ва оналик муҳаббатини сарф этгани ҳақида ўйлаётгандир. Рассом бу санъат асарида одамларнинг ўз манфаатларини азалий қадриятларидан устун қўйишдек маънавий кемтикларини
маҳорат билан тасвирлайди.

Шу билан ҳаммаси тугамади: картинада ўз онасини таниган ҳайкалтарош рассомнинг ёқасига ёпишди ва умрининг охирига қадар ундан нафратланиб юрди...

Рус тилидан Ҳамзабек Турдиев таржимаси




🥩🌮Қадимда қайсидир халқда тўйларда орасига гўшт солинган нон тарқатишган экан. Меҳмон сони кўп бўлса ва гўшт етмай қолса, улар ўзларини шу оила аъзосидек билган дўстлар ва яқинларга қуруқ нонларни узатишаркан. Ўз навбатида, оила яқинлари ҳам бу нонлар орасида гўёки гўшт бордек тасаввур уйғонсин учун иштаҳа билан уни тановул қилишган, сир бой беришмаган.

Иттифоқо, шундай тўйлардан бирида бир киши қарасаки, нон бўлаги орасида гўшт йўқ ва у ҳамманинг олдида: "Негадир менинг нон бўлагим орасига гўшт қўйилмаган. Бу қанақаси?!" дея қичқирибди. Бироз ўнғайсиз аҳволга тушган тўй эгаси унга шундай жавоб берган экан: "Сени яқин инсоним деб ўйлаганим учун олдингда айбдорман!"

Ҳар доим ҳам яқин деб ўйлаган инсонингиз сизга яқин бўлавермас экан...

https://t.me/hamzabek81




ГЛАДИАТОР АЁЛЛАР

Қадимги Римда гладиаторлар жанги ўтказилганлигини кўпчилик яхши билади. Ўша даврда бундай жанглар иштиёқ билан томоша қилинган ва бир жангчи иккинчи жангчини тиғ санчиб ўлдириши уларга ҳузур бағишлаган. Бундай томошалар ортидан кўплаб зодагонлар бойлик орттирганлар, ҳатто буни қўлловчилар орқасида ҳукмдорларнинг ўзлари туришган. Масалан, император Коммод бу каби жангларнинг ишқибози бўлиб қолмай, жангларда шахсан ўзи ҳам иштирок этган.
Римда аёллар ҳам гладиаторлар жангига жалб этилган ва улар фақат мустамлака мамлакатлардан олиб келинган қуллардан иборат эмас эди. Унда маблағ эвазига озод аёллар ҳам қатнашишлари мумкин эди.

Номдор гладиатор аёллардан бири - Градеска Манутиусдир. У бир пайтлар Спартак қўзғолонида қатнашган. Қўзғолончилар сафларида туриб жанг қилган. Қўзғолон бостирилгач, қул қилинган ва гладиаторлар сафига киритилган эди. Қора сочли Градеска икки юздан ортиқ жангларда ғалаба қозонган. Шу пайтга қадар аёлнинг ғалабаларидан лаззатланган ва уни олқишлаган оломон фурсат ўтиб ундан зерикади, кўнгиллари янги қаҳрамонларга суст кетади. Жанг ташкилотчилари эса Градескани тенгсиз олишувга ундаб ҳалок этишади.

Рим тарихида императорлар - Цезар ва Домициан айнан аёллар ўртасидаги бундай жангларнинг ислоҳотчилари сифатида ном қозонишди. Кейинчалик император Септимий Северус аёлларнинг аренага чиқишини таъқиқлаган. Таъқиққа қарамай, саройда таъсир доираси юқори бўлган амалдорлар қўллови билан гладиатор аёллар жанги яна узоқ йиллар давом этган.

https://t.me/hamzabek81


САХИЙЛИК ФАЛСАФАСИ

Хоним сотувчидан сўради:

– Тухумингизни қанчага сотасиз?

Кекса сотувчи жавоб берди:

– Тухум нархи 0,50 цент, хоним.

Хоним:

– 2,50 еврога 6 дона тухум оламан, кўнмасангиз, кетаман. – деди.

Қария оғир хўрсиниб, унга жавоб берди:

– Майли, ўзингиз хоҳлаган нархда сотиб олинг, хоним. Тухумларим ҳарна сотилгани маъқул, чунки мен бугун бирорта ҳам тухум сота олганим йўқ ва рўзғорим учун пул зарур.

Кибор хоним тухумларни муҳтож кишидан келишилган нархда сотиб олди ва ўзини ғолиблардек ҳис қилди. Чунки у ўзини айтганини қилдирганди ва пулини тежаб қолганидан мамнун эди.

У ўзининг қимматбаҳо, сўнгги русумдаги машинасига ўтириб, дугонаси билан ҳашаматли ресторанга борди.

У дугонаси иккиси хоҳлаган нарсаларини, хусусан, тансиқ таомларни буюришди. Оз-оз еб, буюртма қилганларининг кўпини дастурхонда қолдиришди.

Шу тарзда, жами 400 евро бўлган ҳисоб учун, хонимлар ўзларининг бойвачча эканликларини кўз-кўз қилишиб, 500 евро беришди ва дабдабали ресторан официантига қолган пулни чойчақа сифатида олишларини айтишди...

Бу ҳикоя нуфузли ва қимматбаҳо ресторан соҳиблари учун мутлақо оддий ҳолдек туюлиши мумкин, лекин тухум сотувчига нисбатан жуда адолатсизлик содир бўлди...

Савол:

Нега биз муҳтожлардан бирор нарса сотиб олаётганда, доимо кучимизни, улардан устун эканлигимизни кўрсатишга уринамиз?
Нега бизнинг "ҳотамтойлигимизга" муҳтож бўлмаганларга нисбатан сахиймиз?


Бир пайтлар қаердадир шу жумлаларни ўқиганим ёдимга тушди:

“Отам, гарчи бу нарсаларга муҳтож бўлмаса ҳам, камбағаллардан қиммат нархда мол сотиб оларди.

У баъзан уларга керагидан кўпроқ пул ҳам тўларди.

Бир куни мен отамдан сўрадим:

— Нега бундай қиласиз, ота? Ахир улардан сотиб олган буюмларга эҳтиёжингиз йўқ, қолаверса, ўша сотиб олган нарсаларингизни барибир бошқа камбағалларга тарқатасиз?

Отам ўшанда ўйчан қиёфада, кулумсираганича жавоб берганди:

– Бу муҳтожликка тушиб қолган кишиларнинг қадр-қимматини ерга урмаслик учун, болам. Аслида, бу хайрия, ўғлим!".

Муҳтожликка тушиб қолган одам билан дангаса, ишёқмас ва боқимонда кимсалар ўртасида фарқ бор, албатта. Ногирон, боқувчисини йўқотган (турмуш ўртоғи бахтсиз ҳодиса ё касаллик сабабли оламдан ўтган), кексаликда қаровсиз қолган ё фарзанд кўрмаганидан ёлғиз яшаб, қариган инсонлар чинакам муҳтожлардир. Уларга сўзда эмас, амалда инсонийликни кўрсатган, берганини миннат қилмаган ва кўз-кўзламаган чинакам саховатпеша ИНСОНларга Оллоҳ икки дунё саодатини берсин!

Музаффар Муҳаммадназарнинг Фейсбукдаги саҳифасидан




БОЛАЛИК
Сувялпизга тушимни айтдим,
Соҳилларга чалиб бердим най.
Томга чиқсам шабада чорлар:
“Кел, сочингни мен ўзим тарай!”.
Қўзигуллар кулишни билар,
Чумолилар киймайди кавуш.
Қишлоқдаги кишмиш ишкомлар
Саноқларин аниқ билар қуш.
Ниначилар кўзлари коса,
Кўзгуларга сиғмайди боши.
Сузма халта тешар ҳакканинг
Менга ёқмас ўғри қароши.
Варрагимни бузиб кетди дўл,
Ипларини излайди каптар.
Саҳро қизил қабо кийганин
Қизғалдоқлар берганда хабар.
Ялтир-юлтир тилла қўнғизлар
Кўз ўйнатиб учса тўрт томон.
Ҳайрон, улар ортидан кетдим…
Ҳамон уйга қайтишим гумон…

Турли йилларда унинг "Осмондаги фаришта"," Қуш киприги", "Бухорнур ёки етти пир", "Бухорода гужум гуллади", "Қуш киприги" каби кўплаб шеърий ва насрий тўпламлари нашр этилган. Ўз услубига эга истеъдодли шоиранинг шеърлари шеър ихлосмандларининг назарига тушган. Таржима ишида ҳам баракали меҳнат қилмоқда.
Унинг бир яхши фазилати бор: ночорни, ёрдамга муҳтож одамни кўрса, шунчаки ўтиб кета олмайди. “Кўп куйинманг, азизим. Пул топиладиган нарса, мен ёрдам қиламан сизга. Уч-тўрт кун сабр қилинг...” Опа ойлигини олиб, қўшқўллаб берган ва баъзида ололмаган пайтлар ҳам бўлган. Аммо у барибир яхшилик қилаверади. Мардлиги бор, ваъда берса, албатта бажарадиган субути бор.
Баъзан суҳбатлашиб ўтирарканмиз, хаёлан бошқа оламда юргандек бўлади. Савол назари билан қарайман. У бўлса нигоҳларини қадалиб қолган ўша нуқтадан узиб: “фалон-фалон мавзуларда бир нарсалар ёзишни режа қилиб юрибман. Шуларнинг ғоясини миямда пишитиб ўтирибман”, дейди жилмайиб. Бироз фурсат ўтиб саркаш хаёллари шамол янглиғ узоқ ўтмиш томон елиб кетади. Кўз ўнгида қумтепаликлар ўрнида қад кўтарган истеҳкомлар, қадимий шаҳарлар гавдаланади. Душманга қарши от солган ўғлонларнинг қиличи дамида ярқираган қуёш акси кўзларини қамаштиргандек бўлади. Шеърларидан, мақолаларидан тирикликнинг нафаси келгандек туюлаверади. Уларни ўқир экансиз, чанқоқ палласида айронга қонган вужуд каби қалбингиз ҳузурни, лаззатни туяверади.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раиси в.б Шамшод Очилов, Уюшма аъзолари ҳамда ёш ижодкорлар мустақиллигимизнинг 33 йиллиги байрами муносабати билан “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” бош ғоясини мужассам этган “Фахрий журналистлар эътибор ва эъзозда” акцияси доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Бухоро оқшоми” газетаси муҳаррири Ибодат Ражабова хонадонида бўлдилар.
Таъкидлаш ўринлики, Мустақиллик байрами арафасида устоз Президент Фармонига биноан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Меҳмонлар И.Ражабовани қўшалоқ байрам билан қутлаб, унга ўзларининг самимий тилакларини билдирдилар.
Ютуқлар, эътирофлар бардавом бўлсин, деймиз.

Ҳамзабек ТУРДИЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси


ТИРИКЛИКНИНГ ҲИДИ КЕЛАР БИТИКЛАРИДАН

Ижодкор зоти азалдан бошқалардан ажралиб турган. Бироқ худо назар солган шоирлару ёзувчилар ичида ҳам айро тургувчи “зоҳид”лари борлигини биласизми? Уларнинг феъли-ю аъмоли бўлак, дунёси бўлак. Рауф Парфи, Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод, Тилак Жўра каби бир қатор сўз заргарларига замондошлари мана шундай нисбат берганликлари бежиз эмас. Мақоламиз қаҳрамони ҳам ижодда “дарвишлик жандасини елкасига илган” қаламкашлардан бири, десак муболаға бўлмайди.

Унинг пўрим кийинганини, қиммат тақинчоқлар-у пардозга кўнгли суст кетганини биров пайқамаган. Оқ оралаган сочларини ҳинога бўяб олишини ҳисобга олмаганда, ўз одатича ўша оддийликка содиқ қолган. Яёв юришни яхши кўргани учун кўпинча уни қўлтиғига бир даста қоғоз қистирган кўйи шаҳар кўчаларида кезиб юрганини кўришади. Гоҳ обуна дардида ташкилотма-ташкилот юрса, гоҳида эски шаҳарнинг тор кўчалари бўйлаб вазмин қадам ташлаб кетаётган бўлади. Нега десангиз, боболар пой-қадами етган жойлар, ўтмишдан мерос ҳар бир осори-атиқа уни ўзига мафтун этаверади.

Шоира ва журналист Ибодат Ражабованинг болалиги кўҳна Бухоронинг Пешкў туманида, аниқроғи олис Қалаймиришкор қишлоғида кечган. Шу қишлоқ, унинг соддадил одамлари, ота ҳовли илк шеърларига “доялик қилган”. Қалам аҳлининг аксарияти табиати кўзни қувнатадиган ўрмонлар, тоғлар ва дарёлар атрофларида яшаб, шу гўзалликдан илҳомланиб улғайганини биламиз. Аммо Ватан шундай бир гўшаки, у тоғда бўладими, саҳродами, фарқи йўқ, ўз дилбандининг қалбини муҳаббатга лиммо-лим қилаверади, уни илҳомлантираверади.

Ёш Ибодат кўп болали деҳқон оиласида вояга етди. Ўша кезлар бир қишлоқ қизи қилиши керак бўлган барча юмушларни бажарган. Шу юмушлардан, мактабдан ортиб китоб ўқишга ҳам вақт топарди. Серфарзанд оилаларда ҳар доим ҳам тўкинлик бўлавермаган. Ҳамманинг янги кийим олгиси, синфдошлари олдида мақтангиси келарди. Бироқ, катталарнинг кийими тор келиб қолгани учун кичиклар уларни кийишга мажбур бўлишарди.
У ниҳоятда серсавол қиз эди. Бу эса баъзида катталарнинг ғашини келтирарди. Шунда бобоси унинг тарафини олар, ўғли Абдуллани уришиб, ота масъулиятини ёдига солиб қўярди. Невара бундан руҳланар, яна саволга тутаверарди: “Анави тепаликнинг номи нима?”, “Даштдаги мозористонни кўҳна дейишади, унга кимлар кўмилган?”, “Қишлоғимиз номининг маъносини айтиб беринг?”, “Биз томонларда ҳам ҳимоя деворлари бўлганми?”, “Афросиёбнинг қабри қаерда?..”
Бобосининг қўллаб-қувватлови билан дастлаб Самарқанд давлат университетининг филология, кейинроқ эса Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетларини тамомлади.

Аввал туман газетасида ишлаб, устозлардан журналистиканинг сир-асрорларини ўрганди. Шеърлари, мақолалари маҳаллий ва республика нашрларида бирин-кетин эълон қилина бошлади. Фаолиятининг салмоқли қисми Бухоро вилоят телевидениеси билан боғлиқ. Телевидениеда ишлар экан, Бухоро тарихини ўрганиш ва аждодлар меросини халққа танитиш борасида катта ишлар қилди.
Эътирозини шартта одамнинг юзига айтиб ташлайдиган одати бор. Адолат талабида ноҳақликка қарши муносабат билдирадиганлар ҳаммага ҳам ёқмайди. Шу сабаб раҳбарият билан келишолмай, ишдан бўшайди. Кўп ўтмай “Бухоро оқшоми” газетасининг ўша пайтдаги муҳаррири Сафар Аҳмедов уни ишга олди. Айнан ўша даврдан бошлаб ушбу нашрда бирга ишлай бошлаганмиз.

Ўша йилларда ҳам матбуотнинг нони юмшоқ бўлмаган. Кўпинча таҳририятлар пулга ёлчимасди. Бир томондан молиявий қийинчиликлар, иккинчи тарафдан танқидий материаллар учун босимлар, бошқа томондан таҳририят ходимлари учун муносиб шароитларнинг йўқлиги бизни қийнарди. Қишнинг изғиринли кунларида совуқ хоналарда ўтириб ишлашга мажбур бўлардик. Чунки таҳририятнинг ўз биноси сносга туширилиб, бузиб ташланган, бирровга деб кўчиб ўтган жойда эса иссиқлик тизими ишламасди. Совуқ жонимиздан ўтган кезлар Ибодат опа билан ташқарига чиқардик ва кучсиз қуёш нурларида бироз “исиниб”, тағин хонага қайтардик.
Турли мавзуларда баҳслашардик, муҳокамалар қилардик. Кўпинча тарихдан сўз очар, янги ёзган шеърларидан ўқиб берарди. Шулардан бирини сиз ҳам ўқиб кўринг-а?


Менимча, энди оқни – оқ, қорани эса қора деб атайдиган даврлар келди. Муҳаммад Шайбонийхон сингари улуғларимизнинг пок номларини хору хаслардан тозалаб, халққа бошқатдан тақдим этиш лозим деб ўйлайман. Токим келгуси насллар ўз аждодларини яхши таниб олсинлар, шундагина уларда миллий ғурур туйғуси тўлақонли шаклланади. Энди эса юқорида эслаганим - 1998 йилда битилган ўша шеър билан мулоҳазаларимизга нуқта қўямиз:
ШАЙБОНИЙХОН
(Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, беназир актёр ҳожи Муҳаммад Рафиқов хотирасига)

Не кунлар кўрмади жафокаш бу юрт
Манқуртлик ёйилди, мисоли бало,
Сиз ҳам кўп кутдингиз, кўзлар бўлиб тўрт
Бизни маъзур тутинг энди, хон бобо.

Сизга тошлар отдик билиб-билмайин
Хатойимиз идрок қилиб-қилмайин,
Гумроҳлар улуғни кўзга илмайин...
Бизни маъзур тутинг энди, хон бобо.

Сиз хонсиз, ҳукмдор деса, дегулик
Асл мақсадингиз эди эзгулик,
Ғариб бошингизда бунча кўргулик
Бизни маъзур тутинг энди, хон бобо.

Дашти Қипчоқлардан келган ўзбексиз
Ойлаб от устида елган ўзбексиз,
Ҳатто Қуръон тафсир қилган ўзбексиз
Бизни маъзур тутинг энди, хон бобо.

Бобуршоҳ бир ёнда, сиз бир томонда
Кимлар шаҳид кетди, кимлар омонда,
Кўп қонлар тўкилди кўҳна Туронда
Бизни маъзур тутинг энди, хон бобо.

Халифайи Раҳмон, Имоми замон
Сиз нозиктаъб шоир, сиз – Шайбонийхон,
Қайда қолди сиздан мерос ул девон
Бизни маъзур тутинг энди, хон бобо.

Хомталаш бўлади, бирлашмаса турк
Жону жигар бўлиб сирлашмаса турк,
Бир тепа, бир тоғдай қирлашмаса турк
Бизни маъзур тутинг энди, хон бобо.

Ўзбек бағрин очар бугун дунёга
Шеърдан кўприк ташлаб Амударёга,
“Иним!” деб қўл чўзинг Бобур Мирзога
Бизни маъзур тутинг энди, жон бобо.

Абдунаби Ҳамро


БЕГОНА ДАДАНГ БЎЛМАС

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг телеграмдаги каналида шоир Тўлқин Эшбекнинг Шайбонийхон ҳақидаги мақоласини, сўнг муаллиф таклиф этган Ўлжабой Қаршибойнинг “Шайбонийхон бизга “бегона”ми?” сарлавҳали мақоласини ўқиб чиқдим. Жуда маъқул бўлди. Рост, мантиқий фикрлар битилган. Мен Шайбонийхон шахсининг ғоят зиддиятли эканлиги борасида кўпдан ўйлайман, ҳатто 1998 йилда бир шеър ҳам битганман. Шеър сарлавҳасининг остида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ҳожи Муҳаммад Рафиқовга” деган ёзув бор. Кейинроқ раҳматлик Муҳаммад ака Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби бўлди. Мухлисларнинг эсларида бўлса, ўша машҳур “Юлдузли тунлар” видеофильмида Муҳаммад Рафиқов Шайбонийхон ролини қойилмақом қилиб ижро этганди. Унинг “Жойнамозим тахтимдан юксакроқ!” деган сўзлари томошабинларнинг қалбларини ҳаяжонга тўлдирган бўлса ажабмас. Кейинроқ бу улкан актёр Амир Темур, Имом Бухорий сингари тарихий сиймолар образини, “Шайтанат” сериалида Абдураҳмон табиб, “Кеча ва кундуз”да Мирёқуб образини яратиб, юқорида айтганим юксак унвонга сазовор бўлганди. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин у кишини!
Хўп, гапимиз Шайбонийхон тўғрисида эди. Халқда “Тол ёғоч маданг бўлмас, бегона даданг бўлмас” деган мақол бор. (Маданг – қадимда эшикларни ичкаридан бекитиб қўядиган лўкидоннинг бир қисми, ҳозир улар темирдан, кичикроқ қилиб ясалади, биз буни ўрисча қилиб “крючок” дейишга одатланганмиз. Тол ёғочи мўртроқ бўлгани учун ундан маданг қилишмаган, агар ташқаридан келган одам сал қаттиқроқ итарса, маданг синиб, эшик очилиб кетган). Нега биз етти ёт бегоналарни, Ленинга ўхшаганларни “бобомиз” дедигу, Шайбонийхон каби аждодларимизни унутдик? Ўзбекистон Халқ шоири Омон Матжон ўш машҳур “Турғунлик йиллари” достонида “Амир ҳам ўз кишинг, Хон ҳам ўз кишинг” деганида, шунга ишора қилмадимикан?
Халқимизда тағин бир ибратли гап бор. “Агар Худонинг назари тушмаса, эшак бозорига даллол ҳам бўлолмайсан” дейилади унда. Шайбонийхонга Аллоҳ назари тушмаган бўлса, у шунчалик улуғ салтанатни қура олармиди? Тағин бир гап: ислом тарихида Қуръони каримни тафсир этишга ҳамма ҳам журъат қилолмаган, уламоларимиз буни яхши билишади. Лекин, Муҳаммад Шайбонийхон тафсир қилган Каломи шарифни! Демак, у шунга яраша иқтидор, салоҳият эгаси бўлган. Олимларимиз Шайбонийхон сингари боболаримиз тарихини рус тарихчилари уқтирган сохта маълумотлар асосида эмас, балки ўша даврда ёхуд нисбатан кечроқ битилган манбалар асосида ўрганишлари ва лозим бўлган ҳаққоний хулосани чиқаришлари керак. Ахир, тарихнинг асрлар давомида бир неча бор сохталаштирилгани бугун кўпчиликка аёнку! Чор Россияси ва Шўро олимлари Шайбонийхон сингари етук шахсларнинг чинакам сиймоларини халқдан яширишлари табиий ҳол эди. Чунки, аждодлари жасур бўлганлигини англаб етган авлод эркка, мустақилликка интилади, Шўро эса бундан манфаатдор эмасди. Бобур Мирзони олиб қолиб, Шайбонийхонни олабўжи қилиб кўрсатишдан асосий мақсад – Бобурийлар салтанатини ҳам ўзбекларники, туркларники эмас, балки “Буюк Мўғуллар империяси” деб аташга сохта илмий асос яратиш, туркий миллатни камситиш эди. Ва улар бу ниятларига етдилар ҳам: ҳозиргача ҳатто тарихчи олимларимиз ҳам Шайбонийхонга ўгай кўз билан қараб келишади. Шўро мафкурасининг тазйиқи билан биз аслида даъюс ва худоликни даъво этган осий Муқаннани (Оғзига тупроқ!) миллий қаҳрамон санадик, ҳатто ҳозир ҳам уни кўпчилик Широқ, Спитамен, Тўмарис каби қаҳрамонлар қаторида тилга олади. “Тарихи Табарий”ни ўқиб кўрганлар асл ҳақиқатни англаши аниқ.
Тарих жуда чигал, у худди лабиринтга ўхшайди. Ҳар қандай шахс ёки ҳодиса борасида хулоса чиқаришда жуда эҳтиёт бўлган яхши, чунки баҳолар ҳамиша ҳам холис бўлавермайди. Агар у ўша даврдаги кимларнингдир қарашларига зид бўлса, у ўз нуқтаи назаридан туриб, нохолис баҳолаган бўлиши мумкин. Масалан, Маҳмуд Таробийни биз араб босқинига қарши курашган миллий қаҳрамон сифатида биламиз, шоҳ ва олим Мирзо Улуғбек эса ўзининг “Тўрт улус тарихи” асрида Таробийни “бошибузуқ” деб атаган.


Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими томонидан Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан фахрий журналистлар йўқланмоқда, улар ҳолидан хабар олинмоқда. “Фахрий журналистлар эътибор ва эъзозда” лойиҳасининг навбатдаги манзили вилоятнинг олис ҳудуди - Олот тумани бўлди.

Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари аъзоси, шоир, ёзувчи ҳамда матбуот фахрийси Абдунаби Ҳамро хонадонида бўлдик. Суҳбатимиз адабиёт, журналистика тўғрисида бўлди. Ўзбек адабиёти ва миллий журналистика ривожига ҳисса қўшиб кетган устозлар ёдга олинди.
Кўп қиррали ижодкор Абдунаби Ҳамродан шеърлар ва қўшиқлар тингладик. Ҳазил-мутойибага ўч устоздан теша тегмаган латифалар эшитиб, кўнглимиз яйради.




💎 Мақсад майдалашса, марра сари элтадиган йўл ҳам йироқлашиб бораверади.
Бу сўзларни хоҳ ўз ҳаётингизга тадбиқ этиб кўринг, хоҳ соҳалар кесимида тадқиқ этиб кўринг, фарқи йўқ. Моҳият ўзгармай қолаверади...




Қутиришга қарши эмлаш олиш мақсадида поликлиникага бордим. Ҳаво иссиқ, ҳовлида ҳеч ким йўқ, ҳамма ичкарида. Бино ичи турли бемор ва уларнинг яқинлари билан тўла. Кондиционер туфайли шунақа бўлса керак.

Хуллас ичкарида қирққа яқин одам, ғала-ғовур, биров бировнинг гапини тушунмайди. Ора-орада болаларнинг ғингшигани эшитилиб туради. Шунда эшик очилиб, ичкаридан жикаккина ҳамшира отилиб чиқди ва чийиллаган овозда бақириб деди: "Қутуриш билан ким келган эди?.."

Атрофдаги шовқинлар бирдан тинди. Ўлик сукунат. Ҳатто болалар ҳам ғингшимай қолди. Гўё ҳамма нафас олишдан тўхтагандек. Секин ўрнимдан турдим. Иккита кўзни қўшиб ҳисоблаганда юзга яқин нигоҳ менга қадалди. "14-хона" деб ёзиб қўйилган эшик томон секин одимладим. Мени жим кузатишда давом этарди ҳамма.

Эшикни очдим, сўнг ортимга қарадим. Ўша нигоҳлар... Таранглашган асабларим ва бутун аламимни жағларим орасига жамладим-да, икки марта "вов-вов" дедим...
🤣🤣

©️ Сарвар Раҳимий


Обид ҚЎЛДОШ олами dan repost
Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Кўпдан буён Пешкуга бориб, самимий инсонлар билан дилдан суҳбатлашиш ниятида эдик.

Ҳамзабек акадан бошқа ҳамма шеър ўқиди...

https://t.me/azob4


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
📝 "Ҳар тонг..."

✍🏻 Ҳамзабек Турдиев





20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.