Полвонак қишлоғига икки километр етмасдан машинани жойладик. Чунки қайтишда Обипар дараси бўйлаб тўғри машинага тушамиз. Асфальт йўл бўйлаб, юқориладик. Ҳозир саёҳат мавсуми бўлмагани боис машиналар деярли йўқ. Пастда оқаётган Пском дарёсининг шарқироқ овозию, қушларнинг чуғур-чуғури билан сердарахт Полвонак қишлоғига пиёда кириб бордик. Бирин-кетин ёққан ёмғирлар сабабми, худди баҳор қайта келганга ўхшайди – боғлар орасидаги тупроқ кўм-кўк барра ўт билан қопланган.
Биринчи манзилимиз – Полвонак шаршараси. Маҳаллий саёҳатчилар “яшил шаршара” деб ҳам аташади. Шаршарага олиб тушадиган сўқмоқ бир онахоннинг боғ-ҳовлисидан ўтаркан. Онахондан рухсат сўраб, йўл сўрадик. Тоғ одамлари жуда бошқача-да, онахон уйига таклиф қилиб чой тайёрлигини, боғдаги олмалардан олишимизни айтди. Ўғлини чақириб, йўлни кўрсатиб қўйди. Пском дарёсининг нариги қирғоғида яна 3 та шаршара кўринди.
Полвонак шаршарасига йўл дарахтзор оралаб ўтаркан. Йўлда олча, дўланалар ғарқ пишибди. Ёнғоқзор орасидан шаршаранинг ёқимли овози эшитилди. Бекорга яшил шаршара дейишмас экан – салқин дарахтзор орасида кўм-кўк сувўтлари бағридан сокин тушаётган сувлар ҳар қандай одамнинг баҳри дилини очади. 15 метр баландликдан тушадиган уч поғонали ушбу шаршара ҳақиқий мўъжизанинг ўзи. Шериклар кетгиси келмай қолди. Бу ҳали бошланиши, олдинда ҳали бунданам гўзал шаршаралар кутаётганини айтдим. Қайтишда онахонга икром қилиб, дуоларини олдик. Онахон қўярда қўймай, бир халтага олма, олхўри, ёнғоқларни тўлдириб берди.
Онахоннинг ҳовлиси қаршисида қабристон бор. Шу ердан юқорига, дарага йўл кетган. Одамларнинг ҳовлилари тугаб, аввал ўнг, кейин чап тарафга дара бўйлаб сўқмоқ кетган. Шу йўл билан юқорига кўтарилишни бошладик. Бу ёғига тупроқ йўлнинг ўзи йўқ. Тош ва шағал уюмлари бўйлаб кўтариламиз. Қаршимизда Угом тизмасининг баланд, мағрур қоялари. Узоқдан шаршара сувлари қорайтирган доғ кўринади. Шериклар “бу намунча тепада, тик жойдан қандай чиқамиз” дея хавотирланишади. Мен пастдан шундай кўринишини, борар йўл мавжудлигини айтаман.
Бундай тошлоқ йўл аввалига зерикарли туюлади, лекин Яратганнинг бу яратиқларини томоша қилиб, тафаккур қилиб борсангиз, ғайратингиз янада жўшади. Яхши ҳамроҳларнинг суҳбати эса йўлни яқин қилади. Дарадаги бу тошлар неча минг йиллик тектоник ўзгаришларнинг натижасидир. Бир замонлар бу ерда вулқон отилган, унинг лаваси шу дара бўйлаб оққан. Бундан ташқари, турли зилзилалар, емирилишлар, кўчкилар сабаб юқоридан тошлар ажралиб, шу дарага тушган. Шу боис ҳам эрта баҳор пайтлари бу дарада юриш хавфли, исталган пайт қор кўчиб, ўзи билан тошларни ҳам юмалатиши мумкин. Ёз-куз мавсумида бундай хавф кам, лекин барибир эҳтиёт чораларини кўриш зарар қилмайди.
Тахминан 3 километр юриб, 500 метр кўтарилганимиздан кейин, денгиз сатҳидан 1480 метр баландликда кичикроқ шаршарани учратдик. 5 метр баландликдаги шаршара остида нонушта қилдик. Бу ёғига дара янада торайиб, нишаблик баландлашиб борди. Опар шаршарасига яқинлашганимизда пастроқда кичик шаршараларни ҳам кўрдик. Юқоридаги шаршаранинг маҳобати муҳташам.
Денгиз сатҳидан 1650 метр баландликда жойлашган Опар шаршараси қарийб 70 метрлик тик қоядан тушади. Шу ердан йўлнинг энг қийин участкаси бошланади. Жуда тик бўлган тоғ йўли бўйлаб қояни айланиб ўтишга тўғри келади. Ниҳоят, юқоридан нисбатан яхшироқ сўқмоқ йўли кўринди. Шу билан кейинги дарага, навбатдаги шаршаралар томон йўлга тушдик.
Орқамиздан Пском тизмасининг Тавалган, Пиёзак, Падар ва Чадак чўққилари кўринади. 3000 метрдан баланд бу чўққиларга қор тушибди. Тошлоқ йўл бўйлаб яна юқорилаймиз. Денгиз сатҳидан 1760 метр баландликда уч шохли шаршарага дуч келдик. Юқорида катта шаршара ҳам кўриниб турибди. Яна 200 метрча юқориласак, бас – бугунги энг юқори манзилга етамиз, уёғи пастга тушиш.