Эй Худо,
Буларга ўзинг айт шоирлигимни,
Шу сабаб жунунга мойиллигимни.
Мен ожиз қолганман, ўзинг тушунтир,
Шеър ёзиш иккимиз биладиган сир.
У саксон, юз ёшни кўзламайди де,
Нафақа олишни истамайди де.
Майдалаб-майдалаб еманглар дегин,
Отга хар емишин берманглар дегин.
Орзу деб тутганин орим кўтармас,
Сен айтгин, бу бандам фақат мендан қарз,
Мен унга паришон хаёл берганман,
Яна айтгин,
кўнглига яқин бир аёл берганман.
Айтавер, уларга бермаганман кун,
Шундан бечоралар, бахтсиз ва юпун.
Руҳига солганман икки ҳовуч ғам,
Шунинг учун исмин шоир деганман.
Художон, буларга ўзинг бер хабар,
Кўнглини тўқ қилсин қабрга қадар,
Калима қайтармай ўлиб нетмайман,
Ҳеч кимнинг айбини ёзиб кетмайман.
Уларга айтиб қўй, заҳрин сочмасин,
Кўнглимдаги нафрат қабрин очмасин.
Таъриф бер, бу бандам шамол қавмидан,
Тўнини тўрт фасл бирга қавиган.
Тўрт қутуб туз сепган манглайига де,
Ҳизр бармоқ солган танглайига де.
Қошида безрайиб турманглар дегин,
Мазлум карвонимга ҳурманглар дегин.
Дунёни бўлишиб олсин майлига,
Мени тинч қўйишсин, айтиб қўй Эгам.
Эй Худо,
Буларга ўзинг айт, юлмасин юзим,
Қўлим боғламасин, ўймасин кўзим.
Овора бўлмасин жаллод ҳамда дор,
Тинчгина қабрга кираман ўзим.
Буларга тушунтир бўлмасин ҳалак,
Умр май,
Мен уни ичгум бегазак!
Бек Али