Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 ноябрдаги "Умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа маданияти фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги
ПҚ-391-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра:
Ўқувчиларни мусиқа ва санъатга кенг жалб этиш ва уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш учун болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда умумий ўрта таълим мактаблари интеграциясини йўлга қўйиш мақсадида қуйидагилар умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа маданияти фанини ривожлантиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқиш; ўқитувчилар малакасини оширишнинг янги тартибини жорий этиш;
ўқитувчиларга малака тоифасини бериш механизмини қайта кўриб чиқиш;
мусиқа маданияти фани ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини аниқлаш бўйича миллий баҳолаш тизимини йўлга қўйиш; маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари битирувчиларини мактабларга ишга қабул қилиш тизимини соддалаштириш. Шунингдек, қарорга кўра 2025 йил 1 мартдан бошлаб мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун назария ва амалиёт уйғунлаштирилган ҳолда малака ошириш тизими йўлга қўйилиши, бунда малака ошириш таълим дастурининг назарий қисми А. Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар педагогик маҳорат марказларида, амалий қисми болалар мусиқа ва санъат мактабларида ташкил этилиши ва марказларга ишга қабул қилинадиган мусиқа маданияти фани ўқитувчилари меҳнатига соатбай асосда иш ҳақи тўланиши белгиланди.
2025 йилнинг 1 сентябридан бошлаб:
болалар мусиқа ва санъат мактабларининг белгиланган ўқув дастурларини тўлиқ якунлаган, 11-синфни тугатган умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномага эга бўлган
битирувчиларга "Баркамол авлод" болалар мактабларида тўгарак раҳбари сифатида ишлаш ҳуқуқи берилади;
маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасаларининг ўқув дастури доирасида психология ва педагогика фанларини ўрганган мусиқа йўналиши
битирувчиларига мактабларда мусиқа маданияти фанини ўқитишга руҳсат берилади.
Бунда мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига миллий чолғу асбобларидан камида 1 тасини ижро этиш кўникмасига эга бўлиш талаби қўйилади. Маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари битирувчиларининг битирув олди амалиёти келишув асосида мактабларда ташкил этилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига: 2025/2026 ўқув йилига қадар мусиқа маданияти фани ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини аниқлаш бўйича миллий баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш чораларини кўриш;
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб маданият йўналишида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларида психология ва педагогика фанларини ўқитиш амалиётини жорий қилиш
вазифалари топширилди. Маданият вазирлигига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 2025 йил 1 апредан бошлаб "Турон" мактаб театрининг ижобий тажрибаси асосида мактабларда "Иқтидор" бадиий ҳаваскорлик жамоаларини ташкил этиб, жамоалар ўртасида "Иқтидор мактаб ансамбли" республика танловини ўтказиш вазифаси юклатилди.
Бунда:
танлов ҳар йили миллий ва жаҳон мусиқаси йўналишлари бўйича мактабларнинг бадиий ҳаваскорлик жамоалари ўртасида ўтказилади;
танловнинг республика босқичи ғолиблари хорижий давлатларга таълим саёҳатига юборилади.
Мусиқа маданияти фани ўқитувчиларига малака тоифаларини бериш 2 босқичда амалга оширилади: биринчи босқич-Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказиладиган тест синовлари;
иккинчи босқич-Маданият вазирлиги томонидан белгиланган болалар мусиқа ва санъат мактабларида ташкил этиладиган амалий(ижодий) имтиҳон.
@angrenmadaniyat