Dilfuza Komil dan repost
#Дилфуза_Комилдан
Болалигимнинг ёз кунларида танаси йўғон, кекса тут дарахти соясида ўйнашни яхши кўрардик. У тут адирликнинг шундоққина тик ёнбағрида ўсган эди. Битта йўғон шохи пастликка эгилиб турарди.
Бир куни бир дугонамнинг акаси ўша тут шохларидан бирига пишиқ арқондан арғимчоқ солиб берди. Бутун маҳалланинг боласи ўша жойда тўпланди. Ҳамма мазза қилиб арғимчоқ учиш илинжида, лекин ҳеч кимнинг юраги дов бермаяпти. Сабаби, мабодо йиқилгудек бўлса, тўғри пастликка қулайди.
- Сен биринчи уч...
- Йўқ, сен уч... – деб бир-бирини итаришяпти болалар.
Унча-бунча нарсадан қўрқмайдиганлар ҳам иккиланиб турибмиз.
Шунда бир дугонам:
- Ҳеч қўрқмай учаверинглар, мазза қиласизлар, - деди. - Мен эрталаб роса учдим. Икки марта пастга думаладим, ҳеч нарса қилгани йўқ. Тиззам билан қўлим салгина шилинди, холос. Пастда тупроқ юмшоққина бўлиб кўпчиб ётибди... Тош-пош йўқ.
Ўша топда бувимнинг гаплари эсимга тушди. Йиқилиб-нетиб дод-вой қилсак:
- Йиқилган бўлсанг, ўзингнинг ерингга йиқилибсан, болам, шунга йиғлайсанми? - дердилар.
Биринчилардан бўлиб учдим ўша куни. Кейин арғимчоқ талаш бўлди. Ҳеч ким йиқилишни ўйламади ҳам, ҳеч ким йиқилмади ҳам.
...Ҳозир ҳам жар ёқасида ҳалинчак учаётганга ўхшаймиз - йиқилишлардан қўрқмасак, йиқилмаймиз.
Қулашлар, йиқилишлар қўрқоқлик ортидан келади.
✍️ Дилфуза Комил
© Dilfuza Komil