ЯНА БИР РИВОЯТ
1
Нега бунча кўнглинг озода,
Бахтлимисан, шунча шаҳзода?
Тушларида сени кўриб маст
Етти иқлим маликалари.
О, кўнглингга нечун ўтирмас
Бу саройнинг таҳликалари?
Эркин яшаш борми дунёда?
Тегрангга боқ сергак, шаҳзода!
Қисмат эса сиғмас ташхисга:
Тақдир – душман – бахтингни сўйган –
Кўнглингдаги париваш қизга
Подшоҳ отанг уйланиб қўйган.
Бунча тахир ичганинг бода,
Англадингми ғамни, шаҳзода?
Бир шоҳтоймас сархуш кўйлайди:
“Ваҳ, жоним-а!..” – такрору такрор.
Ўгай онанг фитна ўйлайди,
Қотил кезар тегрангда бедор.
Нечун бошинг эгдинг ғамбода,
Дўстларинг ҳам ёвми, шаҳзода?
Ака-уканг қилич қайрашар –
Ўт тушади бор кирдикорга:
Отангни маҳв этиб, яйрашар,
Бир-бирини тортади дорга.
Ағёр дунё! Дастингдан дод-а,
Кетаяпсан, қайга шаҳзода?
Куйиб–куйиб юрак кул бўлган!
Қўлда асо, бошингда кулоҳ –
Тангри билан вужудинг тўлган,
Рақсу само: – Хақ дўст, ё оллоҳ!
Фақат сен бут, дунё парконда,
Аммо ғаминг беҳад, шаҳзода.
Сен девона – саройдан қочган,
Хазинани сочган бемиқдор.
Чўнтагингда – ўлмай деб очдан –
Қора кунга асралган динор.
Оғирмасми динор мабода?
Тангри ўзи бор-ку, шаҳзода!
Кимни кўрсанг – кўнглинг дўстхона,
Ким учраса – азиз, мукаррам.
Саҳро кечиб боряпсан, мана,
Икки дарвиш йўлдошинг билан .
О, нега сен бунчалар содда –
Оралади шайтон, шаҳзода!
Қаро тунда,эвоҳ, ётибсан,
Бошинг пачоқ, кўзларинг очиқ...
Қоронғуга қоқилиб дам-дам,
Икки дарвиш боради қочиб.
Сен барчани билдинг озода,
Жаннат насиб этсин, шаҳзода.
Тангри билан бўлмас ярашиб,
Юволмасанг кўнгил кирини.
Икки дарвиш динор талашиб,
Ўлдиради бири-бирини.
2
Бечоралик зоридан кеч,
Подшоҳликнинг оридан кеч,
Бу дунёнинг коридан кеч,
Аямай кеч, боридан кеч,
Худованддан бошқаси ҳеч,
Худованддан бошқаси ҳеч,
Худованддан бошқаси ҳеч...
Бир динорни билган зиёда –
Шаҳзода!..
14.10. 2020
Усмон Азим
https://t.me/UsmonAzimijodi
1
Нега бунча кўнглинг озода,
Бахтлимисан, шунча шаҳзода?
Тушларида сени кўриб маст
Етти иқлим маликалари.
О, кўнглингга нечун ўтирмас
Бу саройнинг таҳликалари?
Эркин яшаш борми дунёда?
Тегрангга боқ сергак, шаҳзода!
Қисмат эса сиғмас ташхисга:
Тақдир – душман – бахтингни сўйган –
Кўнглингдаги париваш қизга
Подшоҳ отанг уйланиб қўйган.
Бунча тахир ичганинг бода,
Англадингми ғамни, шаҳзода?
Бир шоҳтоймас сархуш кўйлайди:
“Ваҳ, жоним-а!..” – такрору такрор.
Ўгай онанг фитна ўйлайди,
Қотил кезар тегрангда бедор.
Нечун бошинг эгдинг ғамбода,
Дўстларинг ҳам ёвми, шаҳзода?
Ака-уканг қилич қайрашар –
Ўт тушади бор кирдикорга:
Отангни маҳв этиб, яйрашар,
Бир-бирини тортади дорга.
Ағёр дунё! Дастингдан дод-а,
Кетаяпсан, қайга шаҳзода?
Куйиб–куйиб юрак кул бўлган!
Қўлда асо, бошингда кулоҳ –
Тангри билан вужудинг тўлган,
Рақсу само: – Хақ дўст, ё оллоҳ!
Фақат сен бут, дунё парконда,
Аммо ғаминг беҳад, шаҳзода.
Сен девона – саройдан қочган,
Хазинани сочган бемиқдор.
Чўнтагингда – ўлмай деб очдан –
Қора кунга асралган динор.
Оғирмасми динор мабода?
Тангри ўзи бор-ку, шаҳзода!
Кимни кўрсанг – кўнглинг дўстхона,
Ким учраса – азиз, мукаррам.
Саҳро кечиб боряпсан, мана,
Икки дарвиш йўлдошинг билан .
О, нега сен бунчалар содда –
Оралади шайтон, шаҳзода!
Қаро тунда,эвоҳ, ётибсан,
Бошинг пачоқ, кўзларинг очиқ...
Қоронғуга қоқилиб дам-дам,
Икки дарвиш боради қочиб.
Сен барчани билдинг озода,
Жаннат насиб этсин, шаҳзода.
Тангри билан бўлмас ярашиб,
Юволмасанг кўнгил кирини.
Икки дарвиш динор талашиб,
Ўлдиради бири-бирини.
2
Бечоралик зоридан кеч,
Подшоҳликнинг оридан кеч,
Бу дунёнинг коридан кеч,
Аямай кеч, боридан кеч,
Худованддан бошқаси ҳеч,
Худованддан бошқаси ҳеч,
Худованддан бошқаси ҳеч...
Бир динорни билган зиёда –
Шаҳзода!..
14.10. 2020
Усмон Азим
https://t.me/UsmonAzimijodi