* * *
Сенсиз боғда кезар бенаво
Ақлу ҳушдан айро сукунат.
Яна туман. Яна ҳўл ҳаво.
Ва рутубат.
Оғир рутубат.
Мен ҳоридим ғамингни ёзиб,
Узилгудай умрим торлари.
Юрагимга кирмоқда босиб,
Ҳўв, тоғларнинг совуқ қорлари.
Осмонларда бўлсанг ҳам эшит –
Мен соғиндим сени. Ўртандим.
Шеър руҳимдан сатрлар эшиб,
Ўзимни осмоқни ўргандим.
Ахир, қандай жойлай тасвирга
Сенсиз умр ҳалокатини -
Кирмоғини соғинч тақдирга,
Ва узлуксиз талофатини.
Тошқинланди.
Сиғмагай энди
Руҳ кўникиш андазасига..
Мана, яна бош уриб келдим,
Сенсиз боғнинг дарвозасига.
Бу боғ сени эслайди ҳануз,
Сен ҳақингда сўзлар – бесадо,
Чайқалади суви йўқ ҳовуз,
Туман тўзғир, жунжикар ҳаво.
Ҳасрати кўп боғ суҳбатининг!
Эзғилайди сабрим тошини.
Мен йиғлайман - рутубатининг
Елкасига қўйиб бошимни.
Усмон Азим
https://t.me/UsmonAzimijodi
Сенсиз боғда кезар бенаво
Ақлу ҳушдан айро сукунат.
Яна туман. Яна ҳўл ҳаво.
Ва рутубат.
Оғир рутубат.
Мен ҳоридим ғамингни ёзиб,
Узилгудай умрим торлари.
Юрагимга кирмоқда босиб,
Ҳўв, тоғларнинг совуқ қорлари.
Осмонларда бўлсанг ҳам эшит –
Мен соғиндим сени. Ўртандим.
Шеър руҳимдан сатрлар эшиб,
Ўзимни осмоқни ўргандим.
Ахир, қандай жойлай тасвирга
Сенсиз умр ҳалокатини -
Кирмоғини соғинч тақдирга,
Ва узлуксиз талофатини.
Тошқинланди.
Сиғмагай энди
Руҳ кўникиш андазасига..
Мана, яна бош уриб келдим,
Сенсиз боғнинг дарвозасига.
Бу боғ сени эслайди ҳануз,
Сен ҳақингда сўзлар – бесадо,
Чайқалади суви йўқ ҳовуз,
Туман тўзғир, жунжикар ҳаво.
Ҳасрати кўп боғ суҳбатининг!
Эзғилайди сабрим тошини.
Мен йиғлайман - рутубатининг
Елкасига қўйиб бошимни.
Усмон Азим
https://t.me/UsmonAzimijodi