#Сеҳр
Шайтонлар одамларнинг ақийдаси, иродаси ва амалини бошқариб туриши мумкинми?Агар банда Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб юрса, жинлар унга қарши ҳеч нарса қила олмайди. Аммо одам боласи гумроҳ бўлиб, ўзи шайтоннинг малайи бўлиб олса, ўзидан кўрсин.
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида айтади:
«Албатта, сенга бандаларим устидан ҳукмронлик йўқдир, сенга эргашган гумроҳларгина мустасно» (42-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Иблисга хитоб қилиб, «Менинг мухлис бандаларимга сенинг ҳукминг ҳам, гапинг ҳам ўтмайди. Зийнатлашинг ҳам, йўлдан оздиришинг ҳам таъсир этмайди. Сенинг бу нарсаларинг фақат сенга эргашган, йўлдан адашган гумроҳларгагина ўтади ва таъсир қилади», демоқда.
Шайтон васваса қилишдан бошқага ярамайди. Ўша пайтда банда сергак бўлиб, ўзини ўнглаб олса, унинг васвасасидан қутулиб қолади. Аммо банданинг ўзи шайтоннинг васвасасига учса, унинг малайига айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:
«Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир. Қачон тақво қилувчиларга шайтондан бир шарпа етса, улар албатта зикр қиларлар, бас, қарабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар. Ва у (шайтон)ларнинг биродарлари йўлдан оздиришда уларга мадад берарлар, сўнгра сустлик қилмаслар» (200-202-оятлар). Яъни мабодо бирор кўнгилсизлик содир бўлиб, шайтон васваса қиладиган бўлса, таҳликага тушмасдан, дарҳол
Аллоҳдан паноҳ сўра. У энг яхши эшитувчи Зот, сўровингга дарҳол жавоб беради. У энг яхши кўрувчи Зот, ҳамма нарсани кўриб турибди. Ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади.
«Қачон тақво қилувчиларга шайтондан бир шарпа етса, улар албатта зикр қиларлар, бас, қарабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар». Шайтон нима қилганда ҳам, васвасадан нарига ўта олмайди. Агар ўзича билиб ҳаракат қилса, ҳар бир инсон учун шайтоннинг васвасасидан қутулишнинг осон йўли бор. Бунинг учун у мўмин-мусулмон, тақводор бўлса бўлди.
«Қачон тақво қилувчиларга шайтондан бир шарпа етса, улар албатта зикр қиларлар».
Яъни уларга шайтоннинг васвасаси етса, дарҳол Аллоҳни зикр қиладилар.
«...бас, қарабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар».Аллоҳни зикр қилиш, ҳар доим эслаб юриш жин ва шайтонга қарши энг ишончли ва кучли қуролдир.
Демак, шайтондан бирор бир шарпа (васваса, игво ва ғазаб) етиши жаҳолат, кўрлик ва нодонликка бошлайди. Аллоҳнинг зикри эса илм- маърифат, кўзи очиқлик ва оқиллик манбаидир.
Аммо шайтон биродарларининг аҳволи бошқача:
«Ва у(шайтон)
ларнинг биродарлари йўлдан оздиришда уларга мадад берарлар, сўнгра сустлик қилмаслар».Шайтони лаъиннинг биродарлари тинмай иғво қиладилар, одамларни йўлдан оздиришга уринадилар. Охиратда шайтон ўзига эргашганлардан тонади ва уларга таъсири ўтмаслигини тан олади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.Telegram |
Facebook |
Instagram |
Twitter |
Tiktok |
YouTube