БУ ҲОЛАТДА ТАҲОРАТ СИНГАН ҲИСОБЛАНАДИМИ?#таҳорат
❓1410-CАВОЛ: Бир кишининг ўт қопида муаммоси борлиги туфайли доимий ел чиқиш ҳолатлари бўлар экан. Таҳорат қилиб келиб намозга турсам ел чиқади, лекин на ҳиди, на овози бор деди.
Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳу ўз амакиларидан ривоят қилганлар:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намозда бир нарса бўлгани хаёлига келадиган одам ҳақида шикоят қилинди. У зот: “Токи, овоз эшитмагунча ёки елни топмагунича намозини бузмайди”, дедилар”.
Киши шу ҳадис борлигини айтиб, шунга кўра менинг ҳам таҳоратим синмаган бўладими?” деб сўради. Шуни ҳукми қандай бўлади?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Уламолар шу ва шу мазмундаги ҳадислар асосида اليقين لا يزول بالشك “Аниқ нарса шак билан бекор бўлмайди”, деган қоида ишлаб чиқишган. Яъни таҳорати бор инсоннинг шубҳа гумонлар билан таҳорати синиб қолмайди. Аммо аниқ нарса аниқ нарсани бекор қила олади.
Киши елнинг ҳиди ёки овозини билмаса-да, лекин чиққанини аниқ билса, таҳорати синади. Мазкур ҳадисни шарҳлаган уламолар ҳид ва овоз елнинг чиққани аниқ бўлишидан киноя, деб айтишган. Мулла Али қори раҳимаҳуллоҳ “Мирқотул мафотиҳ”да қуйидагиларни айтган:
وهذا مجاز عن تيقن الحدث لأنهما سبب العلم بذلك كذا قال بعض علمائنا وقال ابن حجر أي يحس بخروجه وإن لم يشمه وقال في شرح السنة معناه حتى يتيقن الحدث لا أن سماع الصوت أو وجدان الريح شرط إذ قد يكون أصم فلا يسمع الصوت وقد يكون أخشم فلا يجد الريح وينتقض طهره إذا تيقن الحدث
“Ҳадисдаги жумла таҳоратнинг синганини аниқ билишдан киноядир. Чунки ҳид билиш ва эшитиш таҳорат синишини билиш воситасидир. Буни кўплаб уламолар айтган. Ибн Ҳажар: “Ҳидини сезмаса-да, ел чиққанини сезса, (таҳорати синади)”, деб маъно берган. “Шарҳус сунна” китобида ҳадиснинг маъноси таҳорати синганини аниқ билса, ҳид билиши ёки овознинг эшитиши шарт эмас. Чунки инсон кар бўлиб, овозини эшитмаслиги, бурни берк бўлиб, ҳидни сезмаслиги мумкин. Лекин ел чиққанини аниқ билса, таҳорати синади, дейилган”.
Бу ҳолат кўп тез-тез такрорланадиган бўлса, соҳиби узр бўлиши мумкин. Бу ҳолатда
соҳиби узр каби иш тутади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
🍃🍃🍃🍃🍃🍃🍃🍃🍃🍃🍃🍃🍃🍃
АЛБАТТА ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ ТАРҚАТИНГ!!!☝️
Kanalimizga obuna boʻling :
https://t.me/Rosululohizlaridan