Нима қилди, нима қўйди, Самир барини бостирди. Шаҳарда иш бошлаганига яқин 10 йил бўлган Самир тижорат ортида анча-мунча инсонлар билан қай усулда гаплашишни миридан-сиригача ўрганганди. Аввалдан фитратида диёнат акс этадиган бу бола ҳар тарафлама ўйлаб опасини оиласини бузилиб кетиши қай томондан бўлмасин зарарга ишлашини ўйлади. Жиянларини на она ва на ота меҳрини тўлиқ ҳис этолмай, мунғайиб катта бўлишини истамасди, албатта. Жамол келди, қайнотаси ва ўзидан кичик қайнисини гапларини индамай эшитди, таъналарга бўйин эгди, миқ этмади. Болалари ва аёлини олиб уйга қайтди. Уй бир аҳвол турар, аёл қадами яқинлашмагани шундоқ сезиларди.
- Ҳалиги, Ҳанифа, - бошини қашиб аёлига юзланди, - сизлар чой қўйиб, у-бу жойни тузатиб турсанглар, чойхонадан ош дамлатиб келаман, ёки кабобми?
- Майли, - деди, болаларини юзига югурган табассум ўзиникига ҳам югурган кўйи. "Шукур, адашмадим шекилли" деган ўйлар ўтди.
Вақт ҳеч кимга шафқат қилмайди, ўтаверади. Ана-мана дегунча Раънони ҳам сўроқлаб келгувчилар топилди. 18 ёши эшик қоқиб турган Раъно суқсурдек, бир қошиқ сув билан ютгудек навниҳол, юзи айни ҳусн олган вақтда эди. Аниқки, бу ёшдаги қизларга қараган ҳар ким, яна бир қарашни хоҳлайди. Дадасидан фарқли онаси каби "бичим"и кичик Раъно шу ҳуснига бино қўйиб, анча-мунчаси билан гаплашиб қўяётганидан хабардор она уни тезроқ эгалик қилиш тараддудида эди. Ҳар-ҳар вақтда миясига бир ҳаёл чақмоқдек урарди, " Ўшанда қилган ишларим учун онам мени қарғаганмикин? Шунинг учун қизимни эплолмаяпманми?" Аммо, на мияси, на қалби бу сен ва эрингни номаҳрамлар билан ўрнатган муносабатларингни жавоби ўлароқ берилган совға, "қайтар дунё" демасди. Ҳаёли минг турли кўчага кирса-да, асл ҳақиқатга рўбарў бўлмасди.
Ана шундай ўтаётган кунларнинг бирида ўзларига ўхшаган дейилса хато бўлади-ю, ўзларидан кўпда фарқ қилмайдиган оилага розилик беришди. Дин-дийинатли экан. Йигитни ҳамма мақтади айниқса. Ўзи ҳам келишган, бўйлари узун, кулиб турадиган, қаттиқ гапирмасдан, кўзи билан ҳамма нарсани ҳал қиладиган, виқори ва ҳайбатига эга бир йигит.
- Аввал кўнгил қўйганингиз борми? - деб сўраганди, Сардор биринчи учрашувларида. Чойни қалтираб, дастурхонга бироз тўкиб қуйиб узатган Раъно бош эгганча "йўқ" деб аранг гапирганди. Нима десин? Сиздан аввал ўзимизни қишлоқдан ҳам, шаҳардан ҳам гаплашмаган йигитим деярли қолмаган десинми? Тайёр бахт қушини учириб юборсинми? Эее хуш келибдилар! Ҳанифа анграйиб шу ишни қиларди балки, аммо, қиз бола аммасига ўхшаркан! Йигитни боплаб алдади. Ҳокисор ролини аммалари каби зўр ижро қилди. Дарҳақиқат, аммаси деганда, Ҳанифа неча йиллар аввал дуч келган машъум ҳодисага, ёмон йўлга кирмасидан аввал Раъно ҳам гувоҳ бўлганди. Аммаси ва ҳамкасбининг жирканч ҳолатини ёш мияси анча вақт кўзларида акслантираверганди. Балки, йигитларга илк бор қизиқишига шу саҳна сабаб бўлгандир? Вояга етмаган, мияси бу каби нарсалардан узоқ бир вақтда кўргандида бу ҳолатни, табиийки, аввалига жирканди, кейин қизиқиб кўрди. Бора-бора телефонда кўраётганлари қониқтирмай қўйди. қарши жинс вакиллари билан мулоқотда бўлиш, муносабат ўрнатиш, уларни ром қилиш, эҳее, буларни амалда синаш қизиқ эди. Вақтида фойдали билимларга чорланмаган мияси ўзи учун янги, умуман бошқа билимларни ўрганишни истаб қолди. Чуқур ўрганишлар албатта фойда берди. Ҳатто, Ҳанифа билмайдиган нарсаларни турмуш қурмаган бўлса-да, биларди. Аммаси Нозима уни миясини давомини ҳам яхшигина заҳарлади. Уларни уйларини йиғиштиришга кунда-кунора чиқиши қўл келди. Эрга тегиши кераклигини, ўқиб фойда топмаслигини, яна бошқа майда-чуйда нарсаларни қулоғига қуйди. Ўзини кимдир жон қулоғи билан эшитаётгани ёқиб тушгани учун бу дарслар узоқ давом этди. Ёш қизчани кўзини очиб қўйиш билан якунланди.
Ҳанифани ҳар қалай Худога айтгани бор эканми, қизи бошқалардек уйида туғиб қўймади, ёки номусини бериб қўймади, пана-пастларда оғзи-бурун ўпишмади, бироқ... Бироқ, ҳаёсини ҳам сақлолмади.