ТЎЙ ТЎЙ БЎЛСИН, ТЎЙ БЎЛСИН, ТЎЙЛАБ КЕЛДИК
Оналар юраги мўъжизаларга тўла муҳташам ва қудратли сайёра эканлигини биламан. Лекин бу билим жуда юзаки ва саёз. Худди Ойнинг борлигини билишдай гап, лекин у нималардан иборат, кучи ва қудрати қанча, уни нима ҳаракатга келтириб турибди, унда не сир асрорлар бор, ақлим етмайди. Шундай бўлсада мен бу сайёрани севаман!
Онам, Зомин тоғ этакларида туғилган. Онамнинг юрагига шу тоғларнинг юксак виқори, ям яшил далаларнинг мафтункор таровати, сайроқи қушларнинг авж пардалардаги ғамзали хонишлари, шарқираб оққан сувларнинг замзамали мавжлари, қип қизил қизғалдоқлар гиламдай ястаниб ётган кенгликларда чопаётган ёввойи йилқиларнинг ўйноқи кишнашлари, ўлан айтган бахшиларнинг мастонавор овозлари, қўй қўзиларнинг ширин ширин эрка маърашлари, кўпкари чопган мард ва чапдаст чавондозларнинг ғолибона ҳайқириқлари мангуга жойлашиб олгандай. Шу туфайли онамнинг қадди қомати ҳамиша тик, ҳамиша нафси тўқ, қалби қоядай виқорли, ҳамиша ҳиммати баланд, ҳамиша сахий.
Отам, бир йилдан ортиқ шифохонада ётди. Онам, қаерда йилт этган умид учқуни кўринса, отамни ўша шифохонага олиб борди. Мол ҳол, мошина, нима кўзга кўринса ҳаммасини сотиб, шифокорларга тутқазди. Уйимизни сотувга қўйди, “Сиз омон бўлсангиз мол мулк, ҳаммаси топилади, фақат сиз соғайиб кетинг, менга мол дунё эмас, сиз керак,” деди мардонавор. “ Ҳаммаси тугади, чироғим сўнди, дўхтирлар Рашидовдай одамни олиб қололмади, мени олиб қолармиди,” дея пичирлади мунгли овозда хаста отам. Ўша куни тонгда Шароф Рашидовнинг вафоти ҳақида овоза тарқалган эди. Кўп ўтмай отам жон берди. Онам қирқ кун тик оёқда аза тутди. Отам тириклигида шамол қаердан эсиб, қаерга кетишини билмас эдик. Энди нимаики савдо ўтса бизнинг бошдан ўта бошлади, нимаики ниш санчилса, бизнинг суякка санчила бошлади.
Онамнинг қоқсуяк қўлларини силаб, бу қўллар қанчалик қудратли қўллар экани ҳақида бир ҳикоя гапириб бераман.
Отам қазосидан бир йил ўтиб, бўшаб қолган оғилхонамизга эмизикли бузоғи бор сигир олмоқчи бўлдик. Бировнинг сигирини савдолашиб қўйдик. Уйда пичан йўқ эди, аввал пичан олиб, кейин сигирни келтирадиган бўлдик. Оқлик бор жойда очлик йўқ деганларидай, сут қатиғи рўзғорга ярайди деган умидда эдик. Ўша куни бир танишимиз қарз сўраб келди. Онамга ялиниб ёлворди. Худонинг зорини қилди, бир ойда қайтараман деб, ота онасини ўртага қўйиб қасам ичди. Онам дўлвор, кўзи тўқ, кенг феъл инсон эмасми, пулни бериб юборди. Пул бир йилда қайтмади. Ҳаммасидан алам қиладигани ўзимиз ўша пулга зор эдик. Ўзимизнинг ҳамма тирикчилигимиз тўхтаб қолган эди. Ўзимиз қадам ташлайолмай қолган эдик. Бир йилдан кейин ўша одамнинг уйига борсак, уйини сотиб, кўч кўронини кўтариб кетган экан. Онам бир оғиз сўз демади. Бир оғиз қарғамади. Бир оғиз қаерга кўчиб кетганини сўрамади. Изига қайтди-ю, то уйгача йиғлаб келди. Бу ҳақда бир оғиз гапириш учун бизга изн бермади. Мана орадан қирқ йилга яқин вақт ўтди. Ҳаммаси куни кечагидай онамнинг ҳам, менинг ҳам, бутун оила аъзоларимизнинг ҳам ёдида. Аммо онам бу ҳақда ҳеч қачон гапирмайдилар, биз гапирсак, “ўтган ишни эзиб қайтасан, қўй тузув тузув гапдан гапир” дейдилар. Бугун, онамнинг мунгли, ҳорғин ва маҳзун кўзларига термулиб, шу воқеаларни эсладим. Бу маюс кўзларнинг остида қанча қанча азоб уқубат, сабр, матонат, чидам бор. Қанча қанча ёлғонларни, алдовларни енгиб ўтган куч бор, қудрат бор, сир бор. Бу қўллар қанча қанча номардларни кечириб юборган заҳматкаш қўллардир.
Онамнинг кайфиятини кўтариш учун, оламдаги бор яхши сўзларни айтишга ҳаракат қиламан. Шу сўзларни ичида онамга энг ёқадигани, онамнинг ўзи айтиб берган ўланлардир. Афсуски уларнинг кўпи ёдимдан кўтарилган. Аммо биттаси борки, ҳеч унитилмайди. Буни онам талабалик йилларим, Тошкентдан Ховосга борганимда айтиб берар, келишимни кутиб турган синфдошларим, жўраларим жўр бўлар эди:
Тўй тўй бўлсин, тўй бўлсин, тўйлаб келдик.
Қўлимизда қўлрўмол, ўйнаб келдик.
Соғинчимиз кўнгилда тўлиб тошди,
Шўху шодон ўланлар сўйлаб келдик.