#Korea #info #Malumot #student #Qabul_2019 #
Жанубий Корея хорижий талабалар учун виза талабларини кучайтирди
Шу йилнинг 18 мартидан бошлаб Корея Республикаси ҳукумати мамлакатга Корейс тилини ўрганиш мақсадида келаётган талабалар учун виза бериш талабларини кучайтирди. Бу тўғрида Korea Times нашри Адлия вазирлигига таяниб хабар тарқатмоқда.
Маълум қилинишича, Жанубий Кореяга халқаро талабаларни олиб келиш билан шуғулланувчи воситачиларнинг тил алмашинуви дастури учун жорий қилинган виза тизими қоидаларини бузиш ҳолатлари тобора кўпайиб бормоқда. Хусусан, Корея Республикасига тил ўрганиш ниятида келиб, ноқонуний қолиб кетаётган талабалар сони кескин ошиб кетган. Жумладан, 2015 йилда бундай мигрантлар сони 4,294 тани ташкил қилган бўлса, 2018 йилда улар 12,526 нафарга етган.
"Шу кунгача хорижий талабаларни саралаб олиш масаласида университетларга максимал эркинлик бердик. Аммо улар томонидан йўл қўйилган камчиликлар, хусусан номзодларнинг иқтисодий ва академик имкониятларини баҳолашдаги хатоликлар натижасида ноқонуний муҳожирлар сони кўпайиб кетди", дейилади Адлия вазирлигининг баёнотида.
Режалаштирилган чора-тадбирларда, айниқса, вьетнамлик талабалар диққат-марказида бўладилар. Сабаби, 2018 йилги маълумотларга кўра, тил ўрганиш дастури учун жорий қилинган D-4 визасини олиб мамлакатга кирган хорижликларнинг 70 фоизи Вьетнамдан.
Шу вақтгача D-4 визасини олиш учун номзодлар ҳисобларида $9,000 доллар мавжудлигини тасдиқлайдиган банк маълумотномасини тақдим қилар эдилар. Талабалар виза олгач, бу маблағнинг бир қисмини воситачига ўтказиб берган.
Янги қоидаларга кўра, энди талабаларнинг банкдаги чегараланган ҳисобларида $10,000 доллар бўлиши керак. Чегараланган ҳисоб рақамдан ҳар олти ойда 5 миллион вон ($4,400) ечиб олиш мумкин бўлади. Яъни, шу орқали D-4 визаси қўлга киритилгач, талабалар томонидан воситачига тўланадиган бир марталик яхлит тўловнинг ечиб олинишига чек қўйилади.
Шунингдек, баёнотда Гвинея, Мали, Уганда, Эфиопия ҳамда Камерундан ташриф буюраётган ёшлар тил ўрганиш курсларини чала қолдириб кетиш, ўзларини ноқонуний меҳнат бозорига уришда етакчилик қилаётгани таъкидланади. Энди бу мамлакатлардан ташриф буюрмоқчи бўлган ёшларнинг Корейс тилини "TOPIK 3" даражасида билишлари ёки TOEFL тестларида 530 балл тўплашлари мажбурий этиб белгиланади.
Бир муддат аввал Жанубий Кореяда халқаро талабаларнинг ишлаб чиқариш секторида қисман меҳнат қилишларини чеклаш ноқонуний меҳнатга сабаб бўлиши қаттиқ танқид остига олинган эди. Шу боис, ҳукумат бу борадаги талабларни бир оз юмшатган. Бироқ, энди хорижий талаба ишлаб чиқариш секторида расман меҳнат қилиши учун Корейс тилидан "TOPIK 4" гувоҳномасига эга бўлиши керак.
@koreysmadaniyati