#mystory
Идеализм қурбонлари
Ҳаёт реалликдир. Аммо биз унинг ҳар бир бурчагига идеализмнинг пардасини тортиб қўйганмиз. Ижтимоий тармоқлардаги мукаммал қиёфалар, гўзал ҳаётлар, аъло муносабатлар... Лекин бу ҳақиқат эмас. Бу – фақат орзуларимизнинг безалган тасвири. Бугунги кунда биз ҳеч нарсани ўз ҳолича қабул қилолмай қўйдик. Ҳар доим кимнидир идеаллаштирамиз, ўзимизни шу идеалга яқинлаштириш учун тинмай ҳаракат қиламиз. Натижада, боримиздан қониқиш ўрнига, йўқ нарсани орзу қилиб яшаймиз. Ҳақиқий “мен”имиз эса бу кураш остида эзилади. Биз оддийликдан қочамиз.
Чунки оддийлик – бу ҳаётнинг ҳақиқий қиёфаси.
Унда камчиликлар, муваффақиятсизликлар, хатолар бор. Лекин бизга бу керак эмас, биз идеаллик "саратони"га гирифтор бўлганмиз. Ҳар сафар кимгадир ҳавас қилганимизда, бу ҳавас аслида ўзимизни боримизча қабул қила олмаслигимизни англатади. Бу эса нафрат нафасининг авж олишига, сирессга ва албатта доимий ўзимизни танқид остига олиб яшашимизга олиб келади.
Бир куни уйғониб, кўзгуга қараш ва ўзингни кимдирга ўхшатишга ҳаракат қилмасдан, шунчаки ўзингни кўриш – ҳақиқий
озодликдир. Ҳамма нарса идеал бўлиши шарт эмас. Ҳаёт мукаммал нарслардан ташкил топмаган.
Ҳаётни ўзимизга ўхшаган идеал бўлмаган, оддий, жуда ҳам оддий инсонлар ташкил этади. Ҳаётнинг асл жозибаси ҳам айнан шу камчиликларидадир.
Ҳақиқий бахт – бу ўзлигинг билан қониқиш, “идеал” қиёфангга эмас, балки ўзингга муҳаббат қўйишдир.
Қай ҳолатда, қай кўринишда ва ҳар қандай йўл қўйган хатоларинг билан ўзингни борингча қабул қила олиш зарур. Чунки биз реал ҳаётда, реал ҳолда, нафас олиб, кулиб, бахтга ва кулфатга тик қараб яшаймиз. Бизнинг мукаммаллигимиз ҳам айнан шундадир!
©Бахора Фарходовна