Ўткан кунлар сабоғи
ЭРКИН ВОҲИД ҲАҚИҚАТЛАРИ
Ҳуқуқий саводхонлик хусусида
“Пахта иши” бўйича минглаб одам қамоқда ётиб чиқди. Бунга сабаб нима? Одамларимизнинг ҳуқуқий саводсиз эканликлари асосий сабаблардан биридир... Қўрқув, қуллик психологияси устун бўлган. Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилолмаслик – элнинг фожиаси... Ўзингиз ўйлаб кўринг: бир варақ қоғозни тўлдиролмайдиган кишилар жумҳуриятимизда қанчалаб. Арзимаган ҳужжатни тўлдиролмагани учун неча-неча кишилар қонуний имтиёзлардан маҳрум.
Эҳ, биз одамларимиз ялпи саводли бўлди, ёзиш-чизишни билади, деб юраверган эканмиз...
СССР давридаги қоғозбозлик иллати ҳақида
Китоб ёзиб чарчамаган қўлим анкеталар ёзиб чарчайди.
Чет элга чиқувчилар учун бир талай сун’ий тўсиқлар мавжуд. Ҳужжат расмийлаштиришнинг ўзи ойлаб вақтингизни олади. Бир неча нусхадаги анкета саволларини ўқиб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз.
“Миллатингиз нима?” Хўш, миллатимнинг чет элга бориш-бормаслигимга нима алоқаси бор?
“Ўзингиз ёки қариндошларингиз асирликда бўлмаганми?” Ахир, уруш тугаганига 45 йил бўляпти, асирлик ҳақида қандай гап бўлиши мумкин ва унинг чет эл сафарига нима алоқаси бор?
“Чет элда қариндошларингиз борми?” Худо хайрингни бергур, қариндошим билан нима ишинг бор? Бўлса, нима қилипти? Менинг 40 йил илгари ўлиб кетган отам ва онам қаерда, қачон туғилгани, нима иш билан шуғуллангани кимга, нима учун керак? Ёки беш яшар қизимнинг қайси боғчада таълим олаётгани “тегишли органлар” учун шунчалар зарурми? 18 нусхадаги суратим қайси раҳбарнинг албоми учун керак?
Хуллас, буларнинг ҳаммаси инсонни таҳқирлайди, унинг бебаҳо вақтини ўғирлайди.
Советлар босқини туфайли ташқи дунёдан ажралганимиз ҳақида
Яқинда матбуотда ўқиб қолдим. 1925 йилгача хорижга чиқиш йўллари очиқ бўлган экан. Ўша пайтда бошқа мамлакатларга бориб, ўқиш, тижорат ишларини амалга ошириш ёки саёҳат қилиш оддий иш бўлган. Дарвоқе, ҳозир америкалик ўзбекларнинг ота-боболари, асосан ўша йиллари хорижга кетганлар. Аммо кейинчалик мамлакат атрофида “темир тўсиқлар” яратишга киришилган. Ташқи дунёдан бутунлай ажралиб, қанча нарса йўқотганимизни энди сезяпмиз.
“Изтироб” китобидан олинди.
Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти, 1992 йил