Eshmon Malla


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa: Telegram


Шов-шувлар ўткинчидир, юракдан чиққан гапнинг умри узоқ бўлади.

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Statistika
Postlar filtri


Замонавий ўзбек ше’рияти

Ҳалима АҲМАД

МЕНГА НИМА БЎЛДИ

Менга нима бўлди, кулиб юрибман
Дилимга санчилган тиканлар билан.
О, нечун бунчалар шакаргуфторман
Жонимга балони экканлар билан.

Нафратим ўлдими?
Сўндими ўчим?!
Тумандан қуёшни, муздан дарёни
Тортиб олган мен эмасмидим...
Савалаган ўша қора риёни.

Бугун мен шамоллар учирган хасман
Ва ёки шакарга ботирилган қайғу.
Боламдай эркалаб ўстирган ҳисни
Бугун соғинаман, қаерларда у?

Юрагим – зулматга қувилган соя,
Барбодим суратин чизади кимдир.
Бошимга, елкамга қўнган хазонлар
Гўёки ҳолимдан олар хавотир.

Ҳаёт ғажиб ташлар туйғуларимни
Ва яна кўз тикар тинмай кўнглима.
Кузак ҳайқиради, йиғлайди ёмғир,
Сени ёмон кўриб қолдим, Ҳалима...

Манба: “Жадид” газетаси, 2024 йил 29 ноябр


Асил кўмчу сўзларим

ПАРВОНАЧИ


Парвоначи — ҳукмдор фармони ва буйруқларини битувчи котиб.
Хива хонлигида қози ва иноқ (ҳарбий маслаҳатчи)дан кейинги олий даражадаги сарой мансабдори.
Парвоначи мансаби салтанат учун буюк хизматлари эвазига хон томонидан ин'ом тарзида берилган. Бу мансаб эгаси вафотидан сўнг ўрнига фарзанди шу лавозимга тайинланиб, зардўз либослар, олтин пичоқ ва тулпор билан тақдирланган.
Бухоро амирлигида парвоначи амирнинг таянчи ҳисобланган олий лавозимлардан бири, оталиқ ва девонбегидан кейинги учинчи мансабдор шахс.
Қўқон хонлигида сарой мансаби. Парвоначилар вилоятни ҳам бошқариш ҳуқуқига эга бўлган.

Ўзбекистон миллий энсиклопедиясидан олинди.


Сиз соғинган асар

Ғафур ҒУЛОМ

ШУМ БОЛА


(Қиссадан парча)

Бир чеккада мулла уста Мирсалим қўш кўзойнагини бурнининг устига қўндириб, кир, бурама болиш устига “Жангномаи Абу Муслими соҳибқирон” деган мўътабар бир китобни қўйиб олган. Гумбурлатиб ўқиб турибди.
Қолган гиёҳвандлар уни давра олиб Абу Муслимнинг қаҳрамонликлари тўғрисидаги ваҳималарни тингламоқдалар. Тасаннолар, офаринлар айтмоқдалар. Ўқиш давом этарди:
– ...Ниқобдор ёғийлар сафидан бир ҳафт жўш кийган паҳлавон арғумоққа маҳмиз бериб майдонга жавлон уриб кирди. Отининг туёғи чачағигача ерга ботар эрди. Етмиш икки ботмонлик гурзийи гармонини бошидан чарх уриб айлантириб, ниқобни юзидан дарбар айлаб айтдиким:
– Эй Абу Муслими гўсолапараст, эй биёбоний Хуросоний, билсанг билгил, билмасанг мендурман Насри Сайёри беорким, бугун бу ма'ракаи жангда димоғингдан димор чиқаргаймен.
Ва ҳазрати Абу Муслим ҳам ғайратларига чидай олмай, Кўҳтоғ исмли бўз отларига сувора бўлиб, ул мал'уннинг садди роҳини тўсдилар. Ғазабларидан ҳар битта мўйлари кийимларидан ништари обдордай тешиб чиқиб кетган эрди.
Кела Насри Сайёрнинг камар бандидан “Ё Али” деб азот кўтариб, муборак бошларидан етти маротаба айлантириб-айлантириб осмонга отдилар. Ул нопокнинг вужуди бир ош пишгунга қадар кўздан ғойиб бўлиб кетди.
Ба'даз муборак қўлларини кўкка қилиб тутиб олдилар. Ерга омон қўйдилар ва дедиларким: “Эй Насри Сайёр, минба'д Хуросонийлар ша'нига бундай беодоблик қилмагайсан”.
Насри Сайёр у жанобнинг рикобларини ўпиб, тавба-тазаррулар қилди ва имон келтирди”.
Хулласи, бу жангнома шу хилдаги ваҳима гаплар билан тўла эди. Аммо эшитувчилар бу ваҳималарни ғоят ҳаяжон билан тинглар эдилар.
Ҳикоят ушбу ерда тўхтаганда Тиконлимозор маҳаллалик Аҳмадали сўфи кўз ёшларини артиб:
– Киройи мардоналик бу бўлибдур. “Мард майдонда дегани бу бўлур. Ҳозирги замоннинг урушлари махзи номардлик. Бехосдан турган кишини милтиқ билан отмоқ, тинч аҳолининг хонадонига тўп қўймоқ, осмонга хайрипилон чиқармоқ – буларнинг бари номардлик – бу кофирнинг иши, – деди.
Бу гапларни ҳамма “балли-балли”, деб тасдиқлади.


Тўғри талаффуз қиламиз ва ёзамиз

Кўрстув ❌
Кўрсатув
(Ёш телебошловчиларнинг қулоғига қуйиш керак)

Йепўня, Епўния ❌
Япония ✅


Целевидение, целеком ❌
Телевидение,телеком ✅
(Т билан)

Мутоала ❌
Мутолаа


Рашқ ❌
Рашк ✅


Ҳосил Тўранинг "Ўзбекча талаффуз қиламиз" китобидан муаллиф рухсати билан кўчириб олинди.


Elmurod Nishonov dan repost
"Сендин сўнг кўнглимни беомон янчиб, Не сулувлар ўтди ўзича ранжиб. Баланд пошналарин кўксимга санчиб, Бевақт сўлдирдилар сеҳру жунуним, Аламли дунёда аламли гулим". Ше'р муаллифи кимлигини айтинг.
So‘rovnoma
  •   Сирожиддин Саййид
  •   Муҳаммад Юсуф
  •   Иқбол Мирзо
91 ta ovoz


Elmurod Nishonov dan repost
Ибодулло махсум, Ғуччи чол, Тошпўлат Ғайбаров, Ошно... Бу номлар сизга қайси адибни эслатмоқда?
So‘rovnoma
  •   Эркин А'зам
  •   Нормурод Норқобилов
  •   Мурод Муҳаммад Дўст
79 ta ovoz


Elmurod Nishonov dan repost
Хайриддин Султон қаламига мансуб асарларни белгиланг.
So‘rovnoma
  •   "Нур борки, соя бор", "Икки карра икки — беш", "Саодат соҳили"
  •   "Саодат соҳили", "Кўнгул озодадур", "Бобурийнома"
  •   "Одам бўлиш қийин", "Дунёнинг сири", "Жимжитлик"
103 ta ovoz


Elmurod Nishonov dan repost
"Оғир тош кўчса...", "Озодлик", "Наврўз... Наврўз!". Бу сарлавҳалар сизга қайси улуғ ёзувчини эслатди?
So‘rovnoma
  •   Шукур Холмирзаев
  •   Ўткир Ҳошимов
  •   Одил Ёқубов
80 ta ovoz


Elmurod Nishonov dan repost
"Унутишинг — қаро, ҳижронинг қаро, Соғинчинг оппоқдир, хатларинг — оппоқ. Қародир юрагинг ўч меҳр аро, Менга ташлаб кетган дардларинг — оппоқ". Ушбу сатрлар муаллифини топинг.
So‘rovnoma
  •   Абдували Қутбиддин
  •   Анвар Обиджон
  •   Усмон Азим
77 ta ovoz


Elmurod Nishonov dan repost
Жулқунбой, Шилғай, Жу-бой тахаллуслари билан ижод қилган адиб ким?
So‘rovnoma
  •   Ғози Юнус
  •   Абдулла Қодирий
  •   Абдулла Қаҳҳор
79 ta ovoz


Elmurod Nishonov dan repost
"Муҳаббат осмонида гўзал ... эдим, дўстлар, Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку". Байтда тушиб қолган сўзни ўрнига қўйиб ўқинг.
So‘rovnoma
  •   Офтоб
  •   Зуҳро
  •   Чўлпон
79 ta ovoz


Elmurod Nishonov dan repost
"Сен мени севишинг керак, Робби! Севгисиз ҳолим нима кечади?!" Мазкур жумла кимнинг қайси асаридан олинган?
So‘rovnoma
  •   Ремарк, "Уч оғайни"
  •   Чингиз Айтматов, "Жамила"
  •   Лев Толстой, "Тирилиш"
80 ta ovoz


Elmurod Nishonov dan repost
"Ёндиму ва лекин ҳижрон тунида Сенга аҳволимни этмадим баён. Сокин кечалари кўзим ўнгида Мунис қарашларинг бўлди намоён" Ше'р муаллифини топинг.
So‘rovnoma
  •   Жуманиёз Жабборов
  •   Эркин Воҳидов
  •   Абдулла Орипов
80 ta ovoz


Elmurod Nishonov dan repost
"Мен фарғоначи Жамолиддин кетмон набираси бўламан. Бобомиз ҳовлиси Фарғонада бўлади. Даласи Фарғона адоғида бўлади..." Мазкур парча Тоғай Муроднинг қайси асаридан олинган?
So‘rovnoma
  •   "Отамдан қолган далалар"
  •   "От кишнаган оқшом"
  •   "Юлдузлар мангу ёнади"
85 ta ovoz


Диққат, э'лон!

Каналимизнинг муҳтарам ўқувчилари, Аллоҳ насиб этса, бугун соат 22:00 да адабиётга оид тест саволлари тақдим этилади. Билимингизни синаб кўринг.




Дилга яқин сатрлар ва наволар

МЕН ОНАМГА РАЗМ СОЛСАМ...

Мен онамга разм солсам,
Эгик дарахтга ўхшайди.
Рўёси кўп дунёсида
Ёлғиз у нақдга ўхшайди.

Озғин-озғин бармоқлари, Ҳорғин-ҳорғин бормоқлари.
У кўрпача солган сўри
Тенги йўқ тахтга ўхшайди...

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА ше'ри, Абдуҳошим ИСМОИЛОВ мусиқаси, Гулбаҳор ЭРҚУЛОВА ижро этади.

Тинглаб, яхши дам олинг, азизлар. 👇👇👇


Муборак кун ҳикмати

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Орани бузишдан сақланинглар. У қирувчидир", дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Орани бузиш чақимчиликдан келиб чиқади.  Бир томоннинг гапини бошқа томонга ташиб, орани бузадилар. Ана ўша орани бузиш худди устара сочни қиргандек, дину диёнатни қирар экан.

Манба: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китоби, 34-жуз.


Маҳмуд АБУЛФАЙЗ

Икки ҳикоя

1. КАВАКДАН КЕЛАЁТГАН ОВОЗ


Аниқ вақти ёдимда йўқ. Қайси бир куни кавакда бети ялтиллаб, танаси семириб ётган бир одам аччиқ-аччиқ та'на қилди:
– Ҳамманг қўрқоқсанлар! Агар сенларнинг ўрнингда мен бўлсайдим!..
Унга жавобан ҳеч нарса демадим. Чунки кавакдаги одамнинг ташқаридаги об-ҳаводан мутлақо хабари йўқ эди.


2. ЧОҲ ҚА'РИДАГИ ОДАМ

Сокин қиш кунларининг бирида узоқ-узоқлардан, аниқроғи, тубсиз чуқурлик қа'ридан бир овоз келарди. У шарпамни сезиб мендан гап сўраётган эди:
– Ҳозир кузми ёки қиш фаслими?
– Кузнинг ўтиб кетганига анча маҳаллар бўлди, – жавоб қилдим мен, – ҳозир айни қиш чилласи, биродар!
– Айтдим-а, негадир совуқ қотгандек бўляпман, деб. Пойабзалимнинг ҳам ма'қули йўқроқ-да, шунданми, оёқларимдан совуқ ўтяпти...
– Қиш келишини билмасмидингиз? Иссиқроқ кийимлар олсангиз бўлармиди...
– Айтганингиз тўғри, бир томондан фасллар алмашганиниям сезмай қоляпман кейинги пайтларда. Иккинчи тарафдан эса, кийим олайин десам, қўлим сал калталик қилаяпти...
Сўнгра чуқурликдаги одам яна сўрайди:
– Кўкламгача ҳали анча борми, дўстим?
– Ҳа, кўкламгача ҳали анча вақт бор...
Шунда мен чуқурликдаги одамдан сўрайман:
– Синфдошлардан бири ўғлига суннат тўйи қилди, кўринмадингиз? Фалончи дўстимиз қизини чиқарди, сизни сўрашди, йўқ экансиз? Тегирмончи бобони ҳам кўпга қўшдик. Жанозасида кўринмагандек бўлдингиз.
– Қаранг-а, тирикчилик билан бўлиб, бу гаплардан бехабар қолибман.
Чуқурликдаги одам мендан илтимос қилди:
– Биродар, айни баҳор кунларида менга хабар қилинг: “Тўрт-беш тенг-тўшлар жам бўлишиб, бир тоққа саёҳатга чиқайлик, ўсмирлик пайтларимизни эслайлик, кўнгилларимиз бир очилсин!”
Мен чоҳ қа'ридаги одамга вақт етиб келгач, хабар қилажагимни айтдим.
...Бу одам менинг тенгдошим, орамизда бир неча ёш фарқ, тафовут бор эди. У бошқа оламда эмасди. Бор-йўғи у йиллар оша тирикчилик деб аталган юҳо – чуқурлик қа'рига тушиб қолган эди, холос.
Шу кунларда у бироз жунжиккан кўйи олислардаги баҳорни илҳақ бўлиб кутаётган эди...

“Одамни армонлар улғайтиради” китобидан.


Замонавий ўзбек ше'рияти

Шодмонқул САЛОМ

***
Эй, кулгуси шаклланмаган,
Эй, кўзёшга эҳтиёжи йўқ.
Эй, умрига бўёқ тегмаган,
Ва қайғудан бошқа ками йўқ.

Эй, тунини тушларга берган,
Хаёл ўпган ёноқларидан.
Кўзин очса, қушдай потирлаб,
Тушлар учган қабоқларидан.

Эй, лабида ошиқлар қони,
Шафақ ютган қуёшдир, чўғдир.
Эй, зулфлари олам исёни —
Даф этмоқнинг чораси йўқдир.

Эй, дунёдан кўзи қўрқмаган,
Эй, пойида дунёлар маҳтал.
Эй, нигоҳи тушгач абрлар
Майсаларга айтгучи масал.

Эй, оламнинг тошқинларидан
Киприк қоқмай ҳатлаб ўтгучи.
Юрагининг шовқинларидан
Ўзи истаб, ўзи қўрққувчи.

Эй, кўзлари қиёматдай сир,
Эй, нигоҳи абадий савол.
Кузги олам ҳайрону асир,
Дунё сенга, сен унга увол.

Эй, нени ҳам айта олурман,
Менинг умрим — ошиқ отган ўқ.
Фатво берсанг яшаб қолурман,
Йўқ, яшашга бошқа чорам йўқ.

https://t.me/Eshmonmalla

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.