Сиз соғинган асар
Ғафур ҒУЛОМ
ШУМ БОЛА
(Қиссадан парча)
Бир чеккада мулла уста Мирсалим қўш кўзойнагини бурнининг устига қўндириб, кир, бурама болиш устига “Жангномаи Абу Муслими соҳибқирон” деган мўътабар бир китобни қўйиб олган. Гумбурлатиб ўқиб турибди.
Қолган гиёҳвандлар уни давра олиб Абу Муслимнинг қаҳрамонликлари тўғрисидаги ваҳималарни тингламоқдалар. Тасаннолар, офаринлар айтмоқдалар. Ўқиш давом этарди:
– ...Ниқобдор ёғийлар сафидан бир ҳафт жўш кийган паҳлавон арғумоққа маҳмиз бериб майдонга жавлон уриб кирди. Отининг туёғи чачағигача ерга ботар эрди. Етмиш икки ботмонлик гурзийи гармонини бошидан чарх уриб айлантириб, ниқобни юзидан дарбар айлаб айтдиким:
– Эй Абу Муслими гўсолапараст, эй биёбоний Хуросоний, билсанг билгил, билмасанг мендурман Насри Сайёри беорким, бугун бу ма'ракаи жангда димоғингдан димор чиқаргаймен.
Ва ҳазрати Абу Муслим ҳам ғайратларига чидай олмай, Кўҳтоғ исмли бўз отларига сувора бўлиб, ул мал'уннинг садди роҳини тўсдилар. Ғазабларидан ҳар битта мўйлари кийимларидан ништари обдордай тешиб чиқиб кетган эрди.
Кела Насри Сайёрнинг камар бандидан “Ё Али” деб азот кўтариб, муборак бошларидан етти маротаба айлантириб-айлантириб осмонга отдилар. Ул нопокнинг вужуди бир ош пишгунга қадар кўздан ғойиб бўлиб кетди.
Ба'даз муборак қўлларини кўкка қилиб тутиб олдилар. Ерга омон қўйдилар ва дедиларким: “Эй Насри Сайёр, минба'д Хуросонийлар ша'нига бундай беодоблик қилмагайсан”.
Насри Сайёр у жанобнинг рикобларини ўпиб, тавба-тазаррулар қилди ва имон келтирди”.
Хулласи, бу жангнома шу хилдаги ваҳима гаплар билан тўла эди. Аммо эшитувчилар бу ваҳималарни ғоят ҳаяжон билан тинглар эдилар.
Ҳикоят ушбу ерда тўхтаганда Тиконлимозор маҳаллалик Аҳмадали сўфи кўз ёшларини артиб:
– Киройи мардоналик бу бўлибдур. “Мард майдонда дегани бу бўлур. Ҳозирги замоннинг урушлари махзи номардлик. Бехосдан турган кишини милтиқ билан отмоқ, тинч аҳолининг хонадонига тўп қўймоқ, осмонга хайрипилон чиқармоқ – буларнинг бари номардлик – бу кофирнинг иши, – деди.
Бу гапларни ҳамма “балли-балли”, деб тасдиқлади.