#Хушхабар
Наманганга ободонлаштириш соҳасида янги махсус транспортлар келтирилди
Кейинги йилларда Президентимиз томонидан мамлакатимизда ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, шаҳар марказлари ҳамда чекка қишлоқ ҳудудларини ободонлаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, яшил маконларни кенгайтириш, кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Бугун вилоятга айни шу мақсадларга хизмат қилувчи 14 та махсус транспорт воситалари олиб келинди.
Тақдимот маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қатнашиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси, келгуси режалар ҳақида тўхталди.
“Foton” русумли ушбу автомашиналар “Самарқанд автомобил заводи”да ишлаб чиқарилган. Ихчам ва тежамкорлиги билан йўл бўйлари, катта автомобиллар кириши ноқулай бўлган чекка ҳудудларда жойлашган дарахт ва гулзорларни суғориш, парваришлаш имконини беради.
Махсус автомашиналар шаҳар ва туманларга ажратилиб, тақдимотдан сўнг ўз ҳудудига йўл олди.
Эндиликда улар вилоятни янада кўркам, обод қилишга, яшилликни таъминлашга хизмат қилади. Қолаверса, яқинлашиб келаётган 64-халқаро “Гуллар фестивали” олдидан наманганликлар учун ўзига хос совға бўлди.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.Sayt |
Telegram |
Instagram |
Facebook |
Twitter |
YouTube