Фаришта Ал-Амин Муҳаммадга:
— Ўқи!.. — деди.
У хаяжон ичида жавоб берди:
— Мен ўқишни билмайман.
Фаришта Ал-Аминни ушлаб, қаттиқ силкитди. Бу ундай сиқар эдики, Буюк Амин суякларининг қисирлаганини ҳис этди. Сўнгра, қўйиб юборди ва яна:
—Ўқи!.. — деб буюрди.
—Мен умримда ўқиган инсон эмасман.
Фаришта яна уни ёқасидан маҳкам тутди, яна сиқиб, бўға бошлади. Шу даражада қаттиқ
сиқар, азоб берар эдики, Буюклар Буюги кучининг қолмагани, дармони кетганини сезди. Бир инсоннинг бунчалик азобга чидаши мўъжиза эди. Яна кўйиб юборди, яна буйруғини
такрорлади:
—Ўқи!..
—Мен ўқиган одам эмасман.
Бошқача жавоб бериши ҳам мумкин эмас эди. Шу кунгача ўқишни ўрганмаган эди. Нима
ўқиши лозимлигини ҳам билмасди. Фаришта уни учинчи марта тутиб, сиққанда Ал-Амин
бутунлай ҳолдан тойди, энди бу дунёдан умидини батамом узди, тақдирга тан берди.
Бу дафъа фаришта беш оятдан иборат илк ваҳийни Муҳаммаднинг хотирасидан сира ҳам ўчмайдиган қилиб руҳи ва онгига сингдирди:
اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ
خَلَقَ الْإِنسَانَ مِنْ عَلَقٍ
اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ
الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ
عَلَّمَ الْإِنسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ
«Яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг! У инсонни лахта қондан
яратган. Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз қаламни (яъни, ёзишни) ўргатган ўта карамли зотдир. У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди»
(
Қуръони Карим, Алақ сураси,
1— 5 оятлар).
Шундан кейин фаришта ғойиб бўлди.
Saodat asri qissalari 1-juz.