***
Сени тушимда кўрдим.
Ҳаммаси жуда ҳам оддий эди:
лабларингга тегиб кетди лабларим,
кейин кулиб қўйдинг уни сийпалаб,
бир оз қизиллашди юзларинг.
Қизиқ,
ўнгда бундай бўлиши учун
қанча тасодиф керак одамга?
Масофачи?..
Биз бирга бормаган ёқларда
узоқ сайр этдик.
Бир узун кўприк узра
тунги чироқлар ёғдусига чўмилиб
узоқ югурдик.
Нега бунча ҳовлиқдик?
Яшаб бўларми, айт, бахтни ҳовлиқмай,
ухламай яшаб бўларми уни?..
Сени тушимда кўрдим,
жуда ҳам оддий эди ҳаммаси.
Рафиқ Ўзтурк