Қаридим,
ўттизга тўлмай қаридим,
Кузак, кўзларингга
қаролмайман тик.
Балки ўлим мендан юз йил наридир,
Балки юрагимда ўткинчи ҳадик.
Балки эрта чиқдим ярқираб қиндан,
Азиз туйғуларни ўйнадим отиб.
Кўнгли қолмагандир самони мендан,
Аммо бораяпман туфроққа ботиб.
Оғир,
кўзларингга тикилмоқ оғир,
Бешиддат,
бекалом,
бенаво,
бедил.
Асраб қололмадим ёшликни ахир,
Лўттибоз лаҳзалар бошимни еди!
О, сени қанчалар ёниб севардим,
Салқин боғларингдан
келмасдим бери.
Ўпган яфроғингдан ҳайрат эмардим,
Томчилар остида туз каби эриб.
Шамолдан паналаб ёқаркан сигор,
Жойлашиб хаёлнинг жим-жит қаърига,
Узун кечаларни ўтказиб бедор,
Қолардим уйқунинг қарғишларига.
Бир қиз ялинарди:
мени ҳам кузни,
Сўзни кутганчалик интиқиб кутинг.
Йўқ дея орани шу заҳот уздим,
Шоирга ёлғизлик ҳамроҳдир – удум.
Куз сени ҳаммадан қизғаниб суйдим,
Бўсалар йўллади лабларинг – шафақ.
Очиқсам исмингни такрорлаб тўйдим,
Тенгласам, Тангрига тенгладим фақат...
Бугун бор умрини яшаган чолдай
Дераза ортидан боқарман хомуш.
Нима у?
Жисмимни тойдирган ҳолдан?
Нима у?
Дарахтлар бермайди довуш.
Қаридим, ўттизга тўлмай қаридим,
Сиртим навқирону нигоҳим тиниқ.
Шайдолар топилгай,
лекин барибир,
Қалбга ажин тушди ва руҳим синиқ.
Бу ҳорғин ҳаётни қай рассом чизган?
Баҳор ўтиб туғилганимми айбим?
Ногаҳон йўлиқиб йилдирим ҳисга
Юрагим чирсилаб ёниб кетсайдим!..
Куз, ҳамон сулувсан,
ишқсан бир ҳўплам,
Маъшуққа мункиллаб кўринмоқлик ор.
Яхшиси сўнгагим ҳазондек тўплаб,
Ёмғирлар остида ўт қўйиб юбор!
Ёнай, сўнгги бора гуриллаб ёнай!
(c)Жонтемир