Бахтиёр Турсунов блоги


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa: Bloglar


Қурувчининг кундалиги

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Toifa
Bloglar
Statistika
Postlar filtri


40 дан кейин...

Гарчи ҳали яшаганим йўқ,
Умр ўтди сувдек, хаёлдек.
Сочларимни йиғаман энди,
Ақлин йиғиб олган аёлдек.

Ҳа, баҳормас кузга ўхшайман,
Сочларимни ўйнамас шамол.
Лекин энди ичимда яшар,
Бир улуғвор, дилбар Гулжамол. 

Ва бесамар курашлар ичра,
Толиққандек жисмим, саботим.
Гарчи худди Тўмарис каби,
От устида ўтди ҳаётим...

Гоҳ париман, гоҳ паришонман,
Осмондаман ойдек, ҳилолдек.
...Ва ақлимни йиғиб оламан,
Сочларини йиққан аёлдек.

Гулжамол Асқарова




Мальдив ороллари – бу фақатгина пляж ва океан эмас
Ҳар бир меҳмонхона максимал даражада кўнгилочар тўпламларни таклиф қилишга ҳаракат қилади. Бу ерда сиз сувнинг 20 метр чуқурлигида ўзингизни дайвингда синаб кўришингиз, дельфинларни яқиндан кўриш учун океанда қайиқ билан ҳаракатланишингиз, жонли мусиқа остида қуёш ботишини томоша қилишингиз, СПАда ҳордиқ чиқаришингиз ва албатта сёрфинг, гидроцикл каби сув спорти турларидан фойдаланишингиз мумкин.
Ҳинд океанида, феруза ранг сувларнинг илиқ қучоғида марварид яширинган, у Малдив ороллари номи билан машҳур. Бу ерда оппоқ қумли пляжлар палма дарахтларининг зумрад барглари билан бирлашаркан, вақт секинроқ ҳаракат қилаётгандек туюлади, бу эса сизга ғайриоддий гўзалликдан завқланиш имконини беради.
Малдив оролларида транспорт: меҳмонхонага қандай етиб олинади?
Халқаро рейслар Малдив ороллари пойтахти Мале аэропортига қўнади. Аэропортдан курортга/меҳмонхонага йўл ва трансфер сиз танлаган оролга боғлиқ.
Малдив оролларида сайёҳларга танлов учун иккита энг машҳур транспорт варианти таклиф қилинади:
⁃ денгиз самолёти — бу энг тезкор йўл, гидропланда бутун бошли оролни юқоридан, бор гўзаллиги билан кўришингиз мумкин.
⁃ тезкор қайиқ — қисқа масофалар учун ишлатилади ва оролнинг исталган бурчагига етказади.
Малдив ороллари: қай бирини танлаган маъқул?
Малдив оролларида 1000 дан ортиқ орол-атолл мавжуд бўлса-да, улардан фақат 200 таси ўзлаштирилган. Улар орасидан маҳаллий аҳоли яшайдиган маҳаллий ороллардан бирини ёки туристик курорт оролни танлашингиз мумкин.
Агар меҳмонхона фақат нонушта таклиф қилса, Малдив оролларининг қаерида овқатланиш мумкин?
Малдив оролларида озиқ-овқат унчалик арзон эмас, чунки маҳсулотларнинг аксарияти импорт қилинади. Маҳаллий оролларда нисбатан арзон кафе ва ресторанларни топишингиз мумкин. Кафедаги икки кишилик ўртача ҳисоб - 30-45 USD ни ташкил қилади.
Дам олиш вақтида таомлар ҳақида қайғурмасликни ва пулни тежашни хоҳлайдиганлар кунига икки/уч маҳал овқатли турларни банд қилишлари мумкин.
Малдив оролларидаги энг яхши пляжлар?
Малдив оролларининг деярли барча пляжлари завқ бағишлайди. Аммо ҳалқа шаклидаги Ари ва Баа маржон оролларининг пляжлари энг яхшиларидан бири сифатида тан олинган. Fulhadhoo Beach эса Forbes журналига кўра дунёнинг энг яхши 50 та пляжлари рўйхатига киритилган.
Малдив ороллари ҳақидаги энг қизиқарли 5 та факт:
1. Малдив ороллари дунёдаги 100% мусулмон аҳолиси бўлган ягона мамлакатдир
2. Малдив ороллари деярли экваторда жойлашган ва шунинг учун Малдив оролларида ўртача йиллик ҳарорат 25-30 даражани ташкил этади
3. Шаҳарларда оддийгина спиртли ичимликлар дўкони йўқ ва сайёҳларга алкоголли ичимликлар олиб кириш тақиқланади
4. Малдивдаги диққатга сазовор жой - олтин гумбаз билан безатилган Буюк Жума масжиди. Ислом маркази унинг ҳудудида жойлашган. Бу Малдив оролларидаги энг катта масжид
5. «No news, no shoes — Maldives» - шиори ҳақиқаттан ҳам амалда қўлланилади. У эрда поябзал кераксиз ва ортиқча. Шу билан бирга Малдивда умуман янгилик, Газета ва телевизор йўқ.

Каримберди Тўрамурод

103 0 2 15 12

Малдив ороли ҳақида биз билмаган маълумотлар кўп экан.
* Мальдив билан танишинг!
Мальдив Республикаси – бу 100 фоиз исломий давлат
Малдив – аҳолиси 100% мусулмон бўлган дунёдаги ягона давлат!
Малдив – дунёдаги энг катта “маржон” давлат.
Пойтахти – Мале.
Халқаро аэропорти ҳам Маледа, аммо бошқа оролда!
Аҳолиси – 400.000 (Самарқанд шаҳри аҳолисидан кам!)
Тили – малдив тили, ҳиндларникига ўхшаб кетади.
Ёзуви – малдивча, аммо ҳарфлари араб ҳарфларидан ясалган.
Малдив – ўзларининг тилида маржон ороллари дегани!
ИМалдив – қадимда “Юз минг ороллар мамлакати” деган мамлакат таркибига кирган. Бугун Малдивда 1200 та орол бор!
Тасаввур қилинг, 1000 та оролга ҳали одам оёғи етмаган! (Оёғи етгандир, аммо ўзлаштирилмаган! У оролларда нималар борлигини ҳеч ким билмайди! Ким билади, балки сув девлари ёки одамхўр қабилалар бордир...)
Тасаввур қилинг, Ҳинд уммони ичидаги шу оролларга ҳам араблар келган, Исломни жорий қилган, сиз яхши биладиган сайёҳ Ибн Батут ҳам бу ерга келиб, 1344 йилда бу мамлакатда бир ярим йил қозилик ҳам қилган!
16-асрда Малдив ороллари учун португаллар ва голландлар урушиб, анча йиллар жангу-жадаллар бўлган. 1558 йилда португалия ўз ҳукмронлигини ўрнатиб, Малдивда гарнизон ташкил қилган. 15 йил ўтиб, Муҳаммад Тоҳур ал Аъзам деган ёвқур йигит ўз укалари билан португалларни битта қолдирмай қириб ташлаган. Ана шу кун бугунгача Малдив Миллий куни сифатида байрам қилинади. Бу Пайғамбар алайҳиссалом таваллуд кунларидан 11 кун олдин нишонланади. (Малдив Ислом давлати бўлгани учун ҳижрий қамарий тақвим амал қилинади ва бу кун ўзгариб туради!)
18-асрда денгиз қароқчилари барча оролларни шип-шийдам қилиб кетган.
19-асрда Малдив Буюк Британия вассалига айланган.
1953 йилда 800 йилдан ортиқ амал қилган султонлик тугатилиб, президентлик жорий қилинган. Олдинги султон Муҳаммад Амин биринчи президент бўлган. Бир йилдан кейин халқнинг “Султонлик яхши эди”, деган талаби билан яна султонликка қайтишган ва султонни сайлашган. У Муҳаммад Фарид Диди бўлган.
2013 йилдаги сайловда Абдулла Ямин президентликни қўлга киритган. Аммо мамлакат судьясининг айтишича, овозларнинг катта қисми ўлиб кетган одамларники ва ёш болаларники бўлган! (Тавба, биннималар эсимга тушиб кетади-да...)
Сизларни хафа қиладиган маълумот: аҳоли жон бошига йиллик даромад Ўзбекистон аҳолисиникидан анчагина кўп!
Яна битта ёқимсиз маълумот: 400.000 га етмайдиган аҳолиси бор мамлакатда ЕТТИТА партия бор. Энг қизиғи, еттови бир хил мақсадда эмас! Еттовининг ашуласи бир хил эмас!
Исталган оролни 1-2 соатда айланиб бўласиз.
Мале билан аэропорт жойлашган қўшни оролни кўприк боғлайди ва автобус қатнайди.
Қизиқ факт: Маледа исталган жойга таксида бориш нархи бир хил: 5 доллар!
Кўпчилик билмайдиган қизиқарли факт. Мальдив оролларида ҳақиқатда ҳам Ислом – асосий дин ҳисобланади. Фуқароларга спиртли ичимликларни сотиш ва мамлакатга хорижий давлатлардан олиб кириш қонун даражасида тақиқланган. Меҳмонхоналарда бериладиган егуликлар – ҳалол.
ИҲар бир оролда ҳам меҳмонхона ходимлари, ҳам меҳмонлар учун масжидлар мавжуд. Тўлиқ рифлардан ишланган энг чиройли масжид эса Мале шаҳрида жойлашган.
Битта орол – битта меҳмонхона
Мальдив Республикаси 1196та оролларни ўз ичига оладиган 26та атоллардан иборат. Доимий аҳоли 200 та оролларда яшайди. Тасаввур қилиб кўринг, Мале шаҳри битта оролда, Мале аэропорти эса бошқа оролда жойлашган! Меҳмонхоналар билан худди шундай, битта оролда фақатгина битта меҳмонхона жойлашган. Ҳайратланарли, тўғрими?
Мальдив ороллари – бу бутун йил давомида қулай об-ҳаво ва қуёш дегани
Мальдив оролларида бутун йил давомида қуёш чарақлаб туради, иқлим жуда ёқимли ва қулай, қум эса шу қадар юмшоқки, ушлаганингизда роҳатланасиз. Малдивда ҳаво ҳарорати баъзан энг баланд кўрсатгичга чиқиб, +30 даражагача кўтарилади. Ҳарорат баъзан кескин тушиб, +29 даража бўлади.


Каримберди Турамурод dan repost
Диққат: Ўзбекистонда премьера!
2 дақиқадан сўнг “Бу олис ўн саккиз ёшимда эди” қўшиғига ишланган клип премьераси бошланади!
Баҳодир Мамажонов ижросида!
https://youtube.com/watch?v=75w_Uxr-BHI&si=8KsLllrxswXrlJGn


Клип зўр чиқибди 👇👇👇👇👇


Байрам муборак бўлсин ҳурматли каналимиз йигитлари! 🎉🌹🌹🌹


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Шу постга сал алоқаси бор видео экан. 😊


Битта катта ташкилотда директор ўринбосари бўлиб ишлайдиган одам хўжайинининг уйига бир иш билан борибди.
Мезбон футбол кўриб ўтирган экан.
-- Кел, ўтир ёнимга бирга футбол кўрамиз, иш ҳақида кейин гаплашамиз, -- дебди хўжайини.
-- Хўп хўжайин, айни вақтида келибманда, шу футболни ўтказиб юбормай деб юрувдим, -- дея ялтоқланибди ўринбосар, ўзи умрида футбол кўрмаган, қизиқмаган одам экан.
-- Манчестер сити ўйнаяпти, ўзимизнинг Абдуқодир ўтди-ку Манчестерга, энди шу жамоага мухлислик қиламиз-да а, -- хўжайинининг кайфияти яхши эди.
-- Ҳа, албатта хўжайин, мен ўзи азалдан Манчестерга мухлисман, ҳар бир ўйинини қолдирмай кўраман, -- дея илжайди меҳмон.
Кейин жудаям қизиқиб кўраётган киши бўлиб телевизорга бир оз тикилиб турди.
-- Хўжайин ҳисоб қандай ? Манчестер ютаяптими ёки Ситими? -- деди мезбонга қараб......😄😄😄😄😄




Дунёда ҳар ҳил одамлар бор,  кимнидир кўриб, ақлига,  фаросатига ва илмига қойил қолиб,  суҳбатидан маънавий озуқа олсанг. Бошқа бирини кўриб,
" Э,  сендақа бефаросатни...  " деб кетига бир тепиб юборгинг келади.
Адашмасам бундан тўрт йилча аввал бўлиб ўтган бир кичкина воқеа эсимга тушди.
Москвадан анча олисда бўлган чекка тумандаги бир қурилиш фирмасида ишлайдиган беш олти нафар таниш йигитлар билан тез-тез телефонда хабарлашиб турардик.
Ҳар куни кечқурун ишдан чиқиб овқатланишга ўтирган вақтимизда "имо" дан видеовизов қилади, биттаси гаплашиб бўлиб ўчирса иккинчиси телефон қилади.
Одатий гап сўзлар.
"Чарчамадингизларми? Нима иш қилдингизлар?" ҳол аҳвол сўрашиш.
Аҳволинг яхшими деб ҳар куни уч тўрт йигит  телефон қилиб турса албатта хурсанд бўласан, аммо...  лекин деган жойи борда.
Ҳозир тушунтириб бераман.
Одатдагидек кечқурун видеовизовдан телефон бўлди, буниси учинчи йигит бугуннинг ҳисобидан.
-- Алоо, ассалом алекум ақа яхшимисиз? Боймисиз бу оламда, нима янғилиқлай? Не ғаплай?-- дея доимгидек ҳол сўраб бошлади укача.
-- Ваалейкум ассалом, шукр борман борман бу оламда.
Ўзларинг яхшимисизлар?
Ишлар бўлаяптими?
-- А, жуйиппиз ишшлаб.
Ҳозий овқатланиб олдиқда, ақамга бий телефон қиб ҳол сўйаб қўяй девдимда.
-- Сал олдинроқ, ёки сал кейинроқ телефон қилсанг бўлмасмиди?--  дегандим.
-- Неға ақа безовта қилдимми?,-- деди у ҳайрон бўлиб.
-- Гапиришга қийналиб кетаяпсан-да, э... ана оғзингдан носинг оқиб кетди, турее, туфлаб келее бепарасат,-- дея телефонни ўчириб қўйдим.
Сал туриб яна телефон қилди.
-- Э, мени эшит гапирмай тур,-- дедим унга сўз бермай.
-- Сендан сал аввал Тулкибой телефон қилганди, ундан олдинроқ Тешавой қилганди.
Хуллас ҳар куни телефон қилсанглар оғзиларингда нос.
Мен тушунмайман ҳеч, нос билан менинг нима боғлиқ жойим бор?
-- Тушунмадим ака, носга алоқангиз бор дедимми мен?
-- Бир саволимга жавоб берингларда.
Нос чексаларинг мен эсларингга келаманми? Ёки мени эсласаларинг нос чеккиларинг келадими?
Қачон телефон қилсаларинг оғзиларингда нос, шу савилни нон ўрнида е менга демаса, сенга чекма деб хўжайин бўла олмайман.
Фақат менга оғзиларингда нос йўқ вақти телефон қилинглар.
Чеккадан ўзларингга қаранглар қандай хунук кўринади, мендан ҳол аҳвол сўрамасанглар ҳам майли ҳафа бўлмайман.
--  Ака, энди хурмат қилиб телефон қиламизда,-- дейди иршайиб.
-- Нос чаксанглар хурмат қилгиларинг келиб кетадими?
Ҳафа бўлмасин деб, тўрт беш кун индамадим.
Хуллас гап бундай, шерикларингга ҳам айтиб қўй, оғзиларинг тоза вақти телефон қилинглар қанча бўлса гаплашамиз,-- дедим.
Жим бўлиб кетишди, ҳар кунги видеовизов ҳам йўқ.
Қутулдим-ей, дедим.
Ҳафа бўлишибди-да йигитлар деб ўйладим.
Орадан уч тўрт кун ўтиб биттаси телефон қилиб қолди.
Таниш рақамни кўриб, шерикларимга;
--  Уч кундан бери нос чекмаган шекилли, ҳозир кадисини қўлига олган вақти аниқ мен эсига тушиб кетдим,-- дедим кулиб.
-- Ассалому алайкум ака,-- дейди.
-- Ваалейкум ассалом, ана бўлар экан-ку.
Нос чекмаган вақтинг телефон қилдинг, қойил қолдим-ей.
-- Тўғри айтасиз ака, ўша куни роса изза бўлдим.
-- Ҳафа бўлдингми мендан? Телефон қилмай қўйдинг?
-- Йўқ ака, ҳафа бўлмадим. Оғзинг тоза вақти телефон қил дедингиз-ку, эътибор бериб қарасам, оғзим тоза вақт кам экан роса.
Вақт топа олмай қолдим телефон қилишга.
Носни ташламоқчиман,-- дейди.
Шу йигит чиндан ҳам носни ташлаб кетди кейин.

108 0 0 40 16



Кел юлдузлар тўшалган йўлдан,
Етакласин бизни муҳаббат.
Ғамларингни чиқар кўнгилдан,
Шод кунларни эслайлик фақат.

Сайр этайлик, кел, бирга эркам,
Рози кетсин, биздан умрбод.
Шодлик учун яралган олам,
Севмоқ учун берилган ҳаёт.

Эркин Воҳидов


-- У сени бир куни уриб ўлдириб қўяди, ажраш бу маҳлуқдан. Уй сеники, қувиб юбор уни,-- деди синглисига уйига қайтиб келиб.
-- Уч фарзандимни отасиз тирик етим қилайми ака, рўзғоримни қандай тебратаман.
Ичса ҳам, балодай қўлида хунари бор уста, рўзғор камчилигини тўлдириб турибди.
Уриш жанжал қайси оилада бўлмайди, мана жиянларингиз ҳам катта бўлиб қолди, отасига ҳам инсоф бериб қолар, сабр қиламан.
-- Сенга гап таъсир қилмас экан, билганингни қил.
Шу пайтгача қўлимдан келганча қарашдим сизларга, энди ўзимни фарзандларим ҳам катта бўлиб қолди, катта қизим кантракт ўқияпти. Мен сизларга қараша олмай қолсам ҳафа бўлманглар.
-- Ўзимиз бир амаллаймиз ака, сиздан кўнглимиз тўқ розимиз. Шунча қарашдингиз раҳмат сизга.
Кунлар, ойлар, йиллар ўтиб борарди.
Ўша сигирнинг боласи сигир бўлди, рўзғор ками учун сотилиб ҳам кетди.
Мажид ҳамон ўша-ўша.
****
Бора-бора Мажид уйга кам келадиган, ишлаган пулини ичиб тўғри келган жойларда ётиб қоладиган бўлди.
Бир томондан Турдигул калтаклардан қутилди, шунисигаям шукр.
Аммо рўзғор юки эза бошлади.
Мардикор бўлиб ишлади, аммо энди фарзандлар катта бўлаяпти қишлоқда топган бир икки сўм пул рўзғорга етмасди.
Тайинли жойда ишлай деса биронта иш ўрни йўқ.
Бир дугонаси таклифи билан Туркияга кетар бўлди.
Қизлари билан ўғлини онасига ташлаб мусофир юртга ишга кетди.
Бир турк оиласининг икки ёшлик ўғлига энагалик қила бошлади.
Бошида бегона юртларда бир оз қийналди, кейин паст баландни аста-секин ўрганиб ўзини тутиб олди.
Уч тўрт йил ичида эски уйи ёнидан катта қилиб бошқадан уй солди.
Фарзандларининг яхши илм олиши учун барча шарт-шароитларни яратиб берди.
Кейин яна бир икки йил ўтди катта қизи олий ўқув юртига ўқишга кирди.
Турдигулнинг ҳаётида энди ҳаммаси изига тушиб яхшиланиб кетганди, фақат бу вақтда Мажид ўша-ўша ҳолда ичиб қаерлардадир ётиб думалаб юрарди.
Тамом!

Бахтиёр Турсун
29.05.2023


У пайтларда ҳаёт бўлган Турдигулнинг отаси Элибой бобо ҳам, "бу йигитга қизимни бермайман! Дея туриб олди.
Анча шадод бўлган Турдигул, акасига тик боқиб.
-- Нега? Нега сиз билан отам Мажидни ёмон кўрасизлар?-- деди.
Ака-сингил ёши ўртасидаги фарқ атиги уч ёш бўлгани учунми Турдигул акасидан унчалик ҳайиқмас, ўз тенгқуридек кўрарди.
-- Отаси алкаш, бор топганини ичиб кўчаларда думалаб юради.
Олманинг тагига олма тушади, ўша Мажид ҳам тўрт кунда отасидек кўчада кўйда ухлайдиган алкаш бўлади.
-- Мажид отасини ёмон кўради, ўзи бир қултум ҳам ичмайди, отаси сабабми ичкиликдан ҳазар қилади,-- Турдигул яна ўз сўзини ўтказишга харакат қилди.
-- Мен Мажиддан ҳазар қиламан, сенинг бир умр азобда яшашингни истамайман.

Ўшанда не-не ўқиган, қўлида хунари бор эсли хушли йигитлардан совчилар келишди.
Турдигулнинг ақлу хуши фақат Мажидда эди, охири муҳаббат ғалаба қозонди.
Ёз оқшомларининг бирида уларнинг тўйи бўлиб ўтди.
Дўстлари тутган қадаҳни қайтармасдан кўтарган Мажидни кўриб ичида бир нима чирт узилгандек бўлди биринчи марта Турдигулнинг.
Инсон умрида бир марта бўладиган тўйда, хурсандчилик учун бир ичса ичгандир деб ўзини овутди.
Тўйдан кейин бир оз вақт жудаям бахтли яшашди.
Кейин-кейин ичидан чирт узилишлар кўпая бошлади.
Биринчи қизи туғилганда Мажид отаси ортидан қувиб етиш учун йўлга чиқиб қўйган эди.
Турдигул ҳар қанча уринмасин уни бу йўлдан қайтара олмади.
Отаси "ҳозир ҳам кеч эмас қизим ажраш, бу одам бўлмайди" деди.
Онаси "болангни тирик етим қилма, имкон борича тезроқ яна ҳомиладор бўлиб туғиб ол, болани кўпайтир зора фарзандларига меҳри ийиб эринг тўғри йўлга кирса" деб маслаҳат берди.
Турдигул онасининг айтганини қилди.
"Отанга, акангларга айтаман янги қишлоқдан томорқа олиб кичикроқ бўлсада уй солиб беради сизларга, рўзғорларинг алоҳида бўлса рўзғор ташвиши билан бўлиб ичишга вақти бўлмай кетади" деди онаси Турдигул биринчи марта кўзи кўкариб уйига йиғлаб келганда.
Янги қишлоқдан олинган ўн беш сотих томорқа четидан икки хонали уй солиб беришди акалари билан отаси, рўзғори бошқа бўлди.
Уйли бўлган Мажид инсофли бўлмади.
Турдигул ўғил туғиб берди.
Ўғилли бўлган Мажид инсофли бўлмади.
Рўзғорга ёрдам бўлсин деб акаси бозорнинг олди бўлган эна бола сигир олиб келиб берди.
Молли бўлган Мажид инсофли бўлмади.
Энди ичган вақти Турдигулни аямасдан урадиган одат чиқарди.
Калтак аламидан Турдигул ҳам роса саннайдиган бўлди.
-- Алкаш отанг битта чўп олиб бера олгани йўқ, ўзинг уйга бир дона шифер ололганинг йўқ, зўр бўлишингга ўлайми сени,-- каби сўзлар билан эрини чақиб-чақиб олади.
-- Отанг қуриб берган уйни ёқаман,-- деб эшик ромларини синдириб чиқади.
-- Аканг олиб келган сигирни сўяман,-- деб катта пичоқни кўтариб молхона томонга чопди бир куни, яхшиям қўшнилар келиб қолиб тўхтатишди.
Энди ҳар ичиб келиб жанжал бошлаган куни, Турдигул уч боласини ва сигирини боласи билан етаклаб онасиникига кетади, бир кун туриб қайтади.
Ҳар кўчадан сигир етаклаб ўтганида, Адолат момонинг невараси уйига чопади, "Мажид алкаш яна ичибди, Турдигул аммамни яна урибди" дея.
Адолат момо неччи марта "шўрлик Турдигул, деди экан ўзи ҳам саноғидан адашган.
Мажидга инсоф беришини Аллоҳдан сўрайди.
Сўнгги вақтларда эна бола сигирлар ҳам билиб қолишди, кўчадан гандираклаб келаётган Мажидни кўрса, меҳмондорчиликка кетишга тайёрлана бошлайди.
****
Онаси билан синглиси ва жиянлари уйга кириб кетгач Тоштемир секин бориб машинасини ўт олдирди ва янги қишлоқ томон йўл олди.
Мажид ётган хонага кириб келган вақти атрофга қараб бўлмасди.
Чойнак пиёла синиқлари оёқ остида сочилиб ётибди.
Деразанинг пастки кўзлари синган.
Осмонга қараб хуррак отиб ётган куёвини ёқасидан олиб турғазишга уриниб кўрди, ўликдек ётибди ҳеч нарсани билмайди.
Жаҳл устида қорнига тўрт беш марта тепди.
Оғриқан ғужанак бўлиб қолган Мажидни кетига яна бир икки тепди-ю, ташқарига чиқиб кетди.


Сабоқ

Ҳовлида ўйнаб юрган жажжи Севинч, катта кўчада кетаётган аёлни ва ёш болаларини кўриб уйга қараб югурди.
Эшикдан кирар-кирмас, муҳим маълумотни етказиш учун шошиб келган аскардек тез-тез гапира бошлади.
-- Момо, момо Турдигул аммам яна уйига кетаяпти.
-- Ҳай болам-а, яна бошладингми шпионликни? Сен ўйинингни ўйна, аралашма катталарнинг ишига, бор ўйна!, -- шундай дея Адолат момо қўлидаги игна-ипини идишига солиб жойидан турди, айвондан чиқиб катта кўча томонга қаради.
Кўчанинг нариги томонида кетаётган аёл, ўнг қўлида етти саккиз ойликлар чамаси ўғлини кўтариб, чап қўлида арқон билан шоҳидан боғланган сигирини етаклаб олган.
Саккиз, ўн ёшлардаги қизи бузоқча етаклаб кетаяпти, беш ёшли ўртанча қизи қўлида чивиқ сигир билан бузоқ ортидан кетиб бораяпти.
"Хах бечора, шўрпешона Турдигул а, сен шўрликка ҳам кун чиқармикан" хаёлидан ўтказди момо.
-- Нима гап эна?-- ошхона томондан келининг овози келди.
-- Анави ичкиликка бўкиб ўлгур Мажид яна ичиб келиб жанжал қилган шекилли, шўрлик Турдигул бор бойлигини олиб доимгидек отасиникига кетаяпти,-- деди момо.
****
Доим аҳвол шу, Мажид қаердандир ичиб маст бўлиб келади ва уйида жанжал қилади.
Мажид ичган куни уйда синмаган чинни идиш товоқ қолмайди.
Мажид ичган куни, уйнинг деразаларида бутун ойна қолмайди.
Мажид ичган куни Турдигулнинг иккала кўзи кўкармасдан қолмайди.
Мажиднинг девникидек гавдаси бор, унинг хўккиздек кучи бор, шу гавдасига, шу кучига яраша юраги йўқ, доим кўчада ўзидан анча ёш кичиклардан ҳам калтак еб юради, аламини Турдигулдан олади, кучи хотинига етади.
Ичган вақти Мажид учун енг яхши юмшоқ кўрпа тўшак тупроқ, ёки тош кўчалар, ҳар жойда думалаб ётиб қолиб юради.
****
Қизи билан неваралари ва эна бола сигирнинг дарвозадан кириб келаётганини кўрган Ойниса момонинг ичидан зил кетди.
"Яна жанжал бўлибди" деган сўз хаёлидан ўтди.
Томорқасига экилган пиёзни бегона ўтлардан тозалаб ўтирган жойидан инқиллаб турди, қўлидаги пичоқчасини ерга ташлади. Қўлига ёпишган нам тупроқни кетказиш учун иккала қўлини бир-бирига ишқалади, ўт ўланлардан қўлига юқиб қолган яшил ранг ва бир оз ёқимсиз ҳид бу ишқалашларга кетмайди албатта.
Неваралари момоси томонга югуришди.
-- Қачон тиниб-тинчиб кетаркансизлар а, болам а, болам,-- қизининг афти ангорини кўриб момонинг кўзларида ёш ғилтиллади.
Ҳовлидаги шовқинни эшитиб ичкари уйдан Турдигулнинг акаси Тоштемир чиқиб келди.
-- Яна урдими мараз? Ўтган сафар қасам ичган эди, "ака энди синглингизни урсам қўлим синсин" деганди, ҳозир бориб қўлини синдираман!!!-- дея дарвоза ёнида турган машина томонга юрди у.
-- Йўқ ака, жон ака борманг, уриб ўлдириб қўясиз уни, кейин қамалиб кетасиз. Борманг ака,-- Турдигул зор қақшаб акасининг қўлига осилди.
-- Элу-юртга шармандаям қилдиларинг, ажраш ўша алкаш билан.
Хўп, ўзинг кепсан, болаларингни олибсан, манави эна бола сигирга бало борми, нега ҳар сафар аразлаб келсанг етаклаб келасан.
Қўй, турсин уйингда. Барибир бизларга қулоқ солмай эртага қайтиб кетасан, сигир билан боласини нега аввора қиласан,-- деди Тоштемир сал ҳовуридан тушгач.
-- Куёвингизни биласиз-ку, ичган вақти кўзига ҳеч нарса кўринмайди, сигирни ташлаб келсам сотиб ичиб қўяди.
-- Э, ўша куёвниям... Бир куни аниқ уриб ўлдириб қўяман уни.
Бошида айтгандим-а сенга!!! минг марта айтгандим қулоқ солмадинг!
-- Илтимос ака яна ўша эски гапни такрорламанг, пешонамда шу бор эканда чидайман энди.
****
Турдигул айни мактабни битирар чоғида синфдош қизлар ичида энг чиройлиси эди.
Минг ошиғи ичидан шу Мажидга кўнгил берди.
Мажид узун бўйли, елкалари кенг девқомат келишган йигит эди.
Қоп-қора сочлари қалин, қошлари бир бирига туташиб кетган юзлари буғдойранг бу йигитга зимдан ошиқ бўлган қизлар ҳам кўп эди.
Хуллас Мажид биланТурдигул Лайли- Мажнун бўлишди.
Мактабни тугатиб сўнгги имтихонлар тамом бўлиши билан ўзининг қишлоғи-ю, қўшни қишлоқлардан Турдигулга тинмай совчилар кела бошлади.
Севгилисидан айрилиб қолишдан қўрққан Мажид ҳам ўз совчиларини юборди.
-- Агар шу йигитдан яна совчилар келса, уриб оёғини синдираман ўша совчиси- ю, юборгани билан қўшиб!-- деганди ўшанда Тоштемир.


💥Бугун 9 январ - Усталар куни!

Қандай ишда бўлса ҳам, ўз ишининг устаси бўлган барча инсонларни ушбу кун билан табриклаймиз! 🎉


Японияда биргина мактаб ўқувчиси учун темир йўл бекати уч йил ишлади

2013 йилда темир йўл бошқармаси йўловчи бўлмагани учун бир бекатни ёпишга қарор қилади. Аммо бир қизалоқ бу бекат орқали мактабга қатнаётгани маълум бўлди. Маҳаллий ҳокимият эса қизнинг таълим олиш учун бу кимсасиз бекат фаолиятини давом эттиришга қарор қилди.

Шу давр мобайнида поезд Хоккайдо оролининг Кю-Ширатаки бекатига кунига икки марта – биргина шу қизалоқ учун тўхтаб ўтадиган бўлди. Поезднинг тўхташ вақти эса қизнинг мактабга бориш ва қайтиш вақтига қараб белгиланди.

Биргина шу қизалоқ учун бекат ҳар йили таъмирланар, қишда эса платформа қордан тозаланар эди. 2016 йилда қиз мактабни тугатди ва бекат ҳам ёпилди.


2008-йилларда уйимизга яқин бўлган омборхонада ишлардим, қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган минерал ўғитлар сақланадиган жой.
Октябрь, ноябрь ойларида Навоий азот заводидан олиб келинган минерал ўғитлар февраль ойи бошидан ғаллани озиқлантириш учун фермерларга тарқитиларди.
Баландлиги саккиз метргача қилиб тахлаб ташланган қопларни юк машиналарга, трактор тиркамаларига ортиб пул ишлардик.
Селитра дейиладиган минерал ўғит асосан оқ рангли қопларда бўлар, ора-орасида баъзи вақтларда қизғиш рангли, ёки очиқ кўк рангли қоплар ҳам учраб қоларди.
Туман агрохимиясида ишлайдиган бир ходим омборхонага тез-тез келиб турар, бу аканинг феълида озгина хазилкашлик ва қитмирлик бор эди.
Бахор фасли бошланиш арафасида, далада ишлар қизғин, омборхонада ҳам ўғит тарқатиш бошланган, туман бўйича барча фермерлар шу жойдан ўғит олиб кетишади.
Омборхонада одам тўла, юк машиналар-у, тракторлар дарвоза ёнида навбат талашган.
Ҳалиги қитмир ака шу жойда бир иш қилди.
-- Мана шу тепада алоҳида кўриниб турган қизил қопларни кўраяпсизларми? -- деди бақириб, навбат талашиб ичкарига кириб олган, тезроқ ўзларига кераклича бўлган ўғитни техникаларига юклатиш билан аввора бўлганлар унга қарашди.
-- Ана шу қизил рангли ўғит мана бу оқ рангли ўғитга қараганда икки баравар кучли, каллаларинг ишласа шу қопдан олинглар, -- деди у ўзига қараб турганларга.
Ана энди кўринг-да бетартибликни.
Ҳамма тепага ўрмалаб бошлади, менга шу қизил қопдан керак дейишади ҳаммаси.
-- Акалар ҳали у қизил қопларга етиб боргунча анча бор, бир бошидан олишимиз керак, қизилми, кўкми, оқми ҳаммаси бир ҳил, фарқи фақат қоплар рангида, -- деганимизга қулоқ солмайди ҳеч ким.
Бир қоп ўғитни юклаш учун эллик сўмдан олардик.
-- Ука менга мана шу қизил қоплардан икки юз дона машинамга ортиб беринглар, донасига юз сўмдан бераман, -- дея чўнтагимга пул солаяпти кап-катта бир киши, туманимизнинг энг кўзга кўринган фермерларидан бири бу одам.
Минерал ўғитлар борасида озгина бўлсада илми бор беш олти фермерлар сал нарида ўтириб қотиб кулаяпти тепага ўрмалаб чиқиб қизил қоп судраб юрганлар устидан.
Илмсиз оломон шунақа бўларкан, ким нима деса ишониб кетаверади, ўзи ўйлаб тафаккур қилиб кўрмайди.
Ўша қитмир ака шу соҳанинг одами бўлгани учун унинг сўзи улар учун рост.
Шунинг учун илмсиз ҳалқни бошқариш осон, ким нима деса ишониб кетавераркан.


Одам учта нарсанинг қадрини доим кечикиб билади. Ёшлик. Соғлиқ. Тинчлик. 

Дўстни хўрлаш — гуноҳ. Умр йўлдошини хўрлаш юз ҳисса гуноҳ. Ота-онани хўрлаш минг ҳисса гуноҳ. Гўдакни хўрлаш - чексиз гуноҳ.... Иш кўплиги-ю, вақт йўқлигидан нолиманг. Вақт кўплиги-ю, иш йўқлигидан қўрқинг. Одамни абгор қиладиган нарса бекорчилик. Ҳатто булбул ҳам бола очганидан кейин сайрашни бас қилиб, полапонларига емиш ташийди. Эрталаб турганингда, кундузи юрганингда, кечаси ухлаганингда ҳеч қаеринг оғримаса, шунинг ўзи бахт! Ақл билан мансабга эришиш мумкин. Мансаб билан ақлга эришиб бўлмайди. Дунёда мукаммал нарса йўқ. Ҳатто Муҳаббат деб аталмиш олий туйғуда ҳам адолатсизлик бор. Ким қаттикроқ севса, ўша кўпроқ изтироб чекади. Инсоннинг баҳоси бу дунёда ўзи олгани билан эмас, ўзидан қолгани билан белгиланади.

Ўткир Ҳошимов.

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.