Голливуд киноларининг кўпида шундай саҳна бор: энг зўр меҳмонхоналарда муаллиф ўз китобини тақдимот қилади. Дастхат беради, китобларини сотади. Менга шундай саҳналар жуда ёқарди.
Ҳозир Ҳилтондаман. “Янги аср авлоди”,
Book.uz “Акс” лойиҳасида янги китоблар тақдимоти бўляпти. Худога шукр, китоб ёзганлар саҳнага кўтариладиган замонга етиб келяпмиз:
Рахшона Аҳмедованинг “Тонготар”и, Шаҳзод Шомансуровнинг “Кунгабоқар”и, Тилланисонинг “Шакл”и, Гулноз Мўминованинг “Ҳаво”си, Нодирабегим Иброҳимова(Аниф)нинг “Оқдан қизилга”си, Алишер Файзуллаевнинг “Аждар сайёраси”.
Одам кўп, бўш жой қолмаганиям хурсанд қилади одамни.
Курсдошим Рахшонани илк романи билан табриклайман. Ҳозирча унинг “Тонготар”ида 40-саҳифасига келдим.
Нодирабегимни эса кўпроқ таржимон, ёзувчи сифатида билардим. Уни илк марта шоира сифатида бугун кўряпман. Айтишича, 2 йил бўлибди Аниф бўлиб ёзаётганига. Анонимлик эркинлик берди дейди.
Шаҳзод Шомансуров эса аслида фотограф, кўп саёҳат қилади; айтишларича, ўзбек ҳикоянавислигига кино элементларини олиб кираётган экан. Ҳозирча унинг “Кунгабоқар”и энг кўп сотилаётган экан.
Тилланисо эса “Шакл”да ўзбекнинг ёшлари ҳақида ёзибди. Қаҳрамон ўзига шакл, йўл қидиради.
Алишер Файзуллаев оғирроқ ёзади дейишди. Худога аён, нега ундай, менинг қўлимдан келгани шу деди тақдимотда.
Дизайнер Бобур эса шундай деди: ҳамманинг битта китоьи чиққан бўлса, менинг 6 та китобим чиқди.
Жуда ҳавас қилдим ҳаммаларига! Китоб ёзадиганлар ҳам китоб ўқийдиганлар ҳам кўп бўлсин!
Шаҳриёрнинг монологи зўр. Усмон Азим, Баҳром Пиримқуловга тегишли матн.
Дам олиш кунлари яхши бошланди!