Sakiyna dan repost
#Ҳикоя
Олим бўлиш учун Бир ўсмир йигит олимдан сўради:
@Sakiyna_official | 👈
Олим бўлиш учун Бир ўсмир йигит олимдан сўради:
— Устоз, сиздай донишманд бўлиш учун нима қилишим керак?
Донишманд жавоб бермади. Ўспирин унинг ортидан бир неча кун тинимсиз эргашиб юрди, саволини такрорлайверди. Ниҳоят олим унга «Ортимдан юр!» деган ишора берди-да, дарёга бошлаб борди. Сувга тушишди. Шу пайт донишманд ўсмирнинг елкасидан қаттиқ тутиб, сувга ботирди. Бола бечора қутилишга минг чиранмасин, уддасидан чиқолмади. Озроқ вақт ўтгач, олим уни қўйиб юборди. Ўсмир ўпкасини тўлдириб-тўлдириб нафас олди, бироздан сўнг сал ўзига келди. Шунда устоз сўради:
— Ўғлим, сувда димиқиб турган пайтинг энг кўп истаган нарсанг нима бўлди?
— Ҳаво! Фақат ҳаво олишни хоҳладим! — деди ўспирин энтикиб.
— Унинг ўрнига бойликми, кўнгил очишми, куч-қудрат ё севги-муҳаббатми истамадингми? — деб сўради донишманд.
— Асло! Нафасим тугаб, бўғриқиб кетдим, фақат ҳаво олишнигина истадим, — деди ўсмир шоша-пиша.
— Олим бўлиш учун, бўталоғим, — деб сўзида давом этди устоз, — худди ана шундай хоҳиш керак. Сен бошқа мақсадларни четга суриб, фақат шу йўлда ҳаракат қилишинг лозим. Бу мақсад кечаю кундуз хаёлингни банд этиши зарур. Агар олимликка шундай ғайрат билан интиладиган бўлсанг, ниятингга албатта етишасан
@Sakiyna_official | 👈