Меҳнат таътили - нима у, ейдиган нарсами?Яқинда бир антиқа савол бериб қолишди:
— Хусусий фирмада ишлайдиганлар ҳам меҳнат таътилига чиқса бўладими?
— Ия, албатта. Чиқса бўладими эмас, чиқиши шарт!
— Агар ходимнинг меҳнат шартномасида таътил берилмаслиги ёзилган бўлсачи?
— Фарқи йўқ. Меҳнат шартномасида ёзилганми, ёзилмаганми, барибир ходимга меҳнат таътили берилиши шарт. Чунки Меҳнат кодексининг 5-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлари ҳақиқий эмас, деб топилади. Демак, Сиз айтган меҳнат шартномасининг ўша банди ҳам ҳақиқий эмас.
Шундай жавоб бердиму, ўзим ҳам қизиқсиниб сўрадим:
— Нима, бирорта фирмада ҳақиқатдан шунақа ёзишганми меҳнат шартномада?
— Ҳа, шунақа ёзилган. Битта хусусий корхонага ишга кирувдим, таътил сўрасам, Сизга берилмайди, дейишди. Нимага берилмайди, десам, меҳнат шартномангизда шунақа ёзилган, имзо қўйгансиз дейишди. Қарасам, ҳақиқатдан меҳнат шартномамда меҳнат таътили деган жойига “0” (ноль) ёзилган экан, бунисига қарамаган эканман. Сизни айтганларингизни тушундим, кадрга айтиб кўраман.
Х У Л О С А :1) Бир нарсани унутманг, ҳар бир ходим, у қаерда, ким бўлиб ишлашидан қатъи назар,
ҳар йили меҳнат таътилига чиқиши шарт! Бу давлат иши бўладими, хусусий секторми, умуман фарқи йўқ.
2) Меҳнат таътилининг муддати Ўзбекистон қонунчилиги бўйича йилига
камида 15 кун этиб белгиланган. Бу дегани, у директор бўладими, энг кичик лавозимда ишлайдиган оддий ходим бўладими, фарқи йўқ, камида 15 кун меҳнат таътилига чиқиши, жайдари тилда айтганда
одамга ўхшаб дам олиши керак.
3) Меҳнат таътилининг минимуми 15 кун бўлса, максимуми ҳам бор –
48 кун. Яъни ходимга ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътили 48 кундан кўпроқ берилиши мумкин эмас.
4) Қонунларда меҳнат таътили қайси лавозимдаги ходимга неча кун берилиши ёзилмаган, бу нарса ҳар бир ташкилотнинг ўзида жамоа шартномаси ёки бошқа ички ҳужжати билан белгиланади. Масалан, ҳайдовчи лавозимидаги ходим қайсидир корхонада 20 кун, бошқа ташкилотда 23 кун таътилга чиқиши мумкин.
5) Таътилдан чақириб олишга
фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Аммо минг афсуски, бизда қоғозда таътилга чиқадию, лекин амалда ҳар куни ишга чақиришади. Аслида бу мутлақо мумкин эмас.
6) Йиллар давомида на қоғозда, на амалда таътилга чиқмаганлар борку, бу мумкинми? Йўқ, мумкин эмас. Меҳнат таътили иш йили тугашидан олдин албатта берилиши керак. Уни кейинги йилга қолдириш учун албатта аниқ асос бўлиши шарт. Кейинги йилга қолдирилган тақдирда ҳам, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозим.
Бироқ бутун республика текшириб чиқилса, ўн минглаб ходимларга меҳнат таътили берилмагани аниқланишига ишонаман. Ваколатли органлар ҳар бир ташкилотни текшириб, ходимларга ўз вақтида меҳнат таътили берилмагани учун иш берувчини жавобгарликка тортишга ҳақли. Аммо камдан-кам бундай қилишади.
P.S.: Ҳатто машина ёки бирор техникани ҳам узлуксиз, дам бермасдан ишлатсангиз тезда ишдан чиқади. Ходимлар эса робот эмас, улар тирик жон. Одамни қадрлаш керак. Хулоса ўзингиздан.👉
@xushnudbek 👈