КЕЧИККАН ЙЎЛОВЧИ


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, Ruscha
Toifa: Bloglar


Шеърлар, фикрлар, иқтибослар...
Кайфиятга қараб яна нималардир...
@dadaxon_m

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, Ruscha
Toifa
Bloglar
Statistika
Postlar filtri




ҚАРЗ

Бундан 4-5 йиллар олдин устоз Усмон Азим бир гап айтди: “Фақат телевидение деб юраверманг энди. Бош муҳаррир бўлсангиз нима? Илмий ишни қилинг!” Шу билан “хаёл бўлинди”, ният туғилди.

Уч йил – битта диссертация учун етарли вақт. Аксарият ижтимоий тармоқлардан узилиб, давралар ва улфатчиликларни кескин камайтириб, қўшимча ишларга чалғимасдан устозингни ёнида ўтириб ишласанг – чиндан ҳам вақтни етказса бўлади. Биз шундай қилдик.

Устозим, илмий раҳбарим Санобар Тўлаганова билан диссертация устида ишлаш жараёнида, таҳллиларнинг ўзини таҳлил қилишда илмнинг нима эканлигини бироз бўлсада тушундим. Мен бир нималар ёзиб келаман – бирга таҳлил қиламиз. Назарий фикрлар, шеър таҳллилари, баъзан битта сўзнинг устида бир неча соатлаб қолиб кетамиз. Диссертацияда ҳам шундай: битта сўзнинг таҳлили саҳифалардан ошиб кетган ўринлар бор. Устоз билан уч йил битта хонада ўтириб диссертация устида ишлаш, назарий машғулотлар, телеграмдаги янги ёки баҳсталаб фикрлар юзасидан савол-жавоблар, йўл-йўлакай суҳбатлар – буларнинг барчаси дарс, қайтариб бўлмайдиган қарз...

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти. Катта-катта олимлар, улуғ устозлар, қадрдонлар, дўстлар... Уч йилда таянч докторантурада кўрганларимнинг ҳаммаси – тажриба. Ҳар қандай ҳолатдан ўрганганларим, хулосаларим бор. Бунинг учун барча устозларга раҳмат айтаман!

Худо юзимизни ёруғ қилсин!

@dadaxonmuhammadiy


Мансурни соғинди одам.
Худди узоқроқ сафарда юрган ё каттароқ бирор нима ёзиш учун кўринмай кетганга ўхшайди. Эрта-индин қайтиб келадигандай...
Баъзан ким биландир ҳамма нарса ҳақида гаплашгинг келади. Мансур шундай йигит эди. Оғир, сокин, мулоҳазали, илмли...

МАНЗИЛ

Мансур Жумаевга

Йўқ, бу – дунё эмас, бу асли рўё,
Заррача дардингдан қилмайди халос.
Карвонлар адашган, йўллар зим-зиё
Кўнгилда ўлимтик илинж бор, холос.

Йўқ, бу – қуёш эмас, бу ўтли кўзёш,
Бир томчи нур тилаб энтикади жон.
Адолат сўрайсан – эримайди тош,
Томирингда қайнаб қотиб қолган қон.

Йўқ, бу – ёмғир эмас, бу аччиқ тақдир,
Бир ожиз кўнгилни ўртаган алам.
Очилмоқдан қўрқиб ўлаётган сир,
Бир томчи кўз ёшга кўмилган олам.

Йўқ, бу – севги эмас, шунчаки сезги,
Мудом тортаверар бир ёввойи ҳирс.
Юрагингда бўшлиқ, юзингда кулги,
Руҳсиз вужудингни тарк этар бир ҳис.

Йўқ, бу – ўлим эмас, бу менинг йўлим,
Сочиб юборилган минг битта имкон.
Биргина манзилга етмаган умрим,
Томоғимда титраб сўнаётган жон...

©️Дадахон

@dadaxonmuhammadiy


***

Нур тугайди қайсидир жойда,
Қаердадир булутлар қат-қат.
Манзиллар ҳам унут бўлару
Сенга борар йўл қолар фақат.

Қачонлардир тўхтайди тақвим,
Чиқилламай қолар соат ҳам.
Вақтнинг қадри йўқолган кунда
Ёлғиз Сендан кутаман малҳам.

Бўғилади бўғзимда ҳаво,
Вужуд – руҳни чўлғаган қафас.
Лаҳзаларни ортга қайтариб,
Бир Сен сабаб оламан нафас

Дунё унут бўлади бир кун
Хотиралар ўчади сим-сим.
Фақат Сени ёдимда сақлаб,
Ҳузурингга бораман, Тангрим.

©️Дадахон

@dadaxonmuhammadiy


КЕЧИККАН ЙЎЛОВЧИ dan repost
***
Қайта туғилгиси келар одамнинг,
Баъзан шу келади хаёл-ҳушингга.
Тартибни бузмоқчи бўласан гоҳи,
Учиб ҳам кўрасан гоҳи тушингда.

Кейин сўроқларни ҳайдайсан қувиб,
Шу тахлит осмонга узатасан қўл.
Бир йўл кўринади "борса-қайтмас"дай,
Энг сўнгги чорадай кўринар бу йўл.

Аммо ҳаммасидан кечган лаҳзада,
Бир хаёл эргашар қўлингдан тутиб.
Ана шу хаёл деб кетмаслик мумкин,
Ўлмай туриш мумкин кимнидир кутиб.

Борлиги қанчалар гўзалдир унинг,
Ва буни ҳис қилиш нақадар лаззат.
Кечасан, кетасан, етасан, аммо –
Биргина ишқ учун яшамоқ шарт!
Шарт!

©️Дадахон Муҳаммадиев

@dadaxonmuhammadiy


КЕЧИККАН ЙЎЛОВЧИ dan repost
#kayfiyat

***
Ой, бағрингни очма ҳеч тунга,
Нурлар сочма зулматни ёриб.
Фақат кутгин, бииир замон ўзим
Тўкиламан пойингга бориб.

Ўртамизда милён йиллик йўл,
Сен - етишиб бўлмас бир чирой.
Ер бағрига кетиш йўқ лекин,
Ой юзингни бир кўрмасам, Ой!

@dadaxonmuhammadiy


Бугунги Навоий таваллудига бағишланган жонли эфирдан.




СЎЗ МУЛКИНИНГ СУЛТОНИ

Жаннат эшиклари кўп,
Бир-бир ўқийман номин:
«Бу ерда олим яшар»,
«Бу ерда яшар мўмин».

Титраб кетдим ногаҳон,
Кўзларим тушган они.
Бир эшикда ёзилмиш:
«Сўз мулкининг султони».

Сездим – ушбу даргоҳдан
Келар жаннат нафаси.
Салом бериб юзланди
Менга эшик оғаси.

Деди: мен билгум сизни –
Ёмон ашъор битмассиз.
Фақат бир айбингиз бор,
Навоийни билмассиз.

Гарчи ростгўй эрурсиз,
Гарчи туркий эрурсиз.
Бу эшикдан Ҳазратни
Англаганда кирурсиз.

Аввало, дўст тутининг
Қалам бирла хат билан.
Яна қанча ўқийсиз
«Хамса»ни луғат билан.

Ўрганмайсиз минг ҳунар,
Қамишдан боғлаб белни.
Кўрмагансиз ўзга юрт,
Билмайсиз ўзга тилни.

Етти водий кезмайсиз,
Дилга қилмайсиз сафар.
Юрибсиз ўттиз ёшда
«Қуш тили»дан бехабар.

Фарҳод бўлиб келмассиз,
Мажнун бўлиб севмассиз.
Каъбанинг чин манзилин,
Нечун ҳамон билмассиз.

Бу ўгитларимни – шеър,
Ёки қўшиқ деб билинг.
Ҳазратнинг ҳар байтини
Ўша эшик деб билинг.

Ўнг бўлдими ёки туш,
Шундан бери бошқаман.
Навоийга кўз эмас,
Кўнглим билан боқаман.

Насиб бўлса, англарман,
Очилур қалбим кўзи.
Бир кун эшик қоқарман,
Очар Ҳазратнинг Ўзи...

© Бобур ЭЛМУРОД

@dadaxonmuhammadiy


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
"Atay poyezdiga kechikkan odam..."

@dadaxonmuhammadiy


***
Қалам титраб-титраб ёзишдан тонди,
Қоғоз маҳтал бўлди сўзга, севгига.
Тақдирнинг битиги тўхтаб қолгандай
Бир дунё туйғулар қолди беэга.

Қалам ўзни-ўзи синдирди уриб,
Бир ғазаб, бир алам чиқди синиқдан.
Хотира оғирлик қилди ёзмоққа
Фурсат ўтиб бўлган, сувлар тиниққан.

Қалам бир аҳволда ётди чўп бўлиб,
Айб этдим, пойига юзимни босдим.
Сўнг унинг бағрини тилиб, титратиб,
Исмингни ёздим...

© Дадахон

@dadaxonmuhammadiy


КУТИШ

Январь кетиб борар йўқлик қаърига,
Умр тўхтаб қолган - вақт ўтар нотинч.
Синиб, синавериб ўлмаган, аммо -
Қишнинг қуёшидай сўниқ бир илинж.

Азизам, бу юртда қиш ҳам қиш эмас,
Январ охирлайди, сенингсиз тағин.
Февраль умид берар, келмоғинг чиндай,
Демакки, баҳорга яқинмиз, яқин...

©️ Дадахон

@dadaxonmuhammadiy


***

Мени қутқар.
Бир чиркин ҳаётдан, гўзал ёлғондан,
Ҳар кеча дайдиган бир телба руҳман.
Кўнгил кенгликларга сиғмаган, аммо
Фақат сен биласан – мен асли йўқман.

Йўқман.
Вужудим – Худонинг бир омонати,
Омонат шаҳватлар ичра саросар.
Ва сенга боғланган яна бир ип бор,
Жоним узилганда беради хабар.

Хабар бер.
Қандай яшаш мумкин, ишқсиз ва сенсиз,
Ҳар куни бир лаззат келар бостириб.
Ўттизга кирганда йўқотганим сен,
Топганим ҳам ўзинг ўттизга кириб.

Ўттиз.
Тақвим айланади қайта ва қайта,
Саргардон, бемажол ва дайди умр.
Мен ўзимга келиб олгунимча то
Ўлик шеър чиқади руҳимдан бир-бир.

Ўлик шеър.
Бир кабир, бир мағрур даъводан баланд,
Ҳаёт – моҳиятни қолмаган сақлаб.
Қутқар мени бундай чиркин ҳаётдан
Ё мени рад қилгин кўзимга қараб.

Рад қилгин.
Бир замон топталган имконлар ҳаққи,
Оёқости бўлган ишқ ҳаққин тўлдир.
Ё мени қутқаргин баридан кечиб
Ёки кел, пойингга бош қўяй, ўлдир.

©️Дадахон

@dadaxonmuhammadiy


Эски шеърлардан

ЧЕГАРА

Яна кўчангизга боряпман, мана,
Орадан шунча вақт кетса ҳам ўтиб.
Сизга борар йўлда, светофорнинг
Яшил чироғини турибман кутиб.

Кўришмадик, мана, минг йил бўлибди,
Ҳар бир сонияси – яна миллион йил.
Учиб бораяпман, бир лаҳза қолди,
Светофор чироғи ҳалиям қизил.

Ўша таниш кўча, ҳаммаси таниш,
Ўша қари чинор, ўша арғимчоқ.
Кўзимни юмиб ҳам ўтаман бундан,
Фақат бир лаҳзага имиллар чироқ.

Энди дийдор яқин, муҳаббат яқин,
Бир лаҳзадан кейин бошланар висол.
Юрагим уришдан тўхтайди ҳозир,
Қани яшил чироқ, бўлгин, ёнақол!..

Ахир, бу дамларни кутдим миллион йил,
Ғурурим устимдан кулиб юрибди.
Бугун журъатимни енгдим-у, бироқ,
Ҳамон қизил чироқ ёниб турибди.

©️Дадахон.
2008.

@dadaxonmuhammadiy


Усмон Азим ижоди dan repost
Сен ҳам кетсанг, ҳеч нима қолмайди –
Фақат арзимас бир дунё!..

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


Манзил.

✍️Дадахон Муҳаммадиев.

🎤Хасанова Н.


✍️ Дадахон Муҳаммадиев.

🎤Хасанова Н.


✍️ Дадахон Муҳаммадиев.


***

Мен кетдим,
Бошимда тумонат савол.
Сен қолдинг
Эшигинг қия очилиб.
Энди бу ерларнинг борлиги хаёл,
Энди бу кўнгилнинг эшиги қулф.

Остона қолади юраги синиқ,
Автолар кезади шаҳарни шаддод.
Ёмғирга айланиб кетар хўрсиниқ,
Ойнага урилар саволлар бот-бот.

Тамаки тутуни тутади танни,
Таъқиқ чироғини ёқар светофор.
Мунғайиб шарпалар кезар туманни,
Гуё бу айрилиқ ҳар кеча такрор.

Метрода шивирлар дастаклар секин,
Поезд жим қўзғалар, кўпчийди миш-миш.
“Аслида севармиш, кўнмасмиш лекин”
“Қайсидир ҳамкасбнинг кимидир эмиш...”

Йўлак,
Гавжум кўча,
Бетартиб дунё,
Нигоҳларда чарчоқ, мудроқ, совуқлик.
Зинадан отилиб чиқасан, гўё
Юрагингни ҳамма кўриб тургандек.

Руҳсиз бир учрашув,
Қайтиш, кутиш, жим,
Бахтиқаро хона кузатар зимдан.
Билмайман, кимдандир шеър ўқиб бердим,
Рауф Парфиданми, Усмон Азимдан.

Сўнг умид узилар, изҳорлар тиниб,
Минг йил ўтган каби эврилар олам.
Мағрурликнинг оддий, сўнгсиз ўйини –
Кутавериб қайтиб кетётган одам.

Ташлаб кетдим сени, ўзимни шундай,
Таъналар, маъзурлар, ҳукмлар тинди.
Мен тентиб, довдираб дайдиган тунда
Мени деб йиғлади қайдадир кимдир...

©️Дадахон

@dadaxonmuhammadiy


Бугун элнинг улуғ шоири Хуршид Даврон туғилган кун.
Устознинг шу улуғ ёшдаги шижоати унча-мунча ёшларда йўқ. Адабиёт, тарих, китобхонлик борасидаги ишларига, таржималарига, Хуршид Даврон тимсолидаги замонавий дунё одамига доим ҳавас қиламиз.

* * *

Сенинг ишинг умр кечирмоқ,
Менинг ишим сени кечирмоқ.

Сенинг ишинг қафас ясамоқ,
Менинг ишим эрк деб яшамоқ.

Сенинг ишинг қонунлар тузмоқ,
Менинг ишим уларни бузмоқ.

Сен қафасга қушни соларсан,
Соларсан-да, лаззат оларсан.

Мен қушларни озод қиларман
Ва ўзим ҳам озод бўларман…

©️Хуршид Даврон

@dadaxonmuhammadiy

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.