***
Агарда келмасам белгиланган кун,
Қовоғинг учмаса мени деб бир вақт.
Бир ёмон хабарни етказсалар ҳам,
Мени деб йиғлама, йиғлама фақат.
Ва ёки кўзимда кўрмасанг кулгу,
Оёғим остида тўшалса тикан.
Ё бир тошга келиб қоқилсам, билки –
Кимдир мени эслаб, йиғлаб, қарғаган.
Бир куни осмонга кетаман, дея,
Парчаланиб кетсам суяк-суякдан
Учиб кўрсаммикан, деган телба ўй,
Айириб ташлаган бўлар юракдан.
Ҳавода муаллақ учган бир пат ҳам
Қарғиш теккан жойга қайтиб келмайди.
Пешонамга битган энг олий жазо –
Ҳамма жойда борман, ҳеч ким билмайди...
Сен эса бепарво яшайсан, гуё
Дадахон деган сўз бўлмаган ҳеч вақт.
Юрагингда қийғос гуллайди бирдан
Муҳаббатдан устун, юксак ҳақиқат.
Излайсан, қумсайсан ва кутасан жим,
Авф эта бошлайсан дунёни бутун.
Қарғиш теккан жойга қайтмайман, билгин,
Агарда келмасам белгиланган кун...
©️
Дадахон@dadaxonmuhammadiy