Миллионлаб ўзбекистонликларга тааллуқли талаблар ХДФУ мақомида яширилмаслиги керак
Кеча тармоқлар “битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача карта” талаблари ХДФУ мақомида тижорат банкларига юборилганидан ва банклар талабларнинг ижро учун қабул қилганидан хабар топди. Талабларнинг тўлиқ мазмуни ва мундарижаси маълум эмас. Фақат узуқ-юлуқ очиқламаларда
карталарда
12 ой давомида ҳеч қандай амалиёт бажарилмаган бўлса, ушбу карталар блокланиши айтилмоқда. Қонунга кўра, эълон қилинмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида ҳуқуқлар чекланиши мумкин эмас. Вақтинчалик дейилаётган, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмаган талаб айнан мижозларнинг ҳуқуқларини чеклайди, яна орқа сана билан.
Афсуски, расмий ва норасмий мулоқотларда кўтарилган
муаммолар талабларда қанчалик ўрин топган, биз билмаймиз.
Энг ёмони, Марказий банк
талаблар тўлиқ тайёр бўлгандан кейин журналистлар ва кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилишини
ваъда қилганига қарамай, амалда ғирт тескари иш тутган.
Марказий банк учун жамият билан коммуникация ва ўзаро ишонч ҳаддан зиёд муҳим аҳамиятга эга. Марказий банк масалан, Энергетика вазирлиги эмас, сўзда, амалда ва ҳаракатда турлича иш тутадиган, бугунги ваъдасини эртага унутадиган, иррационаллигини янги иррационаллик билан хаспўшлайдиган.
Шунинг учун, вақтинчалик дейилаётган (лекин доимийга айланадиган), ХДФУ мақомидаги яширин ва ойболта тартибнинг бекор қилиниши адолатли иш бўлади. Тартиб жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши, таклиф ва эътирозлар эшитилиши ва шундан кейингина, очиқ кўринишда қабул қилиниши лозим.Зеро,
“Жамият қабул қилмаган қарор бу нотўғри қарор”.