☑️
Партиямиз аҳолининг муаммоларини ўрганишда янгича ёндашувларни амалга оширади ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши мажлисида партия ташаббуси билан ўтказиб келинаётган инсон манфаатларига хизмат қиладиган амалий лойиҳалар, ташаббуслар, акцияларнинг натижадорлиги таҳлил қилинди. Хусусан, “Инсон ҳаёти – бебаҳо неъмат, у барча нарсадан устун” тамойили асосида республика бўйлаб “Огоҳ бўлинг, ис гази!” акцияси ўтказилди. Партия инсонларга амалий кўмак берадиган бу каби ўндан ортиқ амалий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Йиғилишда мазкур лойиҳаларнинг самарадорлигини янада ошириш борасида вазифалар белгилаб олинди.
Мажлисимизда шу йил давомида давлатимиз раҳбари томонидан муҳим йўналишларда белгилаб берилган вазифалар ижросида партиянинг иштироки билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари коррупцияга қарши курашиш учун 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурди. Улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилади. Коррупцияга қарши курашишда парламент, Миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли оширилади. Бу жараёнда партиямиз ва фракциямиз янада кўпроқ ва масъулият билан ишлаши талаб этилади. Мазкур белгилаб берилган барча ташаббуслари асосида партиямизнинг узоқ муддатли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Жойларда партиямиз қуйи бўғинларидан тортиб, Қонунчилик палатасидаги фракциясигача – барча вакилларимиз фаол иш олиб боришади.
Йиғилишида Давлатимиз раҳбарининг кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан соҳанинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш ва ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган учрашувида белгиланган долзарб масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – бу бизнинг стратегик йўлимиз экани таъкидланиб, тадбиркорликни жадал ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодий қудрати ва халқимиз фаровон ҳаётининг кафолати экани қайд этилди. Сиёсий Кенгаш аъзолари давлатимиз раҳбарининг соҳа ривожидаги ташаббуслари партиямиз сайловолди дастуридаги вазифаларга уйғун ва ҳамоҳанг эканини қайд этишди.
Йиғилишда Президентимизнинг жорий йил 14 февраль куни ёшлар билан видеоселектор шаклида бўлган учрашувининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида ҳам фикр алмашилди. Давлатимиз раҳбарининг ёшлар учун манфаатли иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини молиялаштиришга кўмаклашиш йўналишида тизимли иш олиб бориш, ёшлар бандлиги ва ишбилармонлигини фаол қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш учун микромолиялаш хизматларини кенгайтириш каби йўналишларда илгари сурган таклиф-ташаббуслар ижросида фаол иштирок этиши таъкидланди.
Шунингдек, Президентимизнинг “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросида партиянинг иштироки билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
@a_xaitov