☑️
Давлатимиз раҳбарининг белгилаб берган вазифалар ижросида партиямиз ва фракциямиз фаол иш олиб борадиЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Қўшма мажлисда давлатимиз раҳбари раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Президентимиз ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кираётган ҳозирги вақтда юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича ишларга баҳо бериб, келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олиш зарурлигини таъкидлади. Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов коррупция эканлигини, бу иллат халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказиши, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланишини алоҳида қайд этди.
Давлатимиз раҳбари парламентда коррупцияга қарши курашишга масъул қўмиталар маҳаллагача тушиб, ҳар бир жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини аниқлаб, туман, вилоят прокурорлари ва ички ишлар бошлиқларини олдига аниқ вазифа қўйса, бу борада яхши тажриба бўлишини қайд этди. Шунингдек, Бош прокурор ва ички ишлар вазири ҳар чоракда Миллий кенгаш олдида, вилоят, туман прокурорлари ва ички ишлар бошлиқлари эса ҳар ойда ҳудудий кенгашларда ҳисобот бериши ва жамоатчиликка мурожаат билан чиқиши кераклиги қайд этилди.
Бундан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳар бир соҳада коррупцияга барҳам бериш бўйича таклифлар бериб бориши коррупцияга қарши курашиш натижадорлигини янада оширишига ишонч билдирди. Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркибини тўлиқ янгилаш, уларга раис этиб вилоят халқ депутатлари кенгаши раисларини тайинлаш таклифи ҳам зиммамиздаги масъулиятни оширади.
Давлатимиз раҳбари 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурди. Улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилади. Коррупцияга қарши курашишда парламент, Миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли оширилади. Бу жараёнда партиямиз ва фракциямиз янада кўпроқ ва масъулият билан ишлаши талаб этилади.
Қўшма мажлисда Президентимизнинг белгилаб берган барча ташаббуслари асосида партиямизнинг узоқ муддатли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Жойларда партиямиз қуйи бўғинларидан тортиб, Қонунчилик палатасидаги фракциясигача – барча вакилларимиз фаол иш олиб боришади.
@a_xaitov