Яхшилик қилиш инсонни ҳар қандай ёмонликдан сақлайдиБисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймБир қиз қуйидагиларни ҳикоя қилади:
“Бир йигит менга уйланиш учун совчи бўлиб келди ва унинг менга уйланиши учун қўйган ягона шарти онасига ғамхўрлик қилишим эди. У мендан бундан ортиқ ҳеч нима талаб қилмаслигини, фақат ишга кетган вақтида ўн йилдан бери ўринга михланиб қолган онасини парвариш қилиб турса шунинг ўзи кифоя эканлигини айтди.
У яна қўшимча қилиб:
— “Бу сенинг зиммангдаги мажбурият эмас, балки инсонпарварлик асосида ва менга итоат қилган ҳолда қиладиган ишларинг бўлади”, деди.
“Мен кўп ўйладим ва ҳатто иккиландим. Ахир, бу одамга хотин эмас, хизматчи керак эканда”, дедим.
Ниҳоят отам билан маслаҳатлашдим. У менинг фикрларимни эшитиб кўриб, бундай деди:
— Қизим, бу сенинг ҳаётинг, менинг унга аралашишга ҳаққим йўқ. Аммо менинг маслаҳатимни сўраганинг учун айтаман: “Яхшилик қилиш инсонни ҳар қандай ёмонликдан сақлайди”, деган гап бор. Онасига бундай ғамхўрлик қиладиган одам сенга ҳам ҳеч қачон ёмонлик қилмайди. Агар у сени яхши кўрса, сени иззат-икром қилади, ёқтирмаса ҳам ҳурматни сақлайди. Агар унинг онасига ғамхўрлик қилишга қодир бўлсанг, рози бўл. Аммо бу ишда шайтон қалбингга ёмонлик солиши мумкинлигини ҳис қилсанг, “йўқ” дегин.
Мен рози бўлдим ва биз турмуш қурдик. Тўйдан кейинги биринчи кечамизда у мени онасининг хонасига олиб кирди. Хонага кириб ҳайратга тушдим! Онасининг хонаси жаннатдай покиза ва чиройли эди. Унинг уйини бошқа жойлар билан солиштирганда, бу хона алоҳида меҳр билан безатилганди.
У онасининг ёнига борди ва елкасини енгилгина қоқиб:
— Онажон, мен сизга ваъда қилган совғани олиб келдим. Менинг хотинимни кўришни хоҳлайсизми? — деди.
Онаси кўзларини очиб, аввал ўғлига, кейин эса менга нигоҳ ташлади. Онажонимнинг қарашлари оғриққа тўла, аммо юзларида ҳузнли табассум бор эди. Ўша лаҳзани сўз билан ифода этишнинг иложи йўқ. Онаси бундай деди:
— Қизим, туйингиз муборак бўлсин. Сизга меҳрибон фарзанд беришини ва ўғлимга муносиб жуфт бўлишингизни Аллоҳдан сўрайман.
Онаси шу гапларни айтиб кўзларидан ёш тўкканда, у:
— Онажон, йиғламанг, деб кўз ёшларини оҳиста артиб қўйди.
Мен эса онажонининг қўли ва пешонасини ўпиб:
— Омин, онажон, — дедим.
Шундан кейин бу уйдаги кунларим барча нарсадан ҳайрон қолиш билан ўтди. У онасига ўз қўли билан ғамхўрлик қиларди: юз-қўлларини ювиш, сочларини ювиб-тараш ҳам унинг одатий ишларидан эди. Онажониси қийналиб қолмаслиги учун махсус юмшоқ тароқ олиб келганида, унинг ўз онасига бўлган меҳрига янада ҳайратландим.
У онасининг саломатлигига ҳеч қачон эътиборсизлик қилмасди. Ҳар кеча камида уч марта уйғониб онасини у ёнбошидан, бу ёнбошига айлантириб, ёнбошларида яралар пайдо бўлмаслигига ишонч ҳосил қиларди.
Мен бу инсоннинг онасига бўлган муҳаббатини яхши кўриб қолдим. Мендан талаб қилинган ягона вазифа — онажонига овқат бериб, дори-дармонларини ичириб туриш эди.
Мен ўғил кўрганимда, боламни онажонисининг қучоғига қўйдим ва: дуо қилинг, набирангиз ҳам ўғлингиздек ота-онасига меҳрли бўлишини истайман, дедим.
Онажоним бундай жавоб берди:
— Қизим, менинг ўғлим Аллоҳнинг менга берган неъмати. Сен ҳам доимо Аллоҳдан унинг тарбиясида ёрдам сўраб дуо қилгин.
Эримнинг ҳаёти тўла-тўкис яхшилик, барака ва онасига бўлган беқиёс меҳр эди. Бир кун ҳам унга норозилик билдирганини кўрмадим.
Ёшлар учун ибрат олишга арзийдиган бу одам —
шайх доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий эди.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВДўстларингизга ҳам улашинг:https://t.me/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA