САЛОМАТЛИК КЎЗГУСИ
ҲОЛСИЗЛИКНИНГ САБАБИ НИМАДА?
Доимий кучсизлик, руҳсизлик кайфиятида бўлиш, ҳолсизланишни одатда чарчоқдан деб биламиз. Аммо бунинг сабаби бошқа нарсада бўлиши мумкин.
Эҳтимол, сизнинг кучсизлигингизга аёлларда кенг тарқалган бузилишларнинг бири — темир моддаси танқислиги сабаб юзага келувчи камқонлик сабабдир. Темир моддасининг етишмаслиги мунтазам қон йўқотиш (хайз даврида), темир моддасининг яхши ўзлаштирилмаслиги, унинг ташқаридан керакли миқдорда организмга тушмаслиги (масалан, нотўғри овқатланганда ёки парҳезга берилиб кетганда) сабаб пайдо бўлиши мумкин. Темир моддасининг етишмаслиги сабаб қондаги гемоглобин даражаси тушади, эритроцитлар кислородни яхши боғлашмайди, тўқималар яхши “нафас ололмайди”. Шундан кучсизлик ва ланжлик ҳолати пайдо бўлади.
Ортиқча бўлиши ҳам хавфли
Агар ўзингизда камқонлик белгиларини сезсангиз, темир моддасини қабул қилишга шошилманг, аввал шифокорга мурожаат қилинг. Биринчидан, бу нафақат камқонлик, балки бошқа касалликларнинг белгиси бўлиши ҳам мумкин. Темир моддасини заруриятсиз қабул қилиш нохуш қўшимча таъсирларга олиб келади. Ортиқча темир миқдори қандли диабет, оғир жигар, юрак касалликлари ва ҳатто онкологияга олиб келиши мумкин.
Темир моддаси етишмаслиги камқонлигининг белгилари
1. Уйқучанлик. Камқонликда саккиз соатли тўлиқ уйқу ҳам тетиклик ҳиссини бермайди.
2. Бош айланиши. Мия кислород етишмаслигига таъсирчан. Шунинг учун камқонлик кўпинча бош айланишига олиб келади.
3. Юракнинг тез уриши. Гемоглобин даражасининг пастлиги юракни тез ишлашга мажбур қилади.
4. Безовта оёқлар синдроми. Бу одамни ҳар доим оёқларини ҳаракатлантиришга мажбурлайди.
5. Чарчоқ. Чарчоқ шунчалар кучли бўладики, инсоннинг ҳатто оддий дўконга чиқиб келишга ҳам ҳоли бўлмайди.
6. Оёқ-қўлларнинг музлаши. Кислород етишмаслиги туфайли тўқималар алмашинув жараёнларини тўлиқ амалга оширолмайди.
Давоми Зуртасвир журналида
@ZORTASVIR_UZ 👈🏻